Қарор ижроси депутатлар назоратида

 

Халқ депутатлари Наманган туман Кенгаши ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 январдаги "Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори юзасидан ўтказилган ўрганиш якуни тўғрисидаги масала Кенгашнинг доимий комиссияси йиғилишида кўриб чиқилди.

Таъкидландики, Ўзбекистон ХДП Наманган туман Кенгаши депутатлик гуруҳи ташаббуси билан қарор ижроси юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Маълум бўлишича, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан “Қоракўл” МФЙ ҳудудидаги аҳоли хонадонларининг ичимлик сувини яхшилаш учун 2 км. ичимлик суви тармоқлари тортилган. Маҳалла ҳудудида ер усти қудуғи қазилиб, ЭЦВ русумли насос ва сув минораси ўрнатилган. “Намуна” МФЙ ҳудудидаги хонадонларнинг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 5,3 км сув тармоқлари тортилиб, марказий қудуққа уланган. “Элатан” МФЙ ҳудудида ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 3,5 км ичимлик суви тармоқлари тортилган ва ер усти қудуғи қазилиб, насос ўрнатилган ҳамда сув минораси таъмирланган. “Кичик қурама” МФЙ ҳудудида ҳам 3,3 км. ичимлик суви тармоғи тортилиб, ер ости қудуғи тозаланган ва янги насос ўрнатилган, сув минораси мукаммал таъмирланган.

Бундан ташқари, Наманган вилояти ҳокимининг 2020 йил 1 октябрдаги фармойшига асосан маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан “Жиниш” сув иншоотида 2 та 500 м3 сиғимли ҳовуз, иккинчи кўтариб бериш насос станцияси биносини қуриш, трансформатор ва насос ўрнатиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунгача режалаштирилган ишларнинг асосий қисми якунланди.

Шунингдек, “Бўстон”, “Маллаҳовуз”, “Қумқўрғон” ва “Тепа Қиёт” МФЙларда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 та сув минорасини ўрнатиш, 23 км. ичимлик сув тармоқларини тортиш режалаштирилган. Айни пайтгача “Қумқўрғон” МФЙ ҳудудида 7.5 км. ичимлик суви тармоқлари бўлиб, унга “Жийдакапа” Наманган магистрал сув узатиш тармоғидан тоза ичимлик суви етказиб бериш йўлга қўйилди. “Маллаҳовуз” МФЙ ҳудудида эса 4 км. ичимлик суви тармоқлари тортилди. “Тепа Қиёт” МФЙда 1 дона сув минорасини мукаммал таъмирлаш ишлари бошланди ва 1,5км. ичимлик сув тармоқлари тортилди.

Ўрганиш натижалари бўйича партия гуруҳи ўз муносабатини билдирди. Туман ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича котибиятига келгусида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар бўйича мавжуд ҳолатдан келиб чиқиш зарурлиги хусусида таклиф берилди.

Натижада мазкур масала юзасидан халқ депутатлари Наманган туман Кенгаши доимий комиссиясининг қарори қабул қилинди.

 

ЎзХДП Наманган туман кенгаши

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш