Бугун Халқ демократик партиясининг фаол аъзоси, Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳаётхон Ортиқбоева туғилган кунини нишонлаяпти.
Ҳ.Ортиқбоева 1946 йил 10 октябрда Гулистон туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. “Сирдарё ҳақиқати” ҳамда “Гулистон янгиликлари” ‒ “ Гулистанские новости” газеталарида бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир вазифаларида ишлаган.
Ҳаётхон Ортиқбоева таниқли ижодкор. Унинг “Феруза оқшомлар”, “Кўклам эртаклари”, “Ҳумолари қайтган юрт”, “Не бахт бу дийдор”, “Ой қўнган айвон” шеърий тўпламлари чоп этилган.
2004-2009 йилларда Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган, 2009- ва 2014-йилги сайловларда партиямиздан халқ депутатлари Вилоят кенгаши депутатлигига сайланган.
Ҳ.Ортиқбоева 2004 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони, 2008 йил “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.
Партиядошимизга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик ва келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз!
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати