Ўсимликлар карантини соҳасида янги ўзгаришлар амалга оширилмоқда

 

Қишлоқ хўжалиги қўшимча имкониятларга бой соҳадир. Ушбу тизим нафақат мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайди, балки иқтисодиёт тараққий этишида ҳам катта аҳамиятга эга. Шу боис кейинги йилларда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва уни бозор талабларига мослаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. 

Хусусан, соҳада ўсимликларни ҳимоя қилиш йўналиши тубдан ислоҳ этилиб, ўсимликлар карантини хизмати яхши йўлга қўйиш, соҳага илм-фан ютуқларини олиб кириш, малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўсимликларни ҳимоя қилишда карантин усули катта аҳамиятга эгадир. Чунки бу усул асосан хавфли зараркунандалар, ўсимлик касалликлари, бегона ўтлар иқлимий ва бошқа шароитда зарар келтирадиган даражада кўпайиши мумкин бўлган жойларга келиб қолишни олдини олиш, келиб қолганда йўқ қилишга қаратилган давлат тадбирлари тизимини амалга оширишдан иборатдир. Демак, ўсимликлар карантини хизмати бевосита мамлакат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Чунки биргина зарарли организмни уруғ, кўчат каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари орқали мамлакатга киритиб, бутун қишлоқ хўжалигини издан чиқариш мумкин. Шундай хавфларнинг олдини олиш учун соҳага жиддий эътибор бериш, бу йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш талаб этилади.

Айтиш керакки, айни кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси шу жиҳатидан аҳамиятли, деб ўйлайман.

Қонун лойиҳаси карантин остидаги маҳсулотга, уни олиб киришга, олиб чиқишга, ишлаб чиқаришга, қайта ишлашга, сақлашга, ташишга, реализация қилишга ва йўқ қилишга доир талабларни белгилайдиган, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт бўлган фитосанитария талабларини халқаро қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш орқали фитосанитар хавфсизликка эришиш заруратидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари карантин остидаги маҳсулотларни сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича тартибга солувчи қонун ва қонуности ҳужжатларни халқаро стандартлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадини ҳам кўзлайди.

Аввало, таъкидлаш жоизки, ушбу қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 13 октябрдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган. Қарорга мувофиқ, Ўсимликлар карантини илмий маркази негизида Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганлиги муносабати билан ўзгартириш киритилмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқлаштириш бўйича Юқори фитосанитар хавфга эга карантин остидаги маҳсулотларни (уруғликлар, экиш материаллари, мева-сабзовотлар ва гуллар) хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасида яшовчи фуқароларга почта ва курьерлик жўнатмаларини юбориш, шунингдек йўловчилар юки билан ва қўл юки орқали олиб ўтиш тақиқланишини назарда тутувчи нормалар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 107 ва 108-моддаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Аҳамиятли яна бир томони, қонун лойиҳасида Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот марказининг вазифалари ҳам назарда тутилган.

Унга кўра, марказ катта иқтисодий зарар келтириши мумкин бўлган зарарли организмларнинг фитосанитар хавф таҳлилини ўтказиш ва улар кириб келишининг олдини олишга қаратилган илмий асосланган фитосанитар чоралар ишлаб чиқади. Карантиндаги ва бошқа хавфли зарарли организмлар ўчоқларини йўқ қилиш ва улардан ҳоли бўлган ҳудудларни белгилаш, улар тарқалишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича дастурларни тузади.

Шунингдек, карантин объектлари ва ўсимликларнинг бошқа хавфли зарарли организмларини аниқлаш ва улар диагностикасининг экспресс-усулларини ҳамда уларга қарши курашишнинг услубларини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини зарарсизлаштиришнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ҳамда зарарли организмларга таъсир этиш механизмлари ва самарасини илмий асосда ўрганиш кабилар назарда тутилмоқда.

Дунёда табиий ва тоза маҳсулотларга талаб ҳам доим юқори бўлган. Бу инсон соғлиги учун ҳам керак. Шунинг учун ҳам мамлакатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қаерда ва қандай ҳолатда етиштирилгани, уларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратади. Демак, яшил оламни самарали ҳимоя қилиш, сифатли ҳамда юқори ҳосил олиш долзарб вазифадир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар депутатлари қонун лойиҳасини ҳар томонлама чуқур кўриб чиқиб, биринчи ўқишда концептуал қўллаб-қувватлашди. Шундан келиб чиқиб, ўсимликлар карантини соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш учун керакли таклиф ва тавсиялар устида ишлаймиз Бу қонун лойиҳасини ҳар жиҳатдан пухта ишлаб чиқиш муҳим, деб ўйлайман.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш