Орзулар оғушидаги масканда муаммо бўлмаслиги керак

 

Мамлакатимизда жисмонан соғлом, маънан етук, мустақил фикрлайдиган, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялаш ҳамда вояга етказиш учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, ёшларнинг пухта таълим-тарбия олишлари учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, жамият ҳаётида уларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалаларига муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. Бу борада мактабдан ташқари таълим самарадорлигини янада ошириш, ўқувчи ёшларда юксак маънавий фазилатларни камол топтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунарга йўналтириш орқали мустақил ҳаётга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Хўш, бу борада жойларда ишлар қандай ташкил этилган? Келажагимиз эгаларининг истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқариш, ривожлантириш учун шароитлар етарлими? Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиляптими?

Навоий вилоятидаги маҳаллий Кенгаш депутатлари ва Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида “Баркамол авлод” мактаблари фаолияти юзасидан ўрганиш ўтказди. Жумладан, ишчи гуруҳ томонидан вилоят Туризм ва спорт бошқармаси тасарруфидаги Навбаҳор тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолияти ўрганилди. Бугунги кунда мазкур муассасада 1886 нафар ўқувчи спорт билан шуғулланаётган бўлса, улардан 624 нафарини қизлар ташкил қилади. Уларга олий ва ўрта-махсус маълумотли 62 нафар мураббий устозлик қилмоқда. Машғулотлар тасдиқланган жадвал асосида олиб бориляпти. Ёш спортчилар футбол, қўл тўпи, миллий кураш, дзюдо, бадиий гимнастика, стол тенниси, бадминтон бўйича маҳоратларини оширишлари учун шароитлар етарли даражада яратилган.

Натижалар ҳам албатта, шунга яраша бўлмоқда. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиларидан 178 нафари мамлакат миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиб, улардан 60 нафари фахрли ўринларни қўлга киритди.

Шунинг билан бирга, айрим муаммолар ҳам мавжуд. Мисол учун, мактабдаги мавжуд 19 спорт тури учун жиҳозлар харидига бор-йўғи 13 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилган. Аслида ҳар бир спорт тури учун 10 млн. сўмдан, жами 190 млн. сўм ажратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бундан ташқари, спорт мактаби тасарруфидаги “Ёшлик” ёпиқ сув ҳавзасининг насос ҳамда иситиш тизимлари таъмирталаб ҳолатга келиб қолган бўлса, “Навбаҳор” марказий ўйингоҳининг 3000 минг томошабинга мўлжалланган ўриндиқларини янгисига алмаштириш зарурати мавжуд.

Навбаҳор тумандаги 11-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолияти ўрганилганда ўқувчиларнинг санъатга ошно этиш учун етарли шароитлар яратилгани, бироқ овоз кўчайтиргич мосламасига, овоз ёзиш студиясига эҳтиёж мавжудлиги маълум бўлди.

Ўз биносига эга бўлмаган “Баркамол авлод” болалар мактабидаги тўгаракларга эса 120 нафар ўқувчи қатнамоқда. Бироқ, ўқув хоналари яхши жиҳозланган. Шунинг билан бирга, тикувчилик дастгоҳлари, компьютер техникалари эскириб кетган, интернет талаб даражасида эмас. Мактаб маъмурияти билан бўлган суҳбатда бошқа бир қанча муаммолар борлиги ҳам маълум бўлди. Жумладан, биринчи навбатда мактабга янги бино зарур. Эскириб кетган моддий-техникани янгилаш, айрим тўгараклар учун керакли жиҳозларни харид қилиш лозим.

Ўрганишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан партия томонидан тегишли ишлар амалга оширилади.

 

ЎзХДП Навбаҳор туман кенгаши

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш