Давлат ва жамият ҳаётидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда, фуқароларнинг ҳуқуқ, манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партияларнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Айниқса, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, аҳоли бандлигини, фаровонлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасидаги чора-тадбирлар самарадорлигига эришишда партиялар муҳим ўрин тутмоқда. Бу борада Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан амалга оширилаётган ишлар эътирофга лойиқдир.
Хусусан, партия ташаббуси билан жойларда ўтказилаётган “Эътиборимиз марказидаги ҳудуд”, “Аёлларга кўмак”, "Аёллар соғлиги – келажак бойлиги" ва “Депутат маҳаллада” каби бир қатор лойиҳалар натижасида электорат манфаатини ҳимоя қилиш, одамларни ўйлантираётган, қийнаётган муаммо ва масалаларни ҳал қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, партия сайловолди дастурида илгари сурилган пенсионерлар турмуш шароитини яхшилаш ва уларни дори-дармон билан таъминлаш, ногиронларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш борасида сезиларли натижалар қўлга киритилди.
Бундан ташқари, партиянинг ғоявий ва мафкуравий дастурларини такомиллаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга партиянинг позициясини аниқлаштириш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш, халқ билан доимий мулоқотни амалга ошириш мақсадида сайёр қабуллар ўтказиш, партия вилоят кенгашлари раҳбарларининг туманларда, Марказий Кенгаш раҳбарларининг вилоят ва туманларда сайловчилар билан учрашувлари ва сайёр қабулларини ташкил этишда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ўрни келганда партиянинг “Ёшлар қаноти” фаолияти ҳам ибратли ишларни амалга ошираётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмуни ўтказиш, китобхонликка, спортга меҳр уйғотишга қаратилган тадбирлар ўтказилиши мунтазам тус олди. Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий билимларини ошириш ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишларини таъминлаш, муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
“Ёшлар қаноти” фаоли сифатида партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларини келажагимиз эгалари ўртасида тарғиб қилиш, сафимизни улар билан тўлдиришни ўзим учун мен асосий вазифа деб биламан. Хусусан, яқинда Навоий вилояти Нурота туманидаги 26-умумтаълим мактабида ўқувчилар ва ўқитувчилар иштирокида ташкил этилган учрашувда Халқ демократик партияси, ушбу сиёсий куч томонидан электорат манфаати йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб, тарғибот материалларини тақдим этдим. Бу каби учрашувлар қишлоқ оилавий поликлиникаси, тез тиббий ёрдам бригадаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ўртасида ҳам ўтказилди.
Аҳоли ўртасида ўтказилаётган тарғибот тадбирлари партиямиз, унинг дастурий ғоя ва мақсадлари ҳақида фуқароларда янада кенгроқ тушунча ҳосил бўлишига, партиямиз фаолияти билан яқиндан танишишга ва хайрихоҳлар сафи кенгайишига хизмат қилади.
Дилшод Мамадиёров,
ЎзХДП “Ёшлар қаноти” кенгаши фаоли.