Сўнгги йилларда ер ресурсларини талон-тарож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш боғлиқ содир этилган коррупция ҳолатлари кўплаб эътирозлар ва муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлиб, ушбу соҳада туб ўзгариш ясаш зарурлигидан далолат бермоқда эди. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг аксарият мурожаатлари ҳам ерни маҳаллий ҳокимият масъул раҳбарлари томонидан ноқонуний тортиб олиниши ҳақида бўлган.
Президентимизнинг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишни тартибга солади.
Фармон билан ҳоким қарорига асосан нодавлат секторга ер ажратиш ҳамда ерларни тўғридан тўғри ва текинга бериш амалиёти бекор қилинади. Жумладан, туман ҳокимларининг ер ажратиш ва қайтариб олиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколати тўлиқ бекор қилинади. Бундан буён ерни хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат ташкилотларига эса доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари қисқартирилди ва бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақлаб қолинади. Шунингдек, ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади. Шу билан бирга, янги тартибга кўра қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида сотилади. Танловга аризаларни қабул қилиш, ерга бўлган талабгор ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва баҳолаш электрон тарзда амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар эса Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига мулк ҳуқуқи асосида, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ерлар эса ижара ҳуқуқи асосида сотилади.
Кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Ер ресурсларини тартибга солиш тўғрисидаги фармон билан соҳага оид кўплаб қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган. Энг муҳими, фармон билан фуқароларимизни йиллар давомида қийнаб келаётган кўплаб муаммолар қонуний асосда ҳал этилади. Фармон ижросини назоратга олишда эса барча даражадаги депутатлик корпуслари ўз фаолликларини кўрсатишади.
Дилбархон Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.