Сўнгги вақтда реклама масаласи ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида кўп мунозараларга сабаб бўлаяпти. Яқинда парламент қуйи палатасида янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган. Аммо бу лойиҳа жамоатчиликнинг айрим вакиллари томонидан салбий қабул қилинди.
Амалдаги “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 30 моддадан иборат бўлиб, 1998 йилда қабул қилинган. Қонуннинг мақсад ва вазифалари юридик ва жисмоний шахслар ёки маҳсулотлар тўғрисида ахборот оқимини шакллантириш, тадбиркорлик ва истеъмол маданиятини такомиллаштириш масалаларини ўз ичига олган. Шунингдек, маҳсулотнинг характери, тайёрланиш усули ва жойи, истеъмол хусусиятлари, сифати ва бошқа тавсифлари, уни реализация қилиш шартларига кўра истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотлар реклама воситасида тарқатилишининг олдини олиш мақсадини қамраб олган.
Янги таҳрирдаги қонун билан нималар ўзгаряпти?
Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши амалдаги қонун моддалари умумий тусга эга бўлган, ҳозирги кундаги барча реалликларни қамраб олинмагани, реклама билан боғлиқ муносабатларда кейинги йилларда кўплаб янги шартнома-ҳуқуқий муносабатлар таркиб топгани билан изоҳланди. Шунингдек, реклама соҳасига замонавий ахборот коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши, мазкур соҳани янги босқичга олиб чиқишга туртки бўлаётгани, шундай шароитда мавжуд қонунчилик ҳужжатларини замон талабларига мос равишда ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлаётгани айтилди.
Қонун лойиҳаси билан қонун нормаларини қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилмоқда ва янги тушунчалар қўшилмоқда. Шунингдек, реклама соҳасини тартибга солиш бўйича Ҳукумат ва ваколатли органнинг ҳамда нодавлат ташкилотларнинг ваколатлари, шунингдек, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таҳлил қилиш асослари ва тартиби ўрнатилмоқда. Умуман олганда, реклама бозори иштирокчиларига кенг имкониятлар яратиш борасида муайян муносабатларни тартибга солувчи, чекловчи нормалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация, жумладан, мобиль алоқа тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда. Яъни, мобиль алоқа тармоғи орқали реклама тарқатилишига фақат истеъмолчининг розилиги билан йўл қўйилиши назарда тутиляпти. Битта реклама блокида бир турдаги маҳсулот рекламасини такроран жойлаштириш таъқиқланмоқда. Маълумотли телефон хизматида реклама фақат сўралган маълумот берилгандан кейин тақдим этилиши ва реклама вақти хизмат нархини аниқлашда ҳисобга олинмаслиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, истеъмолчилар ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлиги билан боғлиқ маҳсулотлар (дори, биологик фаол озуқавий қўшимчалар, энергетик ичимликлар, халқ табобати маҳсулотлари, тамаки, чилим, алкоголь маҳсулотлари, пиротехника воситалари, қурол-яроғ) рекламасига қўйиладиган талаблар такомиллаштирилмоқда. Дори воситасини таниқли шахс, тиббиёт ходими ёки ташқи кўриниши шифокорнинг ташқи қиёфасига ўхшаш шахс иштирокида реклама қилиш, шунингдек, алкоголь маҳсулотлари рекламаси таъқиқланмоқда.
Таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини реклама қилиш тартиби ўрнатилмоқда. Хусусан, бундай озиқ-овқат маҳсулотлари зарарсиз ва инсон саломатлиги учун фойдали эканлиги тўғрисида таъкидлаш, рекламада вояга етмаганларга мурожаат қилиш, шунингдек болалар, анимацион персонажлар ва болалар кўрсатувлари қаҳрамонларидан фойдаланиш тақиқланмоқда.
Қонун ҳужжатларини бузганлик учун молиявий санкциялар
Қонун лойиҳаси билан реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар ўрнатилмоқда. Эътибор берсак, бугунги кундаги реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган юридик шахсларга нисбатан таъсир чораси мавжуд эмас. Шунга кўра, лойиҳада бундай ҳаракатлар, жумладан, ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиниши тақиқланган маҳсулотлар тўғрисида реклама тарқатганлик учун БҲМнинг 100 баравари миқдорида молиявий санкция қўллаш назарда тутилмоқда.
