Ер халққа хизмат қилиши керак

 

Бизнинг заминимиздек бебаҳо ер дунёда камдан-кам. Унумдор еримизда етиштирилган ноз-неъматлар бозорларимизга файз, хонадонларимизга барака киритиб турибди. Лекин бизни боқаётган ерга нисбатан муносабат яхши эмас.

Қаричи олтинга тенг еримиздан оқилона фойдаланиш масаласини қўя турайлик, аҳвол шу даражага етиб келдики, ер билан боғлиқ қонунбузарликлар одатий ҳолга айланди.

Президент ер муносабатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишда бу борадаги муаммоларга атрофлича тўхталиб, камчиликларни кескин танқид қилди. Ерни бозор активига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

Кеча соҳага доир муҳим ҳужжат эълон қилинди. Президентнинг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини муболағасиз тарихий, деб аташ мумкин.

Сабаби, ушбу ҳужжат билан мамлакатимизда ерга бўлган муносабатларда буткул янгича тартиб-таомиллар ўрнатилмоқда. Жумладан, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш каби бозор иқтисодиёти таомилларига мос бўлмаган амалиётларни тугатилиб, ерга бўлган ҳуқуқ турлари 6 тадан 3 тага қисқартирилади.

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерларни хусусий секторга фақат аукцион орқали сотиш тартиби киритилиши, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига хусусий мулк сифатида, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ерлар эса ижара ҳуқуқи асосида сотилиши йўлга қўйилиши энг зарур қарордир.

Фармон билан ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартиби жорий этилади, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорлик таъминланади, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқлари кафолатланади, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали у фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритилади.

Яна муҳим бир ўзгариш — туман ҳокимларининг ер ажратиш ва қайтариб олиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколати тўлиқ бекор қилинади. Бу билан ҳозирда тез-тез учраб турган соҳадаги қонунбузарликларга тўсиқ қўйилади. Вилоят ҳокимларининг ер муносабатларига доир барча қарорлари эса адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Фармонга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар эса мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.

Юқоридаги ва фармонда таъкидланган бошқа ўзгаришларга кўра, “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ҳамда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари Ҳукумат томонидан тайёрланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

Ерга доир қонунчилик соҳасидаги юқоридаги каби муҳим ўзгаришлар халқимиз, айниқса, қишлоқ аҳлининг кўп йиллик орзуси амалга ошишига хизмат қилади. Мазкур жараёнда биз халқ вакиллари ҳам фаол иштирок этишимиз, ер майдонларини ажратиш ва фойдаланишда назорат ўрнатишимиз, бу борада қонунчиликка қатъий амал этилишига кафил бўлишимиз керак. Ер — халқ, давлат мулки, унга нисбатан содир этиладиган ҳар қандай қонунбузарликларга нисбатан муросасиз бўлишимиз шарт.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш