Мамлакатимизда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги, жумладан, ер ажратиш ва бериш соҳасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ерга оид муносабатлар ажратишнинг барча учун тенг ва шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ва ҳуқуқий муносабатларрида барқарорликни таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Соҳадаги ислоҳотлардан биринчи навбатда оддий одамлар, халқимиз манфаатдор бўлади. Чунки ер энди фақат аукцион орқали берилиши, таниш билишчилик ва коррупциянинг олдини олишга, шунингдек, ер билан боғлиқ қонунбузиш ҳолатларига чек қўйишга хизмат қилади.
Фармонда ер ажратиш ва ундан фойдаланиш назорати кучайтирилишига оид бир қатор тартиблар ўрнатилади. Жумладан, ерга бўлган ҳуқуқлар қисқартирилади, ерга умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи бекор қилинади, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш амалиёти тўлиқ тугатилади, хусусий секторлар учун мулк ва ижара ҳуқуқи берилади, давлат ташкилотлари учун доимий фойдаланиш ҳуқуқлари сақлаб қолинади.
Асосий ўзгариш жорий йилнинг биринчи августидан бошлаб, ҳокимлардан ер бериш ваколатлари бутунлай бекор қилинишидир. Шунингдек, турар жойлари бузилишга тушган, кам таъминланган оилаларга ер тўғридан-тўғри бепул берилмайди, аксинча, аукциондан ер сотиб олиш харажатлари қоплаб берилиш тизими жорий этилади.
Қишлоқ хўжалигидаги ерларни ажратишда янги тартиб жорий этилади. Ер барча фуқароларга ва ташкилотларга очиқ танлов асосида берилади. Шу пайтга қадар амалдаги қонунчиликка кўра деҳқон хўжаликлар учун ер танловсиз берилар эди.
Ер ажратиш ва ундан фойдаланишда назорат кучайтирилди. Эндиликда қишлоқ хўжалиги ерларини ижараси бўйича очиқ танлов якуни вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланади. Шунингдек, ижара шартномаси электрон шаклда, яъни туман ҳокимлиги ва аукцион орқали ер олган ғолиб ўртасида тузилади.
Вилоятлар адлия бошқармаларига вилоят ҳокимининг ер тўғрисида қабул қилган қарорларини экспиртизадан ўтказиш тартиби жорий этилади. Бундан ташқари, жамоатчилик назорати ўрнатиш ҳам кўзада тутилган бўлиб, ер соҳасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар берган фуқаролар рағбатлантирилиб борилади. Кадастр, адлия, прокуратура органлари ҳокимликлар томонидан ер ажратиш устидан давлат назоратини амалга оширади.
Юқоридагилардан аён бўляптики, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кескин кучайтирилади. Ноқонуний эгалланган ерлар тўғрисида хабар бермаслик, уларда қурилган иморатларни электр энергияси, газ тармоқларига улаб берганлик учун янги маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Суғориладиган ерларни ноқонуний ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар эса тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилади. Ҳозирда бундай ҳолатлар учун маъмурий жавобгарликдан кейин жиноий жавобгарликка тортиш белгиланган.
Шунинг билан бирга, кадастр ходимларига ҳам катта ваколатлар, жумладан, ер соҳасидаги маъмурий жарималарни тайинлаш ваколати берилмоқда. Ерни ноқонуний сотганлик учун янги жиноий жавобгарлик киритилди. Ушбуларга кўра, қонунларимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши Қонунчилик палатаси депутаталари олдида турган вазифага айланди.
Давлатимиз раҳбари аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бозорлардаги нархларни тадбиркорларга мажбурий тушуртириш эмас, балки, маҳсулотларни кўпайтириш билан мутасаддилар шуғулланиши кераклигини алоҳида таъкидлаган эди. Бунинг замирида катта мазмун-моҳият бор.
Эндиликда ғалладан бўшаган ерларни ишсиз аҳолга бериш орқали ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги ва бозорларда нарх-навони барқарор ушлаб туриш, шуниндек, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш ҳам уствор вазифа қилиб белгилаб берилди. Яна бир муҳим жиҳати, эндиликда ерни ҳақиқий эгаларига 10 йил муддатга ижара асосида 25 сотихдан берилади.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши ер билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олишга, ер барчага бир хил шаффоф тартибда ажратилишига хизмат қилади.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.