Боғча кўрган билан боғчага бормаган боланинг фарқи катта бўлади. Мактабгача таълим фарзандларимизнинг келажаги учун муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан барча ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш, таъмирлаш, шароитини яхшилаш, зарур воситалар билан таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Таҳлилларга кўра, охирги тўрт йилда мамлакатимизда боғчалар сони 5 200 тадан 18 300 тага етди. Соҳага қаратилаётган эътибор натижасида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси икки баробар ортиб, 60 фоизни ташкил қилди. Давлат томонидан берилган имконият ва имтиёзлар туфайли хусусий ва оилавий боғчалар сони ҳам кўпайди. Бугунги кунда барча мактабгача таълим муассасаларида 1 миллион 700 минг нафар кичкинтойларимиз тарбияланмоқда.
Қувонарлиси, юртимизнинг мактабгача таълим тизимида нодавлат сектори барқарор тарзда ривожланмоқда. Яъни, давлат мактабгача таълим муассасалари билан бир қаторда, давлат-хусусий шериклик асосидаги ҳамда хусусий мактабгача таълим муассасалари сони ҳам кўпайиб бораяпти.
Лекин шунинг билан бирга, 53 та туманда боғчалар етишмаслиги кузатилмоқда. Масалан, Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Денов, Қумқўрғон, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Қамаши ва Китоб, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманларида болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси жуда паст. Ушбу ҳолат давлатимиз раҳбарининг ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишида қаттиқ танқид остига олиниб, тегишли кўрсатмалар берилган эди.
Очиғи, Сурхондарё вилоятидан сайланган депутат сифатида бу масалада кўп иш қилишим кераклигини чуқур англадим. Шуниси афсусланарлики, етарли даражада имтиёзлар, имкониятлар яратилган бўлсада, чекка ҳудудларда кўпчилик бундан бехабар. Демак, тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришимиз керак. Бизнес қилишга иштиёқманд, тадбиркорликка қизиқадиган, иш бошлаш ниятида юрган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, хусусий боғча очиш учун берилаётган имтиёзлар билан таништириш ишларини ҳар бир ҳудудда изчил олиб боришимиз лозим.
Таъкидлаш керак, Президентимизнинг 2021 йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, эндиликда олис ва чекка ҳудудларда жойлашган боғчалар фаолияти янада қўллаб-қувватланади. Улар учун яна бир қатор имтиёзлар, жумладан, субсидиялар жорий этилади.
Қарор билан 2021 йил 1 июлдан бошлаб тегишли туманларда 100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 фоизлик ставкада кредитлар ажратилади. Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги тегишли нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ҳар бир тарбияланувчи бола учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 75 фоизи миқдорида субсидия тўланади.
Шунингдек, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг ҳар бир тарбияланувчи фарзанди учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 25 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига фойдаланган электр энергияси ва табиий газ хизматлари нархининг 50 фоизи миқдорида ойлик компенсациялар тўланади.
Бундан ташқари, 2018–2019 йилларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун аввал берилган кредитлар бўйича имтиёзли давр муддати 2022 йил 1 январга қадар узайтирилади. Демак, тизимда иш бошлаган, қишлоғида боғча очиб, ота-оналарни қувонтирган, жажжи болаларни таълим-тарбияга ошно қилган, мақсадларини, даромад манбаини шу соҳа билан боғлаган юртдошларимиз янада фаол қўллаб-қувватланади.
Таълим-тарбия тизими ҳаётимиз, келажагимизга дахлдор муҳим масаладир. Бу жараён мактабгача таълим тизимидан бошланади. Олис ва чекка ҳудудлардаги боғчаларга субсидиялар тўланиши мамлакатимизда фарзандлар келажаги, таълим-тарбияси ва жамият эртасига қаратилаётган эътиборни амалда яна бир бора кўрсатди. Гап болаларимиз, авлодларимиз ҳақида кетганда, ҳар биримиз бу ишга дахлдорлик билан ёндашимиз керак. Мактабгача таълим қамрови ва сифатини ошириш барчамизнинг ҳамжиҳатликдаги ҳаракатимизга ҳам бевосита боғлиқдир.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палаатсидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.