Ўйлантирадиган масала

 

Аҳоли муаммоларини жойларга бориб ўрганиш ва уларга ечим излаш чоғида шу нарса маълум бўляптики, “Оилани режалаштириш”, исталмаган ҳомиланинг олдини олишга қаратилган ишлар сусайган. Республикамизнинг чекка ҳудудларида ўртача 4-5 нафардан фарзанд кўриш яна одат тусига кирмоқда.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 1991 йилда 20,6 миллион кишини ташкил этган бўлса 2021 йилга келиб 34,6 миллион кишига етди. 1991 йил 723,4 мингта бола туғилган – (34,5) 1991 йилдан бугунги кунгача бўлган туғилиш динамикаси 1998-2006 йиллар оралиғида 550 минг ва ундан кам туғилишни кўрсатади. 2020 йилда 841,8 мингта бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб, мос равишда ҳар 1000 нафар аҳолига (коэффициенти) 24,6 та чақалоқ тўғри келган.

БМТ эълон қилган демографик ҳисоботида шундай маълумот келтириб ўтилган: Ўзбекистон аҳолиси энг камида 40 йил давомида ўсишдан тўхтамайди, 20 йил ичида эса ўзбекистонликлар сони 40 миллионга етиши кутилмоқда. Ўртача прогнозларга асосан, Ўзбекистон аҳолиси сони 2038 йилда 40 млн. нафардан ошади.

Бу рақамлар одамни анча ўйлантириб қўяди. Чунки демографик жараёнлар, биринчи навбатда, ижтимоий-меҳнат соҳасига сезиларли таъсир кўрсатиб, миллий иқтисодиёт ва жамият ривожланишининг асосий омили ҳисобланади. Аҳолининг бандлик ва ишсизлик даражасининг миқдорига, ялпи ишлаб чиқариш аҳолининг жон бошига тўғри келадиган ўртача даромад кўрсаткичларига, уй-жой билан таъминлаш, кексайган ёшдаги пенсия таъминотига бевосита таъсир этиб боради. Бу ўсиш соғлиқни сақлаш соҳасига демографик “босим“ни сезиларли даражада ошириши мумкин.

Энди эътиборингизни Давлат статистика қўмитасининг бошқа бир рақамларига қаратсак. Ўзбекистонда аҳоли сони кўпайиб бораётган бир шароитда педиатр шифокорлар сони 2007 йил 10 100 нафар бўлса, 2019 йилга келиб 6100 тагача қисқарган. 2018 йилдан буён “Аёллар маслаҳатхонаси”, “Қизлар саломатлик” кабинетлари фаолият юритиб келади-ю, аммо штатлари ҳамон ҳал қилинмаган.

Гап инсон ҳаёти ҳақида кетар экан, аслида энг улуғ неъмат саломатлик эканини ёдда тутиш даркор. Биргина туғилишни назоратга олиш, оилаларни режалаштириш орқали минглаб аёлларнинг саломатлигини тиклаш, мустаҳкамлаш, соғлом фарзандлар дунёга келиши, оилаларнинг фаровонлигини оширишга эришиш мумкин.

Жамиятда тиббий ва маърифий хизматларнинг сифатини яхшилаш аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий маданиятини оширишга ёрдам беради, бу шубҳасиз аҳолининг демографик тузилмасини барқарорлаштиришга ва чақалоқларнинг туғилиш суръатларини нисбатан пасайишига олиб келади.

Депутатлик ўрганишлар жойларда аҳоли репродуктив саломатлик марказлари етарли даражада самарали фаолият кўрсатмаётганини исботлади. “Оилани режалаштириш”, туғруқлар орасидаги интервал, туғруқлар сони, катта ёшдаги аёллар ўртасида туғруқларнинг ошиши билан бирга контрацепция воситаларидан фойдаланиш ҳолатларининг камайиши марказ ишини кучайтириш ёки тубдан ўзгартириш, қайта кўриб чиқишни тақозо этади, деб ўйлайман.

Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилиши керак бўлган жуда кўп ишлар бор, буни инкор этиб бўлмайди. Айниқса, туғруқхоналарда учраётган муаммолар, тизимда кузатилаётган айрим камчилик ва нуқсонлар, коррупция ҳолатлари соҳада бўлаётган хайрли ишларга соя солмоқда.

Масалан, жойлардаги аксарият туғруқ комплекслари таъмирга муҳтож. Сув ва электр энергия тизимларида узилишлар мавжуд, захира резервуарлар инобатга олинмаган. Ваҳоланки, республика бўйича туғруқлар сони ошиб бормоқда. Лекин тизимда ишловчи тиббиёт ходимларининг штатлари қисқарган. Бу эса тиббий хизмат кўрсатиш сифатига таъсир этмасдан қолмайди.

Маълумки, республика бўйича 46 та учинчи даражали туманлараро перинатал марказлари ташкил этилди. Уларнинг айримлари ўз фаолиятини ҳам бошлади. Аммо таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, моддий-техник база, штатлар сони, дори-дармон билан таъминот, кадрлар билан таъминлаш масалаларида талабга жавоб бермайди.

Туғруқхоналардаги 22-28 ҳафталикдаги ҳомилалар ва янги туғилган чақалоқлар ўлимини суд-тиббий экспертизаси кўради. Бу ортиқча асаббузарлик ва шифокорларнинг ортиқча вақтини олади. Шунингдек, тиббиёт ходимлари ўртасида сунъий равишда судланганлик ошиб кетишига олиб келади. Ана шундай ҳолатлардан безиб, шифокорлар ишдан бўшаб ёки хусусий шифохоналарга ўтиб кетишга мажбур бўляпти. Бундай ҳолатлар анча кўпайганини кузатиш мумкин. Шунинг учун ҳам болалар ўлими билан боғлиқ бундай вазиятлар паталогоанатомлар томонидан кўриб чиқилиб, таҳлил этилса, мақсадга мувофиқ бўлади, назаримда.

Албатта, муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлмайди. Уларни бир, икки кишининг иштироки, елиб-югуриши билан ҳал қилиш ҳам имконсиз. Тизимда учраётган муаммоларни бартараф этиш учун қатъий чоралар кўриш, бу борада белгилаб олиниши зарур бўлган вазифаларга ҳаммамиз, кенг жамоатчилик масъулият билан қараши керак. Соҳада биз юқорида тилга олган муаммолар қаторида коррупция ҳолатларининг ҳам учраб тургани ачинарлидир. Демак, тизимдаги муаммоларни ҳал этиш учун сизу биз ҳамжиҳатликда, бир-биримизга елкадош бўлиб курашишимиз керак.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш