Радарлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фракция мажлисида муҳокама қилинади

 

Ижтимоий тармоқларда радарлар ўрнатилган айрим ҳудудларда қонунчиликка амал қилинмаётгани, зарур йўл белгилари ўрнатилмагани каби камчиликлар ҳақидаги чиқишлар жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда, мавзу юзасидан турли таклиф, муносабатлар билдирилмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра қабул қилинган Йўл белгиларидаги Ахборот-кўрсатгич белгиларининг 5.43. «Радар» бандида йўлларда автомобиль ҳайдовчилари белгиланган тезликка риоя этиши радарлар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи йўл белгиси ифодаланган. Ушбу йўл белгиси ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шарт.

Стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгиларини, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш кўзда тутилади, деб белгиланган.

Аммо, амалда кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларидан эмас, доимий йўл белгиларидан ва мобил “радар” воситасидан фойдаланилганда эса 5.43. белгисига барча ҳолатларда умуман амал қилинмаяпти.

Яна бир масала. Йўл ҳаракати қоидабузарликлари ва транспорт воситаларини тезлигини назорат қилувчи стационар, кўчма радар ва мобиль комплекслардан фойдаланганда йўл ҳаракати иштирокчилари, ҳайдовчиларга қулайликлар яратиш мақсадида бутун дунёда бўлгани каби Интернет жаҳон ахборот тизими орқали реал вақт режимида (навигатор дастурида) онлайн электрон тарзида махсус мосламаларнинг аниқ жойлашган манзили кўрсатиб борилиши жорий этилиши зарур.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган юқоридаги ҳолатлар бўйича жойларда бир қатор ўрганишларни ўтказди. Ўрганиш натижалари партия фракциясида тегишли идораларнинг мутасаддилари иштирокида муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Фракция йиғилишига оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар ҳам таклиф этилади ва ўтказилиш санаси ҳақида қўшимча маълумот берилади.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш