Маълумки, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Аммо, бугунги кун кўрсатмоқдаки уларнинг амалиётда ижро этилиш ҳолати қониқарли даражада эмас.
Нега ушбу масала муҳокама қилинмоқда?
Сўзимизни олиб борилган мониторинг ва текширув натижалари ҳам исботлайди. Хусусан, 2020 йилда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида тамаки маҳсулотининг чакана савдоси, реклама қилиш, сотувини рағбатлантириш, ҳомийлик қилиш юзасидан мактаблар атрофида ва бошқа жамоат жойларида ўтказилган жамоатчилик мониторингига кўра, қонун ҳужжатларида тақиқланган бўлсада - сотув жойларининг 38,8 фоизи мактаблардан 200 метрдан кам бўлган масофада жойлашган. Кўчада савдо қилувчиларнинг 89 фоизи сигареталарни доналаб сотилган ёхуд савдо жойларида тамаки маҳсулоти намойишга қўйилган ҳолларнинг 61,2 фоизида бундай маҳсулот ўйинчоқлар ва ширинликлар олдига қўйилган. Шунга ўхшаш яна бошқа қонун бузилиш ҳолатларни келтириш мумкин.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилинмоқда.
Амалдаги қонун ҳужжатларида ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг кучсизлиги ва уларда бўшлиқларнинг борлиги натижасида амалдаги қонунчиликда белгиланган қоидалар ва чекловларга риоя этиш даражаси паст. Шунингдек, замонавий тамаки (никотин) маҳсулотининг айланмасини тартибга солиш масалалари амалдаги қонун ҳужжатларида ўз аксини топмаган. Натижада аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида бундай маҳсулотларнинг истеъмол қилиниши тез суръатларда оммалашмоқда.
Шунингдек, тамаки маҳсулотини реализация қилиш юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлсада, кундалик ҳаётда бундай маҳсулотнинг чакана савдоси билан аксарият ҳолатларда якка тартибдаги тадбиркорлар ноқонуний шуғулланиб келмоқда.
Қонун лойиҳасида нималар акс этмоқда?
Лойиҳада алкоголь ва тамаки маҳсулот ва мосламаларни 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва 21 ёшга тўлмаган шахслар томонидан, савдо автоматлари орқали, электрон тижорат шаклида (маҳаллий кўпикланадиган ва табиий винолар бундан мустасно), сайёр ва тарқатма (қўлда, лотокларда, саватчаларда, қўл аравачаларида) савдо йўли билан, масофавий сотиш усулида, турғун савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда, болалар учун товарларни реализация қилишга мўлжалланган хоналарда, болалар ўйинчоқлари, конфетлар ёки болалар учун мўлжалланган бошқа товарларига ўхшатиб ишланган бўлса, истеъмол ўровида йигирма донадан кам сигарета бўлса реализация қилишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш мумкин бўлмаган жамоат жойларининг аниқ рўйхати кўрсатилиб, чекиш учун ажратилган махсус жойларга минимал талаблар белгиланмоқда ҳамда белгиланган қоидаларнинг ижро этилишини таъминлаш учун масъул шахслар мажбуриятлари аниқланмоқда.
Ноқонуний айламанинг олдини олиш учун импорт қилувчи ва ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотларни рақамли маркировкалаш, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва айланмасини ҳисобга олиш ахборот тизимларининг татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.
Барча чекилмайдиган (тутунли) тамаки маҳсулоти, шу жумладан никотинли чекилмайдиган (тутунсиз) маҳсулотлар Ўзбекистонга олиб киритилиши ҳамда реализация қилиниши тақиқланмоқда (бундан носвой мустасно).
Чакана савдони амалга ошираётганда тамаки маҳсулоти ҳамда тамаки ва никотин истеъмол қилиш учун мосламаларнинг турғун савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида кўрсатиб қўйиш ва очиқ намойиш этиш тақиқланмоқда.
Бу борада халқаро тажриба қандай?
Чет эл мамлакатларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотишга доир қатор чекловлар белгиланган. Хусусан, АҚШ ва Қозоғистонда 21 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш мумкин эмас. Туркманистон, Индонезияда 21 ёшга, Ҳиндистоннинг 17 та штатида 21-25 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш тақиқланган. Ўтказилган тадқиқотларга қараганда, 21 ёш - шахснинг шаклланиш жараёни тугайдиган ёш ва бу ёшга тўлмаганларда қарамликнинг ривожланиш эҳтимоли бир неча баробар юқори.
Шу билан бирга, тамаки маҳсулотларини Интернет орқали сотиш Европа Иттифоқида (28 та мамлакат), шунингдек, МДҲ мамлакатларида (Беларусь, Молдова, Россия Федерацияси, Туркманистон) қонун билан тақиқланган.
Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг пештахталарида тамаки маҳсулотини қўйиш ва намойиш этишни тақиқлаш дунёнинг 45 мамалакатида, жумладан Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти (5та давлат), Грузия, Тожикистон, Туркманистон, Молдова, Туркия, Финляндия, Эстония каби давлатларда ўз самарасини берган.
Арманистонда жамоат жойларда чекиш тўлиқ тақиқланган. Грузияда, Молдова, Тожикистон, Украинада – ёпиқ жамоат жойларнинг кўпчилигида, Албания, АҚШ, Аргентина, Австралия, Болгария, Бразилия, Буюк Британия, Венгрия, Ирландия, Исландия, Испания, Хитой, Канада, Колумбия, Латвия, Литва, Янги Зеландия, Норвегия, Туркия, Уругвай ва бошқа мамлакатларда умумий овқатланиш корхоналарининг (кафе, ресторан, бар ва бошқалар) ёпиқ жойларида чекиш тақиқланган.
Яна бир гап, 2016 йилда АҚШнинг саратон бўйича миллий институти ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг иқтисодий адабиётларни кенг қамровли ўрганишлари шуни кўрсатдики, жамоат жойларида, иш жойларида, жумладан, ресторан ва барларда чекишни тақиқловчи қонунлар “иқтисодий томондан салбий таъсир кўрсатмаган”. Аксинча, тамакига қарши бундай кенг қамровли қонунлар бизнесга кўпинча ижобий таъсир кўрсатган.
Жамоатчилик нима дейди?
Эътиборли жиҳати Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси (29 октябрь – 11 ноябрь 2020 йил) даврида қонун аҳоли, давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан кенг қўллаб-қувватланган.
Муҳокамада иштирок этган фуқароларнинг 80 фоизи қонун лойиҳасини маъқуллаган, 3 фоизи салбий муносабат билдирган ҳамда 17 фоизи бетараф ҳолда ҳужжатга ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирган.
Қандай натижалар кутилмоқда?
Чекилмайдиган тамаки маҳсулоти айланмасини тақиқлаш яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда ёш авлоднинг никотинли снюсни чекишни бошламаслиги ва Ўзбекистон аҳолиси ўртасида янги наркотикнинг янги эпидемияси тарқалишининг олди олинади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг пештахталарида тамаки маҳсулотини қўйиш ва намойиш этишга йўл қўйилмаслиги ёшларнинг ҳамда чекишни ташлаш учун ҳаракат қилаётган кашандаларга чекишни бошламаслигига ёрдам беради.
Тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш мумкин бўлмаган жойларнинг аниқ рўйхати кўрсатилиши жамоат жойларида 100 фоиз тамакисиз муҳит яратишга ҳуқуқий асос яратади.
Алкоголь ва тамаки истеъмол қилиш билан боғлиқ касалликлар ва улар туфайли юз берадиган барвақт ўлимлар қисқаради (айниқса эркаклар орасида), жумладан, жигар ва жигар ичи ўт йўллари раки, жигар циррози, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари, юрак-томир касалликлари ва уларнинг асоратлари: миокард инфаркти, мия инсульти, атеросклероз ҳамда милк, лаб, оғиз бўшлиғи, ҳалқум, ҳиқилдоқ, қизилўнгач ва ошқозон раки.
Маст ҳолатда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари, ёнғинлар, жароҳатлар ва тутунли тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган ёнғинлар ва жароҳатлар ҳамда ушбу фалокатлар туфайли юз берган барвақт ўлимлар камаяди.
Умуман, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши нафақат аҳоли саломатлигига, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Барча учун тамакисиз муҳит яратишга қаратилган комплекс қонунларгина чекмайдиганларнинг соғлиғини ҳимоя қилади ва чекувчиларнинг чекишни ташлашга ундайди.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.