Ўқувчини ишлатишдан уялиш керак

 

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги 28-мактабнинг 7−11-синф ўқувчиларидан айримлари ўз синфхоналарини таъмирлаш ишларига жалб қилингани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган ва муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизматининг “силлиққина” муносабати эълон қилинди.

Муносабатда ўқувчилар мактабни таъмирлаш ишларига ёрдам бериш учун ота-оналарининг розилиги билан келганлиги, қисқаси, улар ихтиёрларига зид равишда таъмирлаш ишларига жалб қилинмагани маълум қилинган. Ҳолат гарчи шу тарзда изоҳланган бўлсада, бу қонунбузарлик, вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳисобланади.

Тўғри, болаларни меҳнатга, жамоат ишларида фаол бўлишга ўргатиш керак. Бу уларнинг келажагига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Лекин улар бажараётган ишлар ёшига, жисмоний имкониятларига мос келиши, соғлигига таъсир кўрсатмаслиги керак. Қолаверса, ўқувчилардан айримларининг мактабда ишлаб, бошқалари бундай ишларда иштирок этмаслиги, улар ўртасида турли тушунмовчиликларга сабаб бўлади.

Кейинги пайтда мактабларда шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар учраб тургани ҳақида ҳам ижтимоий тармоқларда чиқишлар бўлди. Бизнингча, таълим мутасаддилари, мактаб маъмурияти юқоридаги каби ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаслиги керак. Мактаб – таълим, тарбия ўчоғи бўлиб келган ва шундай бўлиб қолиши лозим.

 

Дилшод Исломов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши ходими.

← Рўйхатга қайтиш