Камтарин инсон, етук сиёсатчи эди
Улуғбек ИНОЯТОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:
— Яқин сафдошимиз, садоқатли дўст, етук сиёсатчи, моҳир журналист ва камтарин инсон Сафар Остонов ҳақида хотираларни гапириш мен учун оғирдир. Чунки у киши кечагина ёнимизда эди. Партиямиз жонкуяри, сўнгги нафасигача партия ғояларига содиқ қолган ва умрини халқимиз бахт-саодати йўлида бахш этган инсондан айрилиш кўп минг сонли партиядошларимиз учун ҳам оғир йўқотиш бўлди.
Менга шундай инсон билан елкама-елка туриб меҳнат қилиш насиб этганидан фахрланаман. Сафар Остонов ҳақиқий партия фидойиси, фахрийси сифатида ҳамиша партия аъзолари, электорати дарду ташвишлари билан яшади. Айниқса, кам таъминланган, ногиронлиги бор инсонларни ҳимоя қилиш, улар учун муносиб шароит яратиш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб, сидқидилдан хизмат қилди.
Яшириб нима қиламиз, кўплаб депутат ва сиёсатчиларни ҳамма ҳам танимаслиги мумкин. Лекин Сафар акани республикамизда билмайдиган инсон кам бўлса керак. У киши ҳатто олис қишлоқлардаги оддий одамларнинг қалбигача кириб борган сиёсатчи эди. Қайси жойда, қайси даврада бўлмасин, самимий, куюнчаклик билан қилган чиқишлари орқали халқнинг меҳрини қозонар эди. Одамларнинг ўй-хаёллари, дард-ташвишлари билан яшаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш йўлида тиним билмаслик Сафар аканинг ҳаёти мазмунига айланган эди.
Сафар Остонов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ижтимоий-иқтисодий тараққиётимиз учун зарур бўлган муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга катта ҳисса қўшди. Ҳаётини, билим ва тажрибасини халқимиз бахт-саодати йўлига бағишлади.
Камтарин инсон, партиямиз фахрийси, халқимизнинг самимий ва фидойи фарзанди Сафар Остоновнинг ёрқин хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади.
«Шундай аканинг синглиси эканимдан фахрланаман!..»
Шарофат ОСТОНОВА, синглиси:
– Ёшлигимиз, болалигимиз Самарқанд вилоятининг Оқдарё тумани, “Олчин” қишлоғида ўтган. Эсимни таниганимдан бошлаб акамни китоб ўқиб турган ҳолатда кўрардим. Қишлоқда ўсганмиз, биласиз, у ерларда иш кўп бўлади. Сафар акам уй ишларини қилишда ҳам, масалан, молҳолга қараш пайтида ҳам бир қўлларида ҳар доим китоб бўларди. Кундузлари далада ишлаб, кечга китоб ўқиб чиқардила. Онам раҳматли “ўғлим, кўзинг толиб кетди, чироқни ўчира қол энди, дам ҳам олиш керак”, деб айтсалар ҳам қўлларидан китоб тушмасди. “Йўқ, онажон, китоб ўқимасам, эртага ким бўлиб етишаман”, деб яна берилиб ўқишга шўнғиб кетардилар.
Отамиз Остон бобо ва онамиз Бибираджаб Холиқовадан уч фарзанд қолди. 2 та акам ва мен. Сафар акам иккинчи акам эдилар. Отам биз анча ёш бўлганимизда оламдан ўтганлар. Ўшанда катта акам 20 ёшда, Сафар акам 16 ёшда, мен эса 13 ёшда эдим. Жуда қийинчилик билан катта бўлганмиз. Катта акам тиббиёт йўналишида ўқирдилар. Сафар акам журналист бўлишларида шу акам йўл кўрсатган.
Эсимда, бир куни Жаҳон акам Сафар акамдан “қайси касбни танламоқчисан?”, деб сўраб қолдилар. Акам “учувчи бўлмоқчиман”, дедилар.
Катта акам “Йўқ, сен журналист бўлишинг керак. Кўп китоб ўқийсан, яхши фикрлайсан, тилинг равон, менимча, шу касбни танлаганинг яхши”, дедилар. Бу фикр Сафар акамга ҳам маъқул тушди.
Тақдир экан, шифокор бўлишни ният қилиб интилган Жаҳон акам дабдурустдан вафот этдилар. Эслашимча, 21 ёшлар атрофида эдилар. Сафар акам билан бўзлаб қолдик, ота-онамиз, суянадиган акамиз ҳам йўқ энди...
Акам ўрта мактабни қишлоғимиздаги мактабда тамомладилар. Сафар акам “мен журналист бўламан”, деб яхши ниятлар билан Тошкентга ўқишга келдилар. Олийгоҳга қабул қилиндилар. Ўша пайтда эшитиб шунчалар қувонганманки. Акамдан умидим катта эди, бир томондан катта акамнинг орзулари амалга ошади, иккинчи томондан китоб ўқишни яхши кўрадиган, китобга суянадиган акамнинг яхши журналист бўлишига ишониб, қувонардим.
Мен тоғамнинг қўлида қолдим. Акам “боришга уйимиз йўқ-ку”, деб қишлоққа камданкам борардилар. Таътил пайтлари ҳам битта жойда яшайдиган курсдошлари ҳаммаси уйига кетганида, акам битта ўзи қоларканлар. “Қаерга ҳам бораман, ундан кўра шу ерда қоламан, китоб ўқийман”, деб айтарканлар. Акам раҳматли, нимага эришган бўлса, ҳаммасига ўз кучи, меҳнати ва билими билан эришди. Чунки бизга суянчиқ бўладиган, қўллаб-қувватлайдиган ота-онамиз йўқ эди.
Вафотларидан олдин тоблари қочганини эшитиб, Самарқанддан Тошкентга келдим. Уйларига бордим. “Кун иссиғида оввора бўлиб нима қиласан”, деб келишимга кўп қаршилик қилдилар. Кейин билсам, мени бу ҳолатимда кўрмасин, синглим сиқилиб қолмасин, деб ўйлаган эканлар. Келган куним ҳам “бирровга ишхонага ўтиб келишим керак”, деб чиқиб кетдилар. Ўша куни уйга бир дунё қоғоз, китоблар билан кириб келдилар. Қўллари қалтираб ручкани олганлари ҳеч кўз олдимдан кетмайди.
“Акажон, тобингиз йўқ, дам олинг, илтимос, соғайганингиздан кейин шу ишларингизни қилаверасиз”, десам ҳам кўнмадилар.
“Йўқ, буни ёзишим керак, ёзмасам бўлмайди, китобимни тугатишим керак, чиқаришим керак, ярмини ёзганман, қолганини ҳам қилишим шарт”, деб қайта-қайта такрорлаб, ёзишда давом этдилар. Ўша куни анча ёздилар. Шифохонадан келганларига ўзи 4 кунча бўлган экан, зўрға, қийналиб нафас олардилар.
“Хавотир олма, синглим, мен ҳали тузаламан. Кўп нарса ёзаман ва ёзишим керак”, дедилар. Шу менга айтган охирги гаплари бўлди. Акам мен эсимни таниганимдан бери ўқишим керак, ёзишим керак, деб ўтдилар. Токи, сўнгги кунларигача... Шу куни яна шифохонага кетдилар. Кейин акамни бошқа кўрмадим...
Ўша куни “бу қандай китоб, ака, нима ҳақида ёзяпсиз”, деб сўрамаганим армон бўлди менга. Касаллик анча енгиб қўйган акамдан хавотирланганимдан, шу ҳеч хаёлимга келмабди...
Акам билан бошланган илк хотираларим ҳам, унинг охири ҳам фақат китоб билан боғлиқ бўлди. Умрининг охиригача, ўқишни канда қилмади, китоб билан дўстлашди. Мен шундай аканинг синглиси эканлигимдан бир умр фахрланаман!
Кўнгли тоза эди
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ёзувчи, журналист, филология фанлари доктори:
— Бир йил бўлмади, Сафар ака: “Мақолаларимни тўплаб қўйганимга йигирма йил бўлди, шуни китоб қилмоқчиман, бир ўқиб берсангиз”, деб қолди. “Э, яшанг, ака, тезлатинг!” дедим. Қўлёзмани икки кунда қайтардим, “Қўлим салгина бўшасин, пишитаман, нашрга топшираман”, деди.
Эллик йилдан бу ёғига қўли бирон кун эмас, бирон лаҳзага бўшамаган журналист, энди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлганида, “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари кўплаб вақтли нашрлар қатори оғир таназзул “шодиёнаси”га ғарқ бўлган, мурожаат қилувчилар сони геометрик суръатда ошиб бораётган бир паллада ўзининг ўткир мавзулардаги мақолаларини жамлаб, уларга сайқал бериб, нашриётга олиб боришга фурсат топармиди?!
Сафар Остон ўзи учун вақт топмади, бор ҳаловатини унга мурожаат қилган оддий кишиларнинг оғирини енгил қилишга, дардига малҳам излашга, кўз ёшларини қуритишга бахшида қилди.
Бир замонлар “Ёш ленинчи” номи остида чоп этилган газета “Туркистон” номини олган ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқов Бош муҳаррирлигида нашр этилган йилларда ниҳоятда оммалашди. Газетанинг ҳар бир сони талаш, қўлма-қўл ўқилди. Таҳририятда нафаси ўткир, қалами тиғдор журналистлар жамланган, Сафар Остонов ўша маълуму машҳур “туркистон”чиларнинг олдинги сафидаги жангчи, жанговор журналистлардан эди.
“Прокурор Гайданов ва 700 минг АҚШ доллари”, “Ҳукмни тарих чиқаради”, “Тергов тегирмони”, “Топталган тақдирлар” деб номланган мақолалар “Ўзбек иши”, “Пахта иши” тамғаси остида ўтказилган қирғинбаротларни фош этишга қаратилди. Санаб ўтилган мақолаларнинг қиммати шундаки, уларни Сафар Остонов ўша кирдикорлар айни авжига чиққан кезларда ёзди. Матбуот орқали тиккасига мурожаат қилди, мурожаатига жавоблар олди, жавобларни ҳам жавобсиз қолдирмади.
Сафар акада қўрқув туйғуси йўқ эди!
Аканинг дастхати ила битилган “Умид билан яшагин” мақоласи экранда фильм томоша қилаётгандай ўқилади. Қоракўл туманида яшовчи камтарин-камсуқум, лекин ўзаро муҳаббат-садоқатга бурканган эр-хотинга бағишланган қўшиқдай ўқилади. Сафар Остонов бу фильм-қўшиқни 35 йил муқаддам ёзганди, мақола кенг газетхонларда ҳамдардлик ҳиссини жўшдирди, муносабатлар оқими газета саҳифаларини тўлдирди. Орадан 35 йил ўтганда хонадон бошига тушган айрилиқдан хабар топган муаллиф оддий инсоний бурчини адо этиш ниятида Қоракўлдаги таниш хонадонга кириб борди.
Сафар Остон ўзбек спорт журналистикаси дарғаларидан эди. Миллий терма жамоанинг Япония майдонларидаги мардонавор “жанг” кунлари футболчиларимиз ёнида турди, Руслан Чагаев Валуевдек қоякелбат боксчига юзма-юз келганда, ўша машҳур ринг чеккасидан нари силжимади, умрининг охиригача афсонавий Руфат Рисқиевдан хабар олишни канда қилмади.
...Ёши улғайгани сайин ғайратига ғайрат қўшилди, жамоат арбоби сифатида оташин нутқлар ирод этди. Кўнгли тоза эди...
Жасорат ва ўткир қалам соҳиби
Олимжон ЎСАРОВ, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси:
— Таниқли журналист, минглаб шогирдларнинг устози орамиздан кетиши ўзбек журналистикаси учун оғир йўқотиш бўлди. У киши ҳеч бир муболағасиз, ҳуқуқшунослик журналистикаси бўйича мактаб яратган эди. Бугун катта авлод журналистлари кўп эслашди: Сафар ака 1980-1990 йилларда жасоратли, қалами ўткир, соҳамизнинг олд журналистларидан бири бўлган. Ўша йиллар газета ва журналлар тахламини варақлаб, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин. Шу билан бирга, устоз ўзбек матбуотида спорт журналистикаси равнақига ҳам катта ҳисса қўшди. Унинг қатор суд очерклари, журналистик суриштирувлари ўз даврида қўлма-қўл ўқилгани ҳам кўп эсланди.
Сафар Остонов одамлар руҳиятини, мақсад-ниятларини тушунган ҳолда, мамлакатда кейинги пайтда рўй бераётган ўзгаришларни моҳирона тасвирлаб, уларнинг қалбида эртанги кунга катта ишонч олиб киришга интиларди. У киши бирон залда нутқ сўзласа, худди орзиқиб кутилган маърузани тинглагандан сўнг қарсаклар билан олқишлаш ҳолатлари ҳам тез-тез такрорланиб турарди.
Бир сўз билан айтганда, Сафар ака ўзбек журналистикасида ўзига хос мактаб яратди. Шу нуқтаи назардан ҳам устоз беиз яшамади. Бугун у кишининг юзлаб шогирдлари нуфузли идора ва ташкилотларда фаолият юритиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшишмоқда.
Ўз мактабига эга эди
Ҳусан ЭРМАТОВ, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари Бош муҳаррири:
— Сафар Остонов ўзбек журналистикасига ҳалол хизмат қилган атоқли ижодкор, адолат ва ҳақиқат учун ҳаётини бахш этган мард инсон эди. Биз устозни ҳали кўп эслаймиз, кўп қўмсаймиз ҳам.
У умрининг сўнгги йилларини “Ўзбекистон овози” таҳририяти учун сафарбар қилди. Ўз мактабига эга бўла олган саноқли нашрлардан бири бўлмиш ушбу газета саҳифаларида унинг қалб қўри, кўз нури эвазига яратилган қанчадан-қанча таҳлилий мақолаларда жамиятдаги долзарб муаммолар, чигал масалалар, одамларни қийнаб келган, турли даражадаги мутасаддиларнинг хато ва камчиликлари, жиноятлари очиб ташланмади, дейсиз. Буларнинг бари учун инсон энг аввало, ҳалол ва виждони уйғоқ бўлиши керак, унинг одамларга бўлган чексиз оқибати бўлиши керак, ва бу, шубҳасиз, Сафар акада тўла мужассам эди.
Сафар Остонов бирон-бир мавзуни беписанд қолдирмасди, ҳеч бир муаммога бефарқ қарамасди, энг муҳими, таҳририят унинг иккинчи уйидек бўлиб қолганди. Биз уни шанба ва якшанба кунлари ҳам Матбуотчилар кўчасидаги қадрдон бинонинг учинчи қаватидаги кабинетидан, қизғин иш жараёнидан топар эдик. Бу жиҳатдан, журналист учун иш вақтининг меъёрлари бўлмайди, деган азал қоиданинг амалдаги ёрқин ифодасини ҳам Сафар акада кўриш мумкин эди. Назаримда, у ҳар бир тайёр бўлган, ёзилган ёки таҳрир қилиб чиқилган мақоладан сўнг ўзгача ҳузур ололган, ўз ишидан роҳат туйган, бу энди ҳаммага ҳам насиб этмайдиган бир бахтдир.
Сафар ака кучли инсонларнинг ҳар бирига хос бўлган кечмишдан холи эмасди, яъни дўстлари қаторида рақиблари, баъзи ўринда “душман” деса арзийдиган душманларига ҳам эга бўлолган ижодкор эди. Бу табиий, аслида душмани бўлмаган одам ҳаётда ўз позицияси бўлмаган кишидир. Шу маънода, унинг ҳатто вафотидан сўнг ҳам баъзи эътирозлар билан эсланаётганида бошқа ҳикмат бор, назаримда. У ҳатто бу дунёдан кетиб ҳам ҳали кучи йўқолмаган, кимларгадир ўз таъсирини сақлаб қололган қувватга эга. Дарҳақиқат, демакки, уни яхши фикр билан, дуолар билан эслайдиганлар сони чандон ва чандон кўпроқ ва ортиқроқ. Биз ҳам аканинг охиратини сўраймиз, Аллоҳдан унинг иймонини ўзига йўлдош қилишини, жаннат боғларига дохил кўришини тиловчилар қаторида турамиз.
Ҳаммага ҳам ўз касбига чексиз садоқат билан хизмат қила олиш бахти насиб этсин!
Асл инсон эди
Салим ДОНИЁРОВ, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари Бош муҳаррири:
— Бу дунёда яхши одамни йўқотишдек оғир қайғу йўқ. Бугун кечагина сафимизда юрган забардаст устоз – Сафар Остоновни ёруғ ўйлар билан хотирлаб турибмизу, юрагимиз оғрияпти.
Сафар ака билан хизмат сафарларида, тадбирларда, тўй-маросимларда бирга бўлганмиз. Меҳрибон, дилкаш инсон эди, ўз касбини, одамларни яхши кўрарди. Шундан бўлса керак, устозни танимаган инсон кам топиларди.
Устоз маслаҳатгўй журналист эди. Етмишдан ошибдики, жамиятдаги фаоллиги бир зум бўлса-да сўнмади. Мамлакатимизда ўтган халқаро миқёсдаги нуфузли тадбирларда доим журналистларга бош-қош бўлди. Йўл-йўриқ кўрсатди, ҳамкасблари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилди. Катта тадбирларда ташкил этилган матбуот марказига ёш журналистларнинг маслаҳат сўраб келганига кўп гувоҳ бўлганмиз. Уларнинг ҳар бири Сафар ака учун бирдек қадрли эди.
Сафар ака билан бир бинода кўп йиллар бирга ишладик. Шу боис, тез-тез учрашиб турардик. Суҳбатимиз мавзуси ҳам турлича бўларди. Қайси мавзуда гаплашмайлик, у киши ўз фикрини аниқ, дадил айтиши билан ҳавасимизни келтирарди. Бу хислатини умрининг сўнггига қадар ҳам йўқотмади, эътиқодига собит яшади.
Сафар Остонов Ўзбекистонимизни буюк меҳр билан севарди. Шу ватаннинг ҳар бир гиёҳини қадрларди. Устоз ёзган мақолалