Яратилаётган имкониятлар келажак авлодни тарбиялашда муҳим қадам

 

Аёл қачон бахтли бўлади, қачонки, оиласи тинч, фарзанди, яқинлари соғ-саломат бўлса, ўзига нисбатан самимий меҳр-муҳаббатни ҳис эта олса...

Шу ўринда бир гап. Келажак тарбиячилари бўлмиш қизларимизнинг соғлиғи, таълим-тарбияси, уларнинг маънавиятли бўлиши ҳақида бугун қайғурмасак, эртага унинг оқибатини ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Халқимизда шундай нақл бор: “Бир йигитни ўқитсак, бир кишини ўқитган бўламиз. Бир аёлни ўқитсак, бутун бир жамиятни ўқитган бўламиз”. Бундан кўриниб турибдики, фарзандлар тарбиясида оналар роли жуда катта. Ҳар қандай буюк кишилар ортида унинг буюк аёллари туради. Бу ҳаётий ҳақиқат.

Биз кўп йиллар давомида хотин-қизларнинг оила ва жамиятда тутган ўрни ҳақида юксак минбарлардан туриб мақтовли гапларни айтдик. Лекин уларнинг ҳақиқий шароитлари, имкониятлари билан камроқ қизиқдик. Кўпинча муаммолардан кўз юмиб ўтилди. Шу боис йиллар давомида йиғилиб бораверди. Бугун эса, шукрки, опа-сингилларимизнинг дилидагилари тилига чиқмоқда.

Албатта, муаммоларни эркин гапириш ва уларни ҳал этиш учун шароит ва имкониятлар яратилаётгани бежиз эмас. Чунки охирги тўрт йилда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми – 17 миллионини ташкил этувчи хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида қаралиб, бу борада шу пайтгача бўлмаган мутлақо янги тизим яратилди.

Хусусан, жамиятда олий маълумотли, билимли хотин-қизлар сафини кенгайтириш мақсадида ҳукуматнинг тегишли қарор ва ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.

Мазкур қарорга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Савол туғилади, хўш бу ўзгартиришлар халқимиз учун қандай қулайликлар ва енгилликлар беради?

Гап шундаки, ўтган ўқув йилида 950 нафар эҳтиёжманд оилалардаги хотин қизлар олий таълимга кирган бўлса, тегишли қарорга асосан 2021/2022 ўқув йилларида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони икки мингта этиб белгиланди. Бундан кўриниб турибдики, эҳтиёжманд оилаларнинг 2000 инг нафар хотин қизлари олий даргоҳларда ўқийди.

Тавсиянома олиш учун талабгор доимий яшаш ёки вақтинча турар жойи бўйича туман (шаҳар), маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига электрон шаклда мурожаат қилишлари имкониятлари яратилди. Бу эса хотин қизларимизнинг ортиқча сарф-харажатлар ва сарсонгарчиликнинг олдини олиши билан бирга, шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Тавсиянома белгиланган мезонларга мос келган эҳтиёжманд оилалардаги барча талабгор хотин-қизларга бир йил муддатда берилиши белгиланди.

Хотин қизларимиз бу имкониятдан бир марта фойдаланиш имкониятига эга бўлади, иккинчи йил ҳужжат топширишда бу имконият берилмайди.

Шунингдек, оиланинг эҳтиёжмандлик даражасини “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг қиз фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар орқали аниқлаш тартиби жорий этилмоқда. Мазкур тизим ҳақиқий эҳтиёжманд оилалардан адолатли рўйхат шаклланишига замин бўлади.

Қизларнинг сифатли таълим олиши, касб эгаллаб, ишли бўлиши учун катта имкониятлар яратилган. Талабаларнинг 48 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Ўтган йили йўлга қўйилган тизимга мувофиқ, 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

Аёлларнинг тадбиркорлиги, ташаббуслари қўллаб-қувватланяпти. Ўтган йили 585 мингга яқин хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган, 36 мингдан ортиқ аёллар касб-ҳунарга ўқитилган.

Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида “Аёллар дафтари” жорий этилди. Ушбу дафтарга, 9 та мезон асосида 433 минг нафар хотин-қиз киритилиб, электрон база шакллантирилди. Бугунги кунгача 80 минг хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилган.

Олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинди. Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади. Бу янги тизим маҳаллий раҳбарлар илгари бундай қилолмасди. Энди имконият бор чунки, туманнинг маҳаллий бюджети ўзида қолади.

Бу яратилаётган янгича тизимнинг тўлақонли шаффоф бўлишини таъминлашда маҳаллий кенгашлар депутатлари, қолаверса қуйи палата депутатларининг ҳам устувор вазифаси саналади. Улар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими фаоллари билан ҳамкорликда хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш ва уларнинг амалий ечимларини топишда ташаббускор бўлишлари шарт.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

 
← Рўйхатга қайтиш