Кутубхона хазинадир

 

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча маданият ва маърифат соҳаларига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишгани телевидение орқали намойиш этилди. Лойиҳалардан бири Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида бунёд этиладиган замонавий кутубхонадир. Тақдимотда айтилишича, бу ерда уч қаватли кутубхона қурилиб, атрофида яшил ҳудуд барпо этилади. Бинонинг биринчи қаватида санъат ва ахборот технологиялари, иккинчи қаватда тарих, филология ва динга тааллуқли, учинчи қаватда ижтимоий фанларга оид адабиётлар жамланади. Кутубхона адабиёт, илм-фан ва санъатнинг турли йўналишларига оид босма ва электрон нашрлар, электрон ҳужжатлар, жами 1,5 миллиондан ортиқ китоблар фондини қамраб олади.

– Кутубхоналар қадим-қадимдан инсонлар учун маънавият ва маърифат ўчоғи бўлиб, инсон зоти доим китобларга интилиб яшаб келган. Ҳар доим кутубхоналар жамият ҳаётининг ажралмас қисми бўлган. Фақат кутубхоналар туфайлигина қадимги қўлёзмалар, босма китоблар, тарихий шахслар ҳақидаги манбалар бизгача етиб келгани ҳеч кимга сир эмас, – деди Шавкат Мирзиёев китобларнинг инсон маънавиятидаги тутган ўрни ҳақида.

Маълумки, кутубхона босма ва айрим қўлёзма асарлардан оммавий фойдаланишни таъминловчи маданий-маърифий ва илмий муассаса ҳисобланади. Бу зиё масканида мунтазам равишда босма асарлар тўплаш, сақлаш, тарғиб қилиш ва китобхонларга етказиш, шунингдек, ахборот-библиография ишлари билан шуғулланади, омманинг маданий савиясини оширишда фаоллик кўрсатилади. Китобхонларга хизмат кўрсатиш кутубхонанинг асосий вазифаси бўлиб, қолган барча фаолиятлар (китоб фондини бутлаш ва уни ташкил этиш, фонд мазмунини ёритиш, уни китобхонларга етказиш кабилар) асосий фаолият учун хизмат килади. Китобхонларга хизмат кўрсатишдан асосий мақсад — уларни ахборот ва адабиётга бўлган талабларини имкон борича тўлиқ қондириш ва адабиёт танлашларига ёрдам беришдан иборат.

Ҳар қандай кутубхонанинг асосий вазифаси китоб фондини жамлаш, жойлаштириш ҳамда китобхонларга хизмат қилишдан иборат. Китоб фондини жамлаш учун кутубхонага керакли нашрлар мунтазам кузатиб борилади, аниқланади ва уларни олиш кутубхона коллектори орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, йирик кутубхоналар босма нашрларнинг тўлиқ ёки қисман назорат нусхасини олиш ҳуқуқига эга, шунингдек, улар учун мамлакат ичида ва чет мамлакатлардан китоблар сотиб олиш имкони яратилади. Хизмат кўрсатиш даражаси кутубхона фондини тўлиқ тўплашга ҳам боғлиқдир.

Шунинг билан бирга, замонавий кутубхоналар биноларининг меъморий ечими ҳам зиё масканининг улуғворлигини оширишда алоҳида аҳамият касб этади. Кутубхона биносининг кўриниши китобхонларни ҳайратга солиши ҳам унинг фаолияти мақсадларига тўла мос бўлиши нур устига нур бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, пойтахтимизда бунёд этиладиган янги кутубхона нафақат замонавийлиги, ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятлари, балки миллий ва илғор меъморчилик ечимлари билан маънавий ҳаётимиздаги муҳим воқеа бўлиши шубҳасиз.

 

Алишер Пардаев,

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси.

 
← Рўйхатга қайтиш