Партия ходимлари учун ўқув машғулотлари бошланди

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан ташкил этилган партия ходимларининг касбий билим, кўникма ва малакасини ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш юзасидан жорий йилнинг июнь ойида ўтказилиши режалаштирилган амалий ўқув-машғулотлари бошланди.

Унда Марказий Кенгаш масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кенгашлари ташкилий-назорат ҳамда депутатлик бирлашмаларини мувофиқлаштириш ва жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш бўлими бошлиқлари қатнашди.

Ўқув машғулотини ЎзХДП Марказий Кенгаши Ташкилий-назорат ва кадрлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Абдуллаев кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Видеоконференция шаклида ўтказилган илк ўқув машғулотида сиёсий партияларнинг тузилиши, фаолиятининг ҳуқуқий асослари мавзусида ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди. Мавзу юзасидан партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши Ташкилий-назорат бўлим бошлиғи Муҳриддин Аслонов, Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ташкилий-назорат бўлим бошлиғи Нурлан Кышанов маъруза қилди.

Маъруза ва муҳокамаларда сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни, фаолиятининг ҳуқуқий асослари, партия сафига аъзоларни жалб этиш ва электорат билан ишлаш механизмлари, кадрлар билан ишлаш, партия қуйи ташкилотлари самарадорлигини ошириш борасидаги муҳим вазифалар хусусида сўз юритилди.

Навбатдаги ўқув машғулоти жорий йилнинг 15 июнида бўлиб ўтади.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш