Депутат Санжар Мавлонов сайловчилар ишончини оқлаяптими?

Депутат ташаббускор, қатъиятли бўлса, сайловчи унга ишонч билдиради. Ўз муаммалари, қувончли онларига уни шерик қилишни истайди. Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашидаги Халқ демократик партияси аъзоси Санжар Мавлонов ҳам ана шундай депутатлар сирасига киради. Ҳар бир мурожаатга жиддий қараб, муаммони охирига етиб, ечимини топмагунча тинчимайди.

Аҳоли билан учрашувларнинг бирида Олмазор тумани «Орзу» маҳалласида истиқомат қилаётган С. АБдураҳмонова депутатга ўзини ўйлантираётган масала ҳақида гапирди. Ўғли Шавкат Абдураҳмонов кўп йиллардан буён гломерулонефрит аралаш тури билан оғриганини маълум қилди. Хасталик оқибатида фарзандининг икки буйраги ишламаслигини, доим шифокорлар назоратида туриши зарурлигини куйиниб гапирди. У ўғлини имтиёзли равишда тиббий кўрикдан ўтказиб туриш ҳамда зарурий дори воситаларини олишда кўмак сўради. Санжар Мавлонов вазиятни яхши англаб, амалий кўмак кўрсатди.

Депутат сайлов округидаги маҳалла оқсоқоллари, фаоллари билан доимий алоқа ўрнатган. Бу ҳам депутатга сайловчиларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш имконини бермоқда. Масалан, «Орзу» маҳалласи раиси депутат билан суҳбатда маҳалладошларини ўйлантираётган масала ҳақида гапирди.

Маълум бўлишича, маҳалладаги электр токини тақсимлаб берувчи трансформатор, юқори кучланишли электр тармоғидаги устунлар эскирган экан. Шунингдек, изолятор ва ток ўтказувчи симлар аллақачон яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Бунинг оқибатида электр токини тез-тез ўйнаб, аҳолиннг маиший техника воситаларининг ишдан чиқишига сабаб бўлаётган экан. Депутат ушбу ҳолат бўйича туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юборди. Кўп ўтмай муаммони бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотнинг қарори қабул қилинди. Ижроси устидан назорат ўрнатилган.


Гулчеҳра ХОЛМАТОВА,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши бўлими мудири.

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш