Сурхон воҳасида қува анорчилик тажрибаси қўлланилмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоли, “Қува анори” агрофирмаси раҳбари, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон ХДП Қува туман кенгаши раиси Мастурахон Сайфутдинова нафақат водий, балки республикамизда донг таратган қишлоқ хўжалиги ходимидир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига сафари давомида анорчилик фирмаси фаолияти билан танишиб, Мастурахон опага тажрибасини оммалаштиришни, хусусан, Сурхондарёда вилоятда анорчиликни ривожлантиришда кўмак беришни тавсия қилган эди.

Президентимизнинг даъватларига лаббай деб жавоб берган Мастурахон опа воҳада бўлиб, сурхондарёлик фермер ва деҳқонлар билан ўз тажрибаларини ўртоқлашди. Уларга янги экин майдонлари ташкил этиш, анорчиликни ривожлантириш борасида маслаҳат, тавсиялар берди, амалий ёрдам кўрсатди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятнинг Музработ туманида 1500 гектар анорзор барпо этилди. Йил охиригача анорзорлар майдонини 3000 минг гектарга етказиш борасида тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, анор етиштиришга мўлжалланган хўжаликларга "Темир дафтар", “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган 3000 нафардан зиёд фуқаролар ишга олиниб, улар доимий даромад манбаига эга бўладилар.

Шеробод туманида барпо этилган 3000 гектар майдондаги анорзор хўжаликларида эса кам таъминланган, эҳтиёжманд аёллардан 120 нафари ҳамда 500 нафар йигит-қиз иш билан таъминланиб, улар анорчилик сир-асрорларини ўрганмоқдалар.

– Сурхондарёда бизнинг Фарғона тажрибамиз оммалаштирилмоқда, – дейди ЎзХДП фаоли Мастурахон Сайфутдинова. – Йил якунига қадар биргина Шеробод туманининг ўзида анорзорлар майдонини 5000 гектарга етказиш, қўшимча 4000 минг иш ўрни яратиб, аёллар ва ёшларимизнинг бандлигини таъминлашни режалаштирганмиз. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида элимиз дастурхонига шифобахш анор меваси етказиб берилиши билан бирга, ушбу маҳсулотни экспорт қилиш имконияти кенгаяди. Буларнинг барчаси халқимиз дастурхони, бозорларимиз тўкинлигига хизмат қилади. Энг муҳими, омилкор, ер билан тиллашадиган ҳамкасбларимиз сони кўпаяди.

Партиямиз фаоли, фидойи инсон Мастурахон Сайфутдинованинг мамлакатимиз равнақи, эл-юрт фаровонлиги йўлидаги фаолиятига муваффақиятлар тилаймиз.

Теглар

Фахрий Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш