Пенсия ва нафақалар энг кам истеъмол харажатларига яқинлашди

 

Яқинда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан яшаш минимуми, яъни ҳаёт кечириш учун зарур бўлган энг кам истеъмол харажатлари эълон қилинди. Шунингдек, маълум қилиндики, бу борадаги ҳисоблаш тажрибасини якунига етказиш мақсадида 2021 йилда Давлат статистика қўмитаси Жаҳон банки билан бирга 10 мингта уй хўжалигида сўровнома ўтказади.

Мазкур сўровномалар натижасидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар минимал истеъмол харажатларни ҳисоблаш методологиясини тасдиқлаш ҳамда уни қайта ҳисобланган миқдорини эълон қилиш кўзда тутилган. Шунга қарамай, пенсия ва нафақаларни дастлабки ҳисоб-китоблар асосида тасдиқланган сумма миқдорига етказиш борасида амалий чора-тадбирлар бошлаб юборилди.

Хусусан, 1 июлдан бошлаб пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори оширилади. Шунингдек, ижтимоий нафақалар учун қўшимча тўловлар жорий этилади. Илк қадам ташланди. Жараён жадаллашиб, ўрганишлар натижасида ҳолат янада ойдинлашиб боради. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурида белгиланган ташаббус бевосита ушбу масалага алоқадор эди. Хўш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиямиздан сайланган депутатлар бу ҳақида қандай фикрда?

 

Фирдавс ШАРИПОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Вазирлик томонидан яшаш учун минимал миқдор эълон қилинди. Шу билан бирга, унинг истеъмол саватчасидан фарқи ҳақида тушунчалар берилди. Эътиборли жиҳати, айнан ушбу қадамлар босқичма-босқич истеъмол саватчаси сари олиб боради.

Бу нима учун керак, деган саволга секин-аста халқимизда тушунча ҳам шаклланиб бормоқда. Тан олиб айтиш лозим, юртимизда белгиланган меъёрдан ҳам камроқ даромад топадиган кишилар бор. Шунингдек, турли нафақа ва пенсияларнинг ҳам миқдори ушбу кўрсаткичдан паст. Уларни минимал харажатларга тенглаштириш борасидаги дастлабки қадам камбағаллик чегарасини аниқлаб олиш бўлса, кейинги босқичда пенсия ва нафақалар миқдори оширилиши кўзда тутилган. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ушбу чора ҳам қўлланилди.

Фармонга кўра, 1 июлдан бошлаб белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдори ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизида қўшимча тўлов жорий этилади. Шу кунгача иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 675 сўм бўлган. Жойларга чиққанимизда аҳолидан турли эътирозлар бўлар эди. Сабаби нарх-навонинг ошиши нафақат озиқ-овқат, балки хизмат кўрсатиш ва дори-дармонга ҳам таъсир кўр сатмоқда. Бу эса қийинчиликларни юзага келтирарди. Эндиликда мазкур тўловлар 400 000 сўмга оширилади.

Эътибор берсангиз, 59 мингдан ортиқ фуқаронинг нафақалари қайта ҳисоблаб чиқилади. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Ушбу пулларни тўлаш учун йил якунига қадар бюджетдан қўшимча равишда 17 миллиард сўм харажат қилиниши белгиланди.

Ўйламанки, бу билан жараён тўхтаб қолмайди. Аҳоли турмуш тарзини яхшилаш борасидаги ишлар такомиллаштириб борилади. Асосийси, ушбу чоралар бироз бўлсада ҳамюртларимиз турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатади. Одамларнинг ижтимоий муҳофазаси таъминланади ва уларда яхшиликка мотивация пайдо бўлади. Охир-оқибат камбағалликдан чиқариш имкони кенгаяди. Ушбу масалада фракция ҳам қатъий принципиал позициясига эга.

 

Дилором ИМОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Жамиятнинг ривожланганлик даражаси одатда кексалар ва болаларнинг аҳволига, уларнинг қандай ўзини ҳис этишига ва қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган барча одамлар тоифасига давлат қай муносабатда бўлишига қараб белгиланади. Ижтимоий заиф кишиларга, яъни кексалар, ногиронлар, ёлғиз, ночор кишилар ва аҳолининг бошқа тоифаларига ёрдам бериш жамиятнинг юксак маънавияти ҳамда маданийлигидан далолат беради.

Хусусан, аҳолининг турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш мақсадида «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони имзоланди. Эътиборлиси, ҳар бир меъёрий ҳужжатда инсон манфаатини кўзловчи вазифалар илгари сурилмоқда.

Куни кеча эълон қилинган фармон билан ёшга доир энг кам пенсия ҳозирги миқдоридан 565 000 сўмгача ошириладиган бўлди. Пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялар ҳам ушбу суммага етказилади.

Маълумки, барча ҳам зарур иш стажига эга бўлолмайди. Оилавий аҳволи ёки саломатлиги боис фаолиятини тўхтатишга мажбур бўладиганлар ҳам оз эмас. Ана шу тоифадаги кишилар, яъни кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга ошириш кўзда тутилган.

Фармонда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчилар ҳам эътиборга олинган. Уларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади ва ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 000 сўмга ошириладиган бўлди. Кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун эса 150 000 сўмдан қўшимча пенсия берилади.

Сўнгги статистикага кўра, юртимизда 687 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 210 мингдан ортиқ боқувчисини йўқотган шахслар рўйхатга олинган. Шу сонларнинг ўзи ҳам фармон ижроси орқали кўплаб инсонларнинг турмуш шароити яхшиланиши учун қўшимча имконият яратилиши ҳамда манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтирилишидан далолат беради.

 

Анвархон ТЕМИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони 3,8 миллион нафарни ташкил этади. 2020 йилда пенсия ва нафақалар учун жами 35,4 триллион тўлов амалга оширилган бўлса, жорий йилда ушбу мақсад учун 36,5 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган.

Албатта, иқтисодиётимизнинг ўсиб бориши аҳолининг, шу жумладан, кекса авлод вакилларининг ҳаёт даражаси ва сифати доимий ошишига асос бўлади. Ёши улуғ инсонларни аниқ мақсадга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларга ижтимоий ва маиший хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайтириляпти.

Фармонга кўра, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчилардан тортиб, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёшга доир пенсияга қадар ҳар бирига алоҳида меъёрлар асосида янги тўловлар жорий этилади. Масалан, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 350 сўмдан 565 000 сўмга оширилди. Асосийси, мазкур сумма доимий бўлмай, ўсиб бориши кўзда тутилган. Нарх-навонинг ўзгариши ҳам бевосита минимал харажатларга таъсир қилади ва бу тўлов миқдорининг қайта кўриб чиқилиши ҳамда оширилишига асос бўлади.

Эътиборга молик жиҳати, фармон билан ҳар бир пенсия ва нафақа миқдорлари суммаси аниқ белгилаб қўйилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш