Ер ажратилишида қонунийлик таъминланади

 

Ер бебаҳо хазина. Қанчалик кўп меҳр берса, тилини топса, неъматини аямайди. “Деҳқоннинг нони она сутидек ҳалол” деб бежизга айтишмайдида. Шунинг учун ҳам далада ишлаган одам кам бўлмайди, рўзғорида тўкин-сочинлик, барака бўлади. Ерни эъзозлаган, уни қадрлаб, самарали фойдаланган кишининг оила бюджети мустаҳкам бўлади, бозорларимизда ҳам нарх-наво барқарорлиги таъминланади. Бир нарса аниқки, ер билан ишлашга муҳаббат халқимизнинг қонида бор, ерда ишлаш маданияти бизга ота-боболаримиздан қолган. Фақат кўп минглаб оилаларнинг яратувчанлик иқтидорини юзага чиқариш учун шароит яратиш, бу борада ижтимоий адолат принципларига риоя қилиш ....

Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши айни муддао бўлди. Ерга бўлган муносабат, ҳар қарич ердан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этиш, бунинг учун ерни ҳақиқий эгасига, фидойи деҳқонга бериш муносабатлари бугунги кун ҳолатига жуда мос ҳолат, албатта. Фармон билан ер участкаларини ажратиш масаласи ҳал қилинадиган бўлди. Энг муҳими, энди бу тизим очиқлик ва шаффофликка таянади, ер билан сирлаша оладиган, суяги далада қотган ҳақиқий эгасига берилади.

Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда ер сотиш учун пора олганлар ҳақида тез-тез ўқиб қоляпмиз. Ёки ижро ҳокимияти органлари вакиллари томонидан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун мўлжалланган ерларнинг ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда сотиб юбориш ҳолатларига кўп гувоҳ бўляпмиз. Фармон билан мазкур ҳолатларнинг ҳам олди олинмоқда.

Жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши белгилаб қўйилмоқда. Натижада, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.

Эндиликда кўнгилни хира қиладиган бундай ҳолатга барҳам берилади. Фармон билан ерлар фақат аукцион орқали ижарага берилади ва сотилади. Шу тариқа, адолатли тақсимланади.

Яъни шу йил августдан бошлаб, ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади. Ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади. Шу орқали, тадбиркорликка, деҳқончиликка лаёқатли кишилар учун адолатли тизим, яхшироқ шароит яратилади.

Тўғриси, сайловчилар билан учрашувларда айнан ер масаласи билан боғлиқ кўп мурожаатлар бўлади. Ери олиб қўйилган ёки бошқа шахсга ўтказиб юборилган фермерлар, ер ажратиш бўйича туман ҳокимларидан норози бўлаётган аҳоли, ер масаласида ҳокимиятга кун ора қатнаган, соатлаб, кунлаб ҳокимни кутган одамларимизнинг муаммолари, сарсон-саргардончилиги ечимини топадиган бўлди.

Тўғриси, жойларда бўш турган ерлар ва ресурслар кўп. Улардан оқилона фойдалансак, элимизнинг ризқу-насибаси бунёд этилади. Юртимиздаги иссиқ қуёш тафти, серҳосил ерлар, қон-қонига деҳқончилик сингиб кетган одамларимизнинг бой тажрибаси, халқимизнинг меҳнатсеварлиги билан ернинг ҳар қаричини гуллатиш, катта-катта фойда олиш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг бу борада қабул қилинган муҳим фармони ер ҳар қандай коррупция ҳолатларидан ҳоли тарзда ўзининг ҳақиқий эгасига, ишлайман, яшнатаман, деган фидойи инсонларга етиб бориши учун хизмат қилади, албатта.

Президентимиз қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва хизматларни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда чорва, парранда ва балиқ маҳсулотларини кўпайтириш бўйича вазифалар ижросига бағишлаган видеоселектор йиғилишида айтганидек: “Бу тарихий имконият бўлади. Ерни ҳақиқий эгаси — халққа берамиз. Ишсизлар, кам таъминланганларни агар ҳаётдан умиди бўлиб, ишлайман, муносиб турмушда яшайман, деса уларга имконият яратиб берамиз, ижарага ер берилади, улар шундан ўз оиласини боқади».

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш