Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Сафар Остонов

 

Ўзбекистон матбуоти оғир жудоликка учради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати, “Ўзбекистон овози” – “Голос Узбекистана” газеталарининг бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов шу йил 9 июнь куни 73 ёшида вафот этди.

Сафар Остонов 1948 йилда Самарқанд вилоятида туғилди. 1972 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни журналистика мутахассислиги бўйича тамомлади.

Ижодий фаолиятини 1971 йили ҳозирги “Ёшлар овози” газетасида бошлаб, турли лавозимларда ишлади. 1990-1996 йилларда “Спорт” ва “Ўзбекистон футболи” газеталари бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатди.

1996-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул вазифаларда хизмат қилиб, оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий пойдеворини мустаҳкамлаш, соҳани замон талаблари асосида ривожлантириш жараёнларида фаол иштирок этди.

Таниқли журналист 2002 йилдан умрининг охирига қадар “Ўзбекистон овози” – “Голос Узбекистана” газеталарининг бош муҳаррири лавозимида самарали меҳнат қилди.

С.Остонов мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, кенг кўламли ислоҳотларнинг маъно-мазмунини жамоатчиликка етказиш, миллий қадриятларни тарғиб этиш, ахборот соҳасидаги сиёсатни амалга ошириш ишларига муносиб ҳисса қўшди.

2020 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сифатида самарали фаолият юритиб, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзининг бой билим ва тажрибасини ёрқин намоён этди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги йилларда олиб борилаётган халқ билан бевосита мулоқот қилиш асосида жамиятимиз ҳаётини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш борасида айниқса жонбозлик кўрсатди.

Маҳоратли журналист Сафар Остонов ижтимоий ҳаётдаги кўплаб долзарб ва кескин муаммоларни дадил кўтариб чиқиб, уларни холис ва ҳаққоний ёритадиган, фаол гражданлик позицияси, ватанпарварлиги билан кенг жамоатчилик ўртасида муносиб обрў-эътибор қозонган ўткир қалам соҳиби эди.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ёзувчилар уюшмасининг фаол аъзоси сифатида у ўнлаб истеъдодли ёшларга журналистика соҳасининг сир-асрорларини ўргатиб, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш учун ўзини аямасдан, беғараз хизмат қиладиган меҳрибон ва талабчан устоз сифатида танилган эди.

Ўзбек матбуотининг кўзга кўринган намояндаси, таниқли жамоат арбоби Сафар Остоновнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги хизматлари муносиб баҳоланиб, у “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган эди.

Истеъдодли публицист, камтарин ва самимий инсон Сафар Остоновнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Қонунчилик палатаси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш