Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган «Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг фаол вакили сифатида мени ҳам ғоят қувонтирди. Очиғини айтганда, жорий йилда ногиронлиги бор шахслар ҳар томонлама, ҳар доимгидан ҳам кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда.

Тўғрисини айтганда, «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун кучга киргунга қадар ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳаётда кўплаб муаммоларга дучор бўлганини инкор этиб бўлмайди. Шукрки, Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ушбу муаммолар сезиларли даражада камайди.

Эътибор ва ғамхўрлик туфайли сўнгги йилларда мамлкатимиз паралимпиячилари ҳам мамлакатимиз довруғини дунёга ёйишга фаол ҳисса қўшмоқда. Айниқса, Ўзбекистон ногирон-ампутантлар футболи жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. 1988 йили мамлакатимизда ногирон-ампутантлар футболига асос солинган бўлса, шу вақт ичида Ногирон-ампутантлар терма жамоамиз аъзолари беш карра жаҳон чемпиони бўлишди. Аммо шу пайтгача бирор маротаба миллий даражада мусобақа ўтказилмаган эди. Энди «Матонат футбол» маркази республикамизнинг барча вилоятларида ногиронлар тўп суриши учун етарли шарт-шароит яратиш, энг иқтидорли ёш йигит-қизларни футбол машғулотига кенг жалб қилиш йўлида хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, ҳозирги кунда Жиззах, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкентда жамоалар шакллантирилган.

Жорий йилнинг 6-9 март кунлари Косонсой туманида ногирон-ампутантлар ўртасида мамлакат тарихида илк маротаба республика чемпионатининг биринчи тур мусобақалари уюштирилди. Унда республикамизнинг турли вилоятларидан 6 та жамоада жами 60 нафардан зиёд футболчилар қатнашди.

 Ҳар бир инсон ўз иқтидорини рўёбга чиқаришга ҳақли. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори мазмун-моҳиятида ана шундай ғоя мужассам. Боиси, ушбу қарор жисмидаги кемтикни шиддати ва жасорати билан тўлдириб, қизиқишларини профессионалликка айлантириб, юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қуватлашга қаратилган.

 

Жавлонбек АБДУЛЛАЕВ,

халқ депутатлари Наманган вилояти

Косонсой туман Кенгаши депутати.

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш