Ўтган ҳафта парламент Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси ҳамкорлигида Халқ таълими вазирлигининг ахбороти эшитилди. Халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларининг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш масаласи бўйича кенг муҳокамалар бўлиб ўтди. Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шербек Бўронов шундай савол билан мурожаат қилди:
— “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарорига мувофиқ, жами 361 та мактабни таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун маблағлар ажратилган. Лекин мактабларни жиҳозлаш масаласи очиқ қоляпти. Шунча мактабни жиҳозлаш қайси манба ҳисобидан амалга оширилади? Маҳаллий бюджетга ишонилса, йил охиригача жиҳоз билан таъминланмайди. Мактабларнинг томини ёпиб, деворларини оқлаш яхши, шу билан бирга, ўқувчилар бевосита билим олиши учун шароит яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Депутатнинг саволига мутасадди вазирликлар вакиллари жавоб берди.
Бобир Эгамов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги департаменти директори:
– Бугунги кунда таълимга, унинг сифатига катта эътибор бериляпти. Мактабларни жиҳозлаш олдинда турган муҳим вазифалардан биридир. Яъни, биринчи навбатда мактабларда 10 йилдан ошган жиҳозларни янгилаш масаласи белгилаб берилган. 2020 йилга нисбатан 2021 йилда 2 баробар кўп маблағлар ажра тиш кўзда тутилган. Бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда жиҳозга эҳтиёжи юқори мактаблар ҳамда жиҳозлар рўйхати шакллантирилган. Зарур маблағлар ажратилиши учун ҳужжат Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Шу нуқтаи назардан “Обод қишлоқ”, “Ободмаҳалла” дастури доирасидаги мактабларни ҳам. Бугунги кунда 361 та мактабдан 31 таси янгидан қурилаётган мактаблар бўлиб, булар 300 миллиард маблағ доирасида жиҳозланиши кўзда тутилган.
Етишмаётган қисми бўйича “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури доирасида Республика бюджетидан 1 триллион маблағ ажратилган. Унинг доирасида 100 дан ошиқ мактабларни таъмирлаш, реконструкция қилиш кўзда тутилган. Лойиҳа ташкилотлари, вилоят ҳокимликларига лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёнида жиҳозларни ҳам назарда тутиш бўйича тегишли тавсиялар берилган. Яроқсиз ҳолга келиб қолган жиҳозларни янгилаш борасида 2022 йил дастури бўйича Молия вазирлиги билан бирга ишлаяпмиз. Кейинги йил учун қанча маблағ, миқдорда лимит ажратилади, жиҳозга яна қанча маблағ йўналтирилади – муҳокама қилиняпти. Халқ таълими вазирлиги тавсиясига кўра, 2022 йилда қайси мактабларни янгидан, қайсиларини реконструкция қилиш масалалари ҳам ўрганиб чиқиляпти. Молия вазирлиги билан бу ишларнинг маблағини шакллантириш жараёни амалга ошириляпти.
Самандар Саъдуллаев, Молия вазирлиги давлат дастурларини ривожлантириш ва молиялаш департаменти директори:
– Ҳозирда мактаблар асосан янги массивлар, янги турар-жойларда қуриб фойдаланишга топширилмоқда. Аввалроқ база қилганимизда, барча мактабларни жиҳозлаш учун 4 триллион, қурилиш ишлари, мукаммал таъмирлаб, реконструкция қилиш учун тахминан 15 триллионга яқин пул кераклиги маълум бўлганди. Энди даромадга қараб харажат қилинади. Мактабларга ҳар йили 2-2,5 триллион сўм ажратиб бориляпти. Бундан ташқари, Президентимизнинг жойларга ташрифлари давомида ажратиладиган маблағларни 100 фоиз деб оладиган бўлсак, 60-65 фоизи биринчи ўринда мактабларга, қолгани боғча, йўлларга ажратиляпти.
2021 йилда мактабларни жиҳозлаш учун 200 миллиард сўм берилганди. Эътироз бўлгандан кейин яна 100 миллиард қўшиб, 300 миллиард бўлди. 2022 йилда бу маблағни икки баробарга ошириш топшириғи берилган. Яъни 600 миллиард сўм ажратиш режалаштирилмоқда. 2022 йил учун маблағларни шакллантириш жараёни кетяпти. Бу назоратдан четда қолмаган соҳа, деб биламан. Ҳозир туман, шаҳар Кенгашлари томонидан 338 та мактабга лойиҳа смета ҳужжатларини қилаётган вақтда имкон қадар жиҳозларни ҳам инобатга олиш бўйича таклиф берилган.
Саволга аниқ жавоб бериш учун Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан бирга ишлаб қайси мактабларда жиҳоз инобатга олинган, қайсиларида инобатга олинмагани ойдинлаштирилади.