Икки халқ дўстлигининг ёрқин ифодаси

 

Ўзбекистон билан Тожикистон – икки қардош мамлакат. Ҳар икки мамлакатнинг тақдири ва тараққиёт йўли бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бу эса умумий ҳаётий тажриба, қадрият ва маданиятлар муштараклигини англатади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи икки биродар халқ ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиб беради. Бу нафақат икки давлат фуқаролари, балки бутун минтақа аҳолиси манфаатларига бирдек хизмат қилади. Ҳамкорлик ривожланиши, унинг миқёси кенгайиши барқарорлик ва хавфсизликни кучайтириши баробарида, иқтисодий тараққиёт ва маданиятлараро алоқаларнинг чуқурлашувига ҳам олиб келади. Ташриф икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлар оқимининг ортишига алоҳида умид билан қарашга имкон беради. Пандемия билан боғлиқ чекловлар олиб ташланиб, икки мамлакат ўртасидаги чегараларнинг очилиши билан ҳар қўшма сайёҳлик дастурларини амалга ошириш имконияти пайдо бўлади.

Ўзбекистон етакчисининг Тожикистонга амалга ошираётган расмий ташрифи икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган конструктив мулоқот ва дўстона алоқалардан далолат беради. Мазкур жараён Ўзбекистон Президентининг 2018 йилда Душанбега амалга оширган тарихий ташрифи чоғида бошланган бўлиб, бунинг самараси ўлароқ кўпгина ҳужжатлар, жумладан, фуқароларнинг ўзаро ташрифлари тўғрисидаги битим имзолангани ҳолда ҳар икки томонда истиқомат қиладиган миллионлаб одамларнинг оғирини енгил қилди. Транспорт, чегара делимитацияси ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳаларида асосий масалаларни ҳал қилишда катта қадамлар ташланди. Тошкент ва Душанбе ўртасида ҳаво қатнови тикланди, темир йўл хизмати қайта йўлга қўйилди ва ҳозирги пайтда ўзаро автобус қатновларини ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, виза режимининг бекор қилиниши ва назорат пунктларининг очилиши фуқароларнинг ўзаро ташрифларини кўпайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ва қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Икки давлат бир-бирига мактаб ва касалхоналар қуриш орқали пандемия даврида ўзаро ёрдам қўлини чўзди.

Шу ўринда ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашнинг асоси бўлган иқтисодий ҳамкорликнинг муҳимлигини ҳам таъкидлашни истар эдик. Томонлар савдо айланмасини 500 миллиондан 2 миллиард АҚШ долларига қадар етказиш ниятида экани жуда муҳимдир. Биринчи Ўзбекистон-Тожикистон минтақалараро форуми натижасида бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани ва ушбу анжуман доирасида 730 миллион доллар ҳажмидаги шартномалар имзолангани, шубҳасиз, юксак таҳсинга лойиқ.

Марказий Осиё минтақасига тинчлик ва фаровонлик тилаган халқаро ҳамжамият ҳам ўзаро алоқаларнинг мустаҳкамланишидан манфаатдор эканига шубҳа йўқ. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега навбатдаги расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган музокаралар якунлари ва имзоланган кўплаб ҳужжатлар ана шу мақсадларга хизмат қилади. Томонларнинг иқтисодий, сармоявий, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга бўлган интилишига алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Қарийб бир миллиард долларлик икки томонлама ҳужжатларнинг имзоланиши, устав жамғармаси 50 миллион долларга тенг Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция фондининг тузилиши ва олий даражада эришилган келишувлар икки мамлакат иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқишга ёрдам беради.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлиги икки халқнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келади, шунингдек, Марказий Осиёдек кенг минтақада тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил ривожланиш таъминланишидаги энг муҳим омил ҳисобланади.

Ўзбекистон раҳбарининг Тожикистонга расмий ташрифи давлатлараро ҳамкорлик салоҳиятининг мустаҳкамланишида муҳим қадам бўлиб қолиши баробарида анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро шериклик муносабатларини янада ва ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қилади, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиётга кўмаклашади. Давлат раҳбарлари ҳузурида ташриф доирасида имзоланган Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисида, саноат ва янги технологиялар соҳасида, тоғ-кон саноатида ҳамкорлик тўғрисида, Зарафшан дарёсида ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида, Юклар транзити тўғрисидаги битимлар, шунингдек, Дипломатик ваколатхоналар учун ер майдонларини ўзаро тақдим этиш тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш, Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомалар, икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари ўртасидаги ҳамкорлик Дастури ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” алмашилдики, бу яқин ойларда ҳамкорликни юксак босқичга кўтаради. Умуман, энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 36 та ҳужжатлар тўплами биродар мамлакат ва халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада, ҳар томонлама ривожлантириш, кўп қиррали шерикликни чуқурлаштириш йўлида янги натижаларга эришиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Тожикистоннинг юксак мукофоти – I даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармони давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу Тожикистон раҳбариятининг мамлакатимиз Президентига бўлган ҳурмати, минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларни юксалтиришга қўшган ҳиссасининг эътирофидир.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш