Ўзбекистонда таълим тизими тубдан ислоҳ этилмоқда, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Уларнинг катта қисми айнан таълим тизимига ажратиляпти.
Хўш, бу маблағлар қанчалик мақсадли сарфланмоқда? Улар ҳақиқатдан ҳам таъминот учун зарур таълим масканларига йўналтириляптими? Умуман, маблағлар қай даражада манзилига етиб боряпти? Афсуски, ушбу саволларга жавоб изласак, мақсадли сарфланмаётган маблағлар, бунинг ортидан юзага келган муаммолар сув юзасига қалқиб чиқади.
Ўтган ҳафтада Қонунчилик палатасида “Халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларининг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш ҳамда мактабларда мусиқа фанининг ўқитилишини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитишга бағишланган йиғилишда ҳам шу масала атрофлича муҳокама этилган эди.
Депутатлар жойларда соҳада қатор фойдаланилмаган имкониятлар ва ишга солинмаган захиралар мавжудлигини маълум қилишди. Хусусан, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари жойларда мактабларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш, таълим муассасаларининг жорий ва мукаммал таъмирланишига ажратилаётган маблағларнинг манзилли ва мақсадли сарфланишини назорат қилишда парламент ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг иштироки ва ролини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди. Чунки бу борада депутатлик назоратини кучайтириш орқали нафақат жойлардаги ҳақиқий вазият ойдинлашади, балки мутасадди ташкилотларнинг масъулияти ҳам кучаяди.
Олим Равшанов, ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:
– Мамлакатимиз бюджетидан таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда. Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятида сифат ўзгаришлари рўй бермоқда.
Аммо соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Сайлов округларида олиб борган учрашувларимиз давомида айнан шу масалада кўп мурожаатлар бўлади. Айрим ҳудудларда мактабларда шароитлар йўқлигидан ота-оналар норози.
Тўғри, таълимга катта эътибор бериляпти, катта-катта маблағлар йўналтириляпти. Муаммо нимада? Муаммо – улар манзилига етиб бормаяпти, мақсадли сарфланмаяпти. Буни депутатлик назорат орқали тартибга солиш керак, деб ўйлайман.
Фикримча, мактабга оид асосий масалаларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокама этишни тизимли йўлга қўйишимиз керак. Қурилиши ва таъмирланиши, моддий-техника базаси яхшиланиши режалаштирилаётан мактаблар ҳам маҳаллий Кенгашлар сессияси қарорига асосан инвестиция дастурига киритилиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Қайси мактабга қанча маблағ қачон ажратилишини фақат ҳукумат ташкилоти ихтиёри билан ҳал қилиш тўғри бўлмайди.
Чунки масала сессияда кўрилса, шаффофлик ва хабардорлик ошади, мутасадди ташкилотлар, раҳбарларнинг масъулияти, жавобгарлиги кучаяди. Яна бир томони, депутатлар жойларда, айниқса, чекка ҳудудлардаги таълим масканларининг ҳолати, шароитидан яхши хабардор бўлади. Бу асосда таклифлар шаклланади, ўткир муаммолар очиқ-ойдин таҳлил қилинади, дегани. Демак, гап фарзандларимиз таълим-тарбияси ҳақида кетганда, бунга кенг жамоатчиликни ҳам жалб этиш, бу жараёнда халқ вакилларининг иштирокини кучайтириш масаласига жиддий қараш керак.
Матлуба Мустанова, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:
– Ҳаммамиз фарзандларимиз ҳаёти ва эртанги куни ҳақида қайғурамиз. Ҳар бир оила, ҳар бир боланинг, бутун жамиятнинг тақдири эса таълим билан чамбарчас боғлиқ. Аммо очиғини айтиш керак, барча ҳудудларда ҳам таълим масканлари ҳолатлари қониқарли эмас. Ижтимоий тармоқларда қурилганидан буён бирор марта таъмирланмаган, поллари кўчган, шифтлари ёрилган, деворлари тўкилиб тушай деб ётган мактабларнинг фотосуратлари, видеолавҳаларга кўзимиз тушиб қолади.
Мутасаддилар ҳолат ошкор бўлгандан кейингина апил-тапил ана шу мактаб томон чопишади, таъмирлашади. Савол туғилади: мутасаддилар таъмирталаб мактаблар борлигидан фақат ижтимоий тармоқлар орқали хабар топишадими? Уларни талаб даражасига келтириш учун оммага аҳволни очиқлаш керакми? Бу болалар тақдирига бефарқлик ёки хўжакўрсинга ишлаш бўлмайдими?
Мактабларнинг таъмирга қай даражада муҳтожлиги ва уларга ажратилган маблағлар дастлаб халқ депутатлари туман, сўнг вилоят Кенгашида муҳокама қилиниши жуда долзарб, деб ўйлайман. Чунки депутатлар эл орасида, халқ ичида юради. Уларга аҳолидан кўплаб мурожаатлар бўлади. Сайловчилар билан тез-тез мулоқот қилишади. Қайси ҳудудда қандай муаммолар мавжудлиги, қайси таълим маскани қай аҳволда эканидан улар доим хабардор. Шу боис депутатларнинг бу масалага масъулият билан ёндашиши табиий. Биз бу борада фаолликни янада оширишимиз, болажонларнинг яхши таълим олишлари учун яхши шароитлар яратилишига кўмаклашишимиз зарур.
Мактаблар таъмирланиши ҳақидаги масаланинг маҳаллий Кенгаш сессияларида очиқ-ойдин муҳокама этилиши маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва тўғри йўналтирилишига хизмат қилади.
Абдулҳамид Нурматов, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:
– Бугунги ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига, янги авлод кадрларини етиштириш масаласига бориб тақалади. Фарзандларимизнинг болаликдан яхши ўқиши, эзгу мақсадлар сари интилиши биз яратиб бераётган шароитларга боғлиқ. Яхши муҳит, обод масканларда ўқиётган болаларда гўзал орзулар туғилади, мақсадига интилиш ҳисси ортади. Аксинча бўлса-чи? Ғарибона таълим масканлари ўқувчиларнинг руҳиятини туширади, ҳаётга ишончини сусайтиради, ўқитувчиларда ҳам рағбат бўлмайди. Бундай муҳитда таълим олаётган болалардан биз қандай қилиб жамиятга нафи тегадиган кадрлар етишиб чиқишига умид қиламиз? Ҳаёт остонасига эндигина қадам ташлаётган болажонларни дунё ҳақидаги тасаввурларини ғариблаштиришга нима ҳаққимиз бор?
Айтингчи, бирон-бир ҳоким, раҳбар, таълим тизимидаги масъуллар ўз фарзандларини оғир шаритдаги мактабларда ўқитармикан? Асло йўқ. XXI асрда айрим ҳудудларда бўлса ҳам, катта реконструкцияга муҳтож, эътиборсиз қолаётган мактаблар борлигининг ўзи ачинарли. Давлатимиз раҳбари ёшларнинг таълим-тарбиясига катта эътибор қаратаётган бир пайтда ажратилаётган маблағларнинг жойига етиб бормаётгани, мактаблар таъмири айрим лоқайд шахсларга боғлиқ бўлиб қолаётгани мутлақо нотўғри.
Яна бир масала. Кўпчилик мактаблар таъмирланиши "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари билан боғлиқ бўлиб қолаяпти. Агар шундай мактаблар бу дастурга киритилмаган ҳудудларда бўлса йиллар давомида яна таъмирсиз қолиб кетяпти. Фикримча, таъмирлаш ишлари энг чекка ҳудуддаги мактаблардан бошлаб инвестиция дастурига киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аксарият ҳолатларда инвестиция дастурига туман марказида жойлашган, зарурий таъмирга муҳтож бўлмаган мактаблар киритилади. Натижада чекка ва олис ҳудудлардаги таълим масканлари эътибордан четда қолади. Депутатлар бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириб, фарзандларимиз учун ҳавас қилгулик шароитлар яратилиши учун ҳаракат қилиши зарур бўлади.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.