Хусусан, қонун лойиҳасида реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Яъни, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун айбдорларга молиявий санкциялар қўлланилиши.
Келтирилишича, реклама фаолияти субъектлари ҳисобланувчи юридик шахсларга қуйидаги ҳолларда ва миқдорда молиявий санкция қўлланилиши таклиф этилмоқда:
- ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиш тақиқланган маҳсулотлар тўғрисида реклама тарқатганлик учун – БҲМнинг 100 баравари;
- нотўғри, ахлоқсиз, қиёсий ёки яширин реклама берганлик, шунингдек, аксилреклама беришдан бош тортганлик учун – БҲМнинг 70 баравари;
- энергетик ичимликлар, алкоголли ичимликлар, тамаки ва никотинли маҳсулотлар, чилим ва электрон сигареталар, пиротехника, қурол ва ҳарбий буюмлар рекламасига қўйилган талабларни, шунингдек, ташқи рекламани жойлаштириш тартибини бузганлик учун – БҲМнинг 50 баравари;
- дори воситалари, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари, шунингдек, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари рекламаси ҳамда вояга етмаганлар билан боғлиқ рекламага қўйилган талабларни бузганлик учун – БҲМнинг 30 баравари.
Қонун лойиҳасидаги айрим чекловлар реклама бозори иштирокчиларини ўйлантирмоқда...
«Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг 18-моддасига кўра, янгиликлар тўғрисидаги ахборот-таҳлилий кўрсатувларда, реклама роликлари ва блокларида, телерадиодастурларнинг анонслари ва блокларида ҳомийлик ва ҳамкорликка йўл қўйилмайди, деган чеклов берилган. Соҳа вакилларини фикрига кўра, агар ушбу норма қабул қилинса, нодавлат телеканаллар йилига миллиардлаб сўм зарар кўради. Камига, солиқлардан шаклланадиган Республика бюджети қисман зарар кўради.
Шу йилнинг 1 июнь куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам расмий баёнот билан чиқди. Унда таъкидланишича, қонун лойиҳасини ҳозирда Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган шаклда қабул қилиш мамлакатнинг бутун медиа бозори молиявий барқарорлигига тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказади ва телерадиоканалларни ўз йиллик даромадидан миллиардлаб сўм йўқотишига олиб келади.
...Хусусан, лойиҳада товарларнинг такрорий рекламасини бир блокда жойлаштиришни таъқиқлаш таклиф қилинмоқда. Бир маҳсулот учун рекламаларни битта реклама блокида жойлаштириш амалиёти бутун дунёда қўлланилади ва кўпинча бу амалиётга йирик халқаро реклама берувчилар (инвесторлар) мурожаат қилишади. Масалан, аксарият компаниялар бутун дунё бўйлаб имиж рекламасини ўтказиш билан бир вақтнинг ўзида алоҳида бозор акцияларини фаоллаштириш учун ҳам реклама тарғиб қилади. Шу ўринда, реклама роликлари, уларнинг моҳияти ва мақсади ҳар хил бўлиши мумкин, аммо маҳсулот бир хил бўлса, маркетинг стратегиясига кўра, уларни битта реклама блокига жойлаш мумкин. Шунингдек, рекламанинг умумий ҳажми бир соатлик эфир вақтининг 15 фоизидан ва кунлик эфир вақтининг 10 фоизидан ошмаслиги кераклигини белгилаш таклиф қилинмоқда. Хорижий амалиётни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, АҚШ, Япония, Жанубий Корея сингари кўплаб мамлакатлар телерадиоканалларида реклама вақтини чеклаш мавжуд эмас. Европа иттифоқи, Марказий Осиё, Индонезия, Озарбайжон, Беларусь каби бир қатор бошқа мамлакатларда реклама телерадиоканаллар кунлик эфир вақтининг 20-25 фоизидан ошмаслиги керак, дейилади.
Айрим фикрларга кўра, қонун лойиҳасининг 18-моддасида баён этилган ушбу чекловлар соҳа ходимлари айтганидек, ОАВ учун ҳам, тадбиркорлик учун ҳам, давлат учун ҳам фойда келтирмайди.
Маълум бўлишича, қонун лойиҳаси парламентда биринчи кўриб чиқилишида 98,4 фоиз депутатлар томонидан маъқулланган.
Хўш, ушбу масала ҳақида парламент депутатлари нима дейди?
Шоҳиста Турғунова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Ҳозирда ижтимоий тармоқларда ушбу қонун лойиҳасининг айрим моддалари тўғрисидаги фикрлар кенг муҳокама этилмоқда, айниқса реклама бозорининг ривожланишига жиддий зарар бериши мумкинлиги айтилмоқда. Бу ҳолат ижобий бўлиб, кучли фуқаролик жамиятининг ажралмас бир бўғинидир. Ҳар қандай қонун лойиҳаси маълум бир тизимнинг манфаатларини кўзлаб эмас, албатта кенг жамоатчиликнинг ана шундай холис баҳолари асосида атрофлича ўрганилиб, қабул қилиниши келажакда қонун нормаларининг тўғри ишлашига хизмат қилади.
"Реклама тўғрисида"ги қонун лойиҳаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Биринчи ўқишда асосан қонун лойиҳасининг концепцияси ва янги таҳрирда қабул қилишнинг зарурати, ушбу лойиҳа қабул қилиниши орқали эришиладиган натижалар муҳокама этилса, иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокамадан сўнг қабул қилинади. Шунинг учун ҳозирда қонун лойиҳасидаги ҳар бир модда бўйича асослантирилган маълумотлар муҳокама этилмоқда. Халқаро тажриба билан бир қаторда, манфаатдор соҳа мутахассисларининг асослантирилган маълумотларига биноан бир қанча моддалар чиқариб ташланмоқда ёки ўзгартириш киритиш жараёнида. Иккинчи ўқишга тақдим этилаётган нормалар ҳамда барча депутатларнинг таклифлари инобатга олингани ёки чиқариб ташлаш сабаблари бўйича қонун лойиҳаси маромига етказилганидан сўнг қўшимча маълумот тақдим этилади.
Дилбар Мамажонова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– “Реклама тўғрисида”ги қонун соҳавий бўлиб, унинг мақсади ҳалол рақобат ва қонун ҳужжатларига риоя этиш тамойилларига асосланган Ўзбекистон реклама бозорини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишдан иборат.
Маълумки, амалдаги қонунда умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжуд. Шунингдек, реклама объектининг хавфсиз бўлишига оид талаблар мавжуд эмас, жумладан, дори воситалари, биологик актив ва озиқ-овқат қўшимчалари, болаларга мўлжалланган озиқ-овқатлар, алкоголли ва энергетик ичимликлар рекламасига нисбатан чекловлар назарда тутилмаган ва рекламани тартибга солувчи қонун ҳужжатларида вояга етмаганларни ҳимоя қилиш масалалари тўлақонли қамраб олинмаган. Шу билан бирга, номувофиқ рекламалар учун қатъий таъсир чоралари белгиланмаган, бу эса, ўз навбатида, аҳолининг оқилона танлови ва истеъмолчилик маданияти ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.
Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасининг 5-моддасида реклама давлат тилида тарқатилиши, 8-моддасида нодавлат-нотижорат ташкилотларининг реклама соҳасидаги иштирокини белгиловчи нормалар киритилиши, 25-моддасида телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан, мобиль алоқа тармоғи орқали реклама тарқатилишига фақат истеъмолчининг розилиги билан йўл қўйилиши, 29-, 32-, 33-, 35-, 37-, 43-моддаларида истеъмолчилар ҳаёти, соғлиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ маҳсулотлар (дори, биологик фаол озуқавий қўшимчалар, энергетик ичимликлар, тамаки, чилим, алкоголь маҳсулотлари, пиротехника воситалари, қурол-яроғ) рекламасига қўйиладиган талаблар такомиллаштирилмоқда.
Қонун лойиҳасининг 18-моддасидаги ахборот-таҳлилий кўрсатувларда, реклама роликлари ва блокларида, телерадиодастурларнинг анонслари ва блокларида ҳомийлик ва ҳамкорликка йўл қўйилмайди, деган нормани, қайта кўриб чиқиш ва умуман бу нормани лойиҳадан чиқариб ташлаш зарур, деб ҳисоблайман.
Лазиза ШЕРОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.