8 июнь куни Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселекторда белгиланган вазифалар, ўша куни қабул қилинган қарорни аҳамиятини кенгроқ тушуниш учун дунё миқёсидаги айрим маълумотларга эътибор қаратмоқ жоиз, деб ўйлайман.
Маълумотларга кўра, Ер юзининг асосий қисми денгиз ва океанлар билан қопланган ва фақатгина умумий майдонининг тахминан 29 фоизи ер фондига тўғри келади. Бунда ишлов бериладиган ер майдонлари бор-йўғи 11, яйлов ва ўтлоқлар тахминан 25, ўрмон ва бутазорлар 31, аҳоли яшайдиган ерлар атиги 2 фоизни ташкил этиб, бошқа барча ер майдонлари кам маҳсулдор ҳудудлар ва тоғлар, доимий музлик қоплаган майдонлар, чўллар, ботқоқликлардан иборат.
Ҳозирги вақтда она сайёрамизда 1,5 миллиард гектар ердан қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун фойдаланилади. Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 6-7 миллион гектар ер экин экишга яроқсиз ҳолга келмоқда. Шунинг баробарида, тупроқ қатлами емирилиши, унумдор ерлар камайиб бориши ҳамда жадаллик билан таназзулга юз тутиши кузатилмоқда.
Инсон – Ер фарзанди, илм-фан қанчалар ривожланиб, коинотни забт этсак ҳам, она заминдан узилиб кета олмаймиз.
Ер ресурсларидан ҳар томонлама оқилона фойдаланмай, тупроқ қатламини турли емирилиш-эрозияланиш ва бошқа салбий таъсирлардан муҳофаза қилиш чораларини кучайтирмай, қишлоқ хўжалиги билан алоқадор бўлган, мақсадли ерларни тежаб-тергаб ишлатиш йўлларини аниқлаш бўйича илмий ишлар натижалари амалиётга татбиқ қилинмаса, инсониятни озиқ-овқат билан таъминлашда дуч келиши аниқ бўлган муаммоларни ҳал этишнинг имкони мавжуд эмас.
Сабаби республикамизнинг 50 фоиздан ортиқ аҳолиси қишлоқ жойларда яшаб, асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Аҳоли билан учрашувларда кўтарилган масалалар, мурожаатларнинг асосий қисми деҳқончилик учун ер ажратишдаги муаммолар, амалдаги тартиб ва қоидаларни турли талқин қилиш оқибатида келиб чиқаётган норозиликлардан иборат эди.
Давлатимиз раҳбарининг кеча матбуотда эълон қилинган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жамиятда ижтимоий адолат мезонларига асосланиб, ўз ерига эга бўлмаган деҳқонлар учун даромад манбаини қонунийлаштиради.
Туман ва шаҳар ҳокимларининг ер ажратиш ва уларни қайтариб олиш билан боғлиқ барча ваколатлари бекор қилиниши эса соҳада тез-тез учраётган коррупция ҳолатларини олдини олишга хизмат қилади.
Жамият ҳаётидаги ҳар қандай янгилик осонлик билан амалга ошмаганидек, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, эртанги кунига ишончини уйғотиш кўзда тутилган ушбу ҳужжат ижросининг жойларда таъминланиши назорати ҳам кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ. Маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар фармон ижросини ўз ҳудудларида тизимли назоратга олсалар, уни қабул қилишдан кўзланган барча мақсадларга эришган бўламиз.
Халқимиз меҳнаткаш, самимий. Агар унга меҳнат қилиши учун шароит, имконият яратсак, бозорларимиз тўкин бўлади. Ёшларимизнинг илм олишлари, ватан равнақи йўлида хизмат қилишларига имкониятлар яратилади.
Мақсуда ВОРИСОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.