Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10-11 июн кунлари расмий ташриф билан Тожикистонга бўлди.
Давлатимиз раҳбари парламент қўшма сессиясидаги биринчи нутқидаёқ яқин қўшнилар билан муносабатларни ҳар тамонлама ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини таъкидлаган эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилди.
Ўзбек ва тожик халқи азал-азалдан бир-бири билан қуда-анда тутинган, борди келди қилиб келган. Мухтасар қилиб айтганда, халқларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатларда бирон-бир тўсиқ бўлмаган.
Эсимда, биз ўрта мактаб битирувчиларини Тожикистонга саёҳатга олиб боришганди. Душанбе сайр қилганимиз кечагидек ёдимда. Укаларимизга тўй қилмоқчи бўлганимизда эса ота-онамиз тўй либослари учун матоларни Тожикистондан олиб келишган.
Сайлов округим Тожикистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Узун туманида аҳолининг кўпчилигини тожик миллатига мансуб фуқаролар ташкил этади, мактабларда, боғчаларда тожик тилида дарслар олиб борилади.
2017 йили Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида алоқалар яхшилангач, ўзаро муносабатларимизда катта имкониятлар очилди. Ҳар икки мамлакат давлат раҳбарларининг бир-бирини яхши тушуниши, ўзаро дўстлиги халқларимизни янада жипслаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Ўрни келганда айтиш керак, маълум бир муддат давлатларимиз ўртасидаги муносабатларга бироз совуқчилик оралади. Бу халқларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмади, борди-келдилар узилиб қолди. Тожикистондан келин бўлиб тушган аёлларимиз ҳатто яқинлари вафот этганда ҳам туғилиб ўсган юртига боролмай, қариндошларини сўнгги йўлга кузатиш улар учун армон бўлиб қолганди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистон Тожикистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликнинг барча жиҳатларини кўриб чиқиш, сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуанитар алоқаларни яхшилашга қаратилган.
Хайрият, у кунлар ўтмишга айланди. Бугунги кунда Ўзбекистон-Тожикистон давлатлари ўртасидаги алоқалар ҳар бир соҳада жадал ривожланиб боряпти. Мисол учун, 2017 йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айрбошлаш ҳажми 70 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилда, мураккаб пандимия шароитига қарамасдан, бу кўрсаткич илк бор 500 миллион долларга етди.
Президентимизнинг Тожикистонга ташрифи давомида ҳар иккала давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасидаги бундай ижобий натижаларга юқори баҳо бериб, кўплаб соҳаларда ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг истиқболли имкониятлари мавжудлигини таъкидлаб ўтдилар. Таъкидланганидек, савдо-иқтисодий алоқалардан ташқари, маданий гуманитар соҳалардаги ўзаро муносабатларимиз ҳам мустаҳкамланиб бормоқда.
Минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари борасида ҳам ҳар иккала давлатнинг нуқтаи назари якдил экани алоҳида қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг қардош Тожикистон Республикасига расмий сафари доирасида эришилган шартнома ва келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаши, ўзаро ҳамкорлигимизда янги саҳифаларни очишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.