Бир гуруҳ сайловчилар депутат Дилбар Мамажоновага ташаккур билдиришди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Мамажонова ҳар доим сайловчилар иссиқ-совуғидан хабардор. Қандайдир иш масаласида қўнғироқ қилсак, кўпинча “Сайловчиларим билан учрашишга келдим”, “Мурожаатни ўрганяпман”, деган жавобни эшитамиз. Опа одамларни ўйлантираётган муаммоларни соатлаб тинг-лайди, ён дафтарига бирма-бир ёзиб олишдан ҳеч чарчамайди. Ҳар доим қандайдир муаммони ечиш, аҳоли мурожаатларини ўрганиш, ҳал этиш ишлари билан елиб, югуриб юради.

Фарғона вилояти Фарғона туманидаги “Новкент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли узоқ йиллардан буён ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммодан қийналиб келарди. Яқинда ушбу муаммо депутат аралашуви билан ҳал этилди.

Маҳалла аҳлининг айтишича, депутатимиз Дилбархон Мамажонованинг саъй-ҳаракатлари натижасида маҳалла ҳудудида иккита тик қудуқ ишга туширилди. Айни кунда аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларнинг илтимосига кўра маҳалладаги Фаробий ва Навқирон кўчалари кесишмасига депутат томонидан кўрилган чоралар туфайли йўл ҳаракатини тартибга солувчи светафор ўрнатилди.

Шунингдек, депутат ташаббуси билан ҳудудлардаги муаммолар ўрганилиб, улар қонун доирасида ҳал этиляпти. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларнинг турмуш шароити ўрганилиб, уларга моддий томондан ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар доимий амалга ошириб келинмоқда.

Бу ишларнинг барчаси фуқаролар ҳаётига қулайлик, хавфсизлик тақдим этмоқда. “Новкент” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан Д. Мамажоновага йўлланган миннатдорчилик хатида: “Сизнинг бевосита кўмагингиз билан қилинган хайрли ишлар келажакда маҳалламиз янада обод ва фаровон бўлишида, аҳолимиз турмуш даражасини кўтаришга ўзининг ижобий натижасини беришига ишонаман”, – дея эътироф этилиб, депутатга ташаккур билдирилган.

– Айтиш керакки, ҳозир депутат ва сайловчилар ўртасида муносабат жараёни ниҳоятда фаоллашган, одамлар билан янада қизғин, янада жўшқин ва самимий суҳбатлар кўпайган, – дейди Дилбар Мамажонова. – Сайлов округидаги фаолиятимиз давомида аҳолининг муаммоларини эшитамиз, баъзилари ўша ернинг ўзида ҳал бўлади. Баъзан ижтимоий масалаларда таклифлар ҳам тушади. Бу орқали аҳолига яқин бўлиб, уларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини ҳал этиш баробарида ҳудудлардаги ҳақиқий вазиятни таҳлил қиламиз, қонунлар ижросини кўриб чиқамиз.

Яна бир томони, парламент одамларга янада яқин бўлиши уларнинг дардини эшитиш баробарида жойлардаги ижро ҳокимиятининг масъулиятини янада оширишга ҳам хизмат қилади. Ҳудудлардаги реал вазиятни ўз кўзи билан кўриб, ҳар бир масалага таҳлилий ёндашса, шунга яраша асосли ва ўткир таклифлар, кескин ва қатъиятли фикрлар, муносабатлар кўпаяди. Демак, сайловчилар билан елкама-елка туришда гап кўп.

 

“Ўзбекистон овози”

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш