Мамлакатимизнинг барча сиёсий партиялари бўлғуси муҳим сиёсий жараёнларга катта тайёргарликни бошлаб юборган.
Мана шундай масъулиятли дамларда яна партияларни “мудроқлик”да, электорати манфаатларини ҳимоя қила олмасликда айбловчилар ҳам “бош кўтараяпти”.
БЕҚАРОР ОДАМ БАҲСЛАША ОЛМАЙДИ
Бундан ҳам ёмони айрим сиёсий кучларнинг шошқалоқ вакиллари рақибларининг заиф нуқталарини тополмай, майда ва асоссиз масалаларга осилиши кишини ҳайрон қолдиради. “Миллий тикланиш” партиясининг беқарор вакиллари Халқ демократик партиясини танқид қилмоқчи бўлиб, тайинли асос тополмай, компартияни эслашади. Уларнинг собиқ коммунистик партияни эслайверишларидан муддаоси нима? Балки уларнинг ўзлари ўтмишни қўмсашаётгандир.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси собиқ компартиянинг мулкий меросхўри, холос. Бўлди, бошқа ҳеч нарса йўқ. Сиёсий партияни ғоясига, таклиф-ташаббусларига кўра танқид қилган киши билан гаплашиш, баҳслашиш мумкин. Беқарор кимсаларга гапириб, оғиз толдиргандан маъно йўқ.
Тушунмайдиганлар учун биргина мисол: собиқ Совет Иттифоқининг Коммунистик партияси хусусий мулкчиликни рад этган, буткул қарши бўлган. Коммунистик ғояга кўра, ягона умумий (ижтимоий) мулк жамият ижтимоий-иқтисодий тузилишининг асосини ташкил қилади. ЎзХДП хусусий мулкка қарши эмас.
ҒОЯЛАР АСОСИ ВА ТЎҚНАШУВИ
Жамиятда кучли қўлловга ва ўз электоратига эга бўлган ЎзХДП сўл ва социал-демократик йўналишдаги куч сифатида ўзининг қатъий қарашларига эга. Халқ демократик партиясининг ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлагани унинг мамлакат сиёсий кучлари сўл қаноти бўлишлигини белгилайди.
Партия Ўзбекистоннинг мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, мамлакатда фуқаролик ва миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорлик, ҳар бир оила ва бутун халқ фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатларни ўз мафкураси, сиёсий фаолиятининг пойдевори, деб билади. Халқимизнинг тенглик ва адолат, тинчлик ва тотувликка азалий интилишлари партия мафкурасининг табиий сарчашмаларидир. У халқимизга ҳамиша хос бўлган ва бугун ҳам унинг менталитетини белгилайдиган ҳамжиҳатлик, жамоавийлик тамойилларига таянади.
Мамлакат парламентидаги сиёсий кучлар, яъни сиёсий партияларнинг ғоя вий платформаларида намоён бўлган принципиал фарқлар жорий фаолиятда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Биргина мисол, агар ЎзЛиДеП либерал ғояларга содиқ қолган ҳолда, иқтисодиётни тўлиқ бозор тизимига ўтказишни, ижтимоий соҳага ҳам бозор муносабатлари татбиқ этилишини таклиф этаётган бўлса, ХДП эса жамиятда кескин табақаланишга йўл қўймаслик ва натижада юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий тарангликнинг олдини олишни таклиф қилмоқда.
Парламент қуйи палатаси ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар майдонига, сиёсий партияларнинг соғлом рақобат муҳитида турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига айланиб бормоқда. ЎзХДП ҳам ана шу курашда ўз ташаббуслари билан майдонга чиқмоқда.
Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда Қонунчилик палатаси фаолияти сезиларли даражада жонланди ва бугунги кунда тобора янги сифат босқичига кўтарилиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, парламентда кўпчиликни ташкил этадиган партия ва унга мухолифатда бўлган партиялар ўртасидаги қатъий рақобатга замин ҳозирлайди. Рақобат эса тараққиётга етаклайди.
Мамлакатимизда демократик жараёнлар янги босқичга кўтарилган, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошган, оммавий ахборот воситалари фаолияти янада эркинлашган, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан алоқалари ҳар томонлама изчил уйғунлашаётган шароитда, турли ижтимоий қатламлар манфаатини умуммиллий манфаатлар билан чамбарчас боғлаётган сиёсий партияларнинг аниқ йўналтирилган соғлом рақобати муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан партиялараро рақобат шахсларни ҳақоратлаш, камситишга эмас, ғоявий курашга асосланмоғи лозим. Сиёсий баҳс-мунозаралар саёзлашиш томон йўналса, фаоллиги, сиёсатга қизиқиши ортаётган жамоатчиликнинг ҳафсаласи пир бўлади.
Сиёсий партиялар ўз мафкурасига кўра иқтисодий жиҳатдан сўл (чап) ва ўнг, ижтимоий жиҳатдан прогрессив ёки консерватив бўлишини кўпчилик билади. Иқтисодий жиҳатдан сўл партия аксарият ҳолларда ижтимоий жиҳатдан прогрессив бўлади.
Иқтисодий ўнг партия ижтимоий жиҳатдан ҳам консерватив бўлади. Кўпинча. Консерватив партиялар иқтисодий жиҳатдан давлат аралашувини минималлаштириш, солиқларни камайтириш, шунга яраша давлат хизматларини қисқартиришга ҳаракат қилади. Яъни, аҳоли камроқ солиқ тўлайди, аммо тиббиёт, олий таълим пуллик бўлади. Пулини кейин, истаса, докторга ёки мактабга тўлайди.
Консерваторлар компанияларга бўлган талабларни камайтиришга ҳаракат қилади. Мисол учун, улар мажбурий меҳнат таътили тушунчасини оқламайди. Консерватив мафкурага кўра, бундай масалаларни компаниялар ўзлари ҳал қилишлари керак. Бундай партияларни бойлар яхши кўради, чунки уларга ижтимоий босим кам бўлади, кўпроқ пули ёнига қолади.
Ижтимоий жиҳатдан консерватив партиялар оила институтини ёқлайди, абортларга қарши бўлади, аёлларнинг жамиятда эркаклар билан тенг бўлишига ҳаракат қилмайди. Консерватив партияларга АҚШдаги Республикачилар, Канададаги Консерваторлар партияларини мисол қилиш мумкин. Ўзбекистонда ЎзЛиДеП консерватив партия, чунки у тадбиркорлар ёнини олади. Шуларга кўра, мамлакатимиздаги партиялар орасида ЎзЛиДеП ва ЎзХДП ғоялари қатъий тўқнашув хусусиятига эга. Эҳтимол шунинг учун ЎзЛиДеП етакчиси асосий рақиб сифатида ЎзХДПни кўришини айтган эди.
ЎзХДП ва “Адолат” СДП сўл партиялар. Улар мулкдорлардан солиқларни кўпроқ олиб, бунинг эвазига ижтимоий тенгликни таъминлашга ҳаракат қиладилар. Сўллар иқтисодиётни кўпроқ регуляция қилиб, ишчилар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладилар, жамиятда асосий хизматлар: медицина ва таълимни бепул қилиб, барча учун бирдек шароит яратишга ҳаракат қиладилар. Ижтимоий жиҳатдан сўл партиялар инклюзивликни тарғиб қилади. Улар бутун дунёда аёллар, мигрантлар, этник ва жинсий камчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар. Скандинавия давлатлари сўл мафкуранинг идеал маҳсуллари дейишимиз мумкин.
ҚУРУҚ ТАНҚИД ЗИЁН КЕЛТИРАДИ
“Холис назар” телеграм каналида “СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР УЙҒОНИБ КЕТСА НИМА БЎЛАДИ?” сарлавҳали матнга кўзим тушди. Бу нима? Жамиятдаги муаммолар учун яна сиёсий партияларни айбдор қилишми?..
Мақола муаллифи “мавжуд сиёсий партияларимиз эса ҳар доимгидек уйқуда. Айтганча, бир партия Мўйноққа ёрдам бериш мақсадида хайрия тадбири ўтказаётганини, яна бири Қон қуйиш марказига донорлик қилаётганини биламан”, деб ёзибдилар.
Партиялар, депутатлар кам гапирадиган аҳволга келиб қолишига олиб келган омиллар ҳақида катта-катта китоб ёзиш мумкин. Жамоатчилик хотирасида “партия” сўзи билан боғлиқ ёмон хотиралар қолган. Бу ёмон хотирани ўчириш осон бўлмаяпти. Сиёсий жароҳатлар тузалиши учун кўп малҳам керак. Партиялар шунинг учун баландпарвоз чақириқларга эмас, мурожаатларни ҳал этишга, одамларнинг кўнглини топишга интилмоқда. Бошқа партияларни билмадигу, ЎзХДП сайти ишлаб турибди, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолияти ҳақида жамоатчилик хабардор қилиняпти. Тўғри, ҳали камчиликлар оз эмас. Фақат партияларга боғлиқ бўлмаган масалалар ҳам бор, ақллилар яхши билишади. Партиялар жамоатчилик фикри учун ишлашга ўтяпти. Халқ, сайловчилар талаби партияларни кучайтиради. Шу ўринда эслатиб ўтмоқчиман, сиёсий партия ҳокимиятнинг вакиллик органи эмас. Қарор қабул қилишга ваколати йўқ. Ваколат ҳокимият қўлида.
Шундай экан, сиёсий партиялар қонун доирасида у ёки бу муҳим масала юзасидан ҳокимиятнинг вакиллик органларига таклиф киритиши, улар устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўя олиши мумкин. Мақолада сиёсий партияларни тадбирларидан бошқа пайтларда деярли эшитмаяпмиз, кўрмаяпмиз, деб ёзибсиз. Демак, сиз Ўзбекистон теле ва радиоканалларини кузатиб бормаяпсиз. Партиялар фракцияларининг тегишли вазирликларни чақириб, уларнинг ҳисоботини эшитаётганлигини, қонун лойиҳаларига электорати манфаатидан келиб чиқиб таклифлар бераётганини, ўзлари ҳам қонун лойиҳаларини илгари сураётганини бу ҳақдаги хабарлар электрон ва босма ОАВда, сайтларда мунтазам берилаётганини кузатмайсиз ёки тан олмасликка ҳаракат қиласиз.
Қуруқ танқид, тушуниб-тушунмай 4 та китобда ўқиган нарсаларидан илҳомланиб ваҳима кўтариш ҳеч қачон яхши натижа келтирмайди. Йиллар давомида юзага келган вазиятни ўнглаш учун чуқур стратегия зарур. Бу эса реал муҳокама ва мунозара орқали юзага келади.
Абдували СОЙИБНАЗАРОВ.
“Ўзбекистон овози”, №22, 09.06.2021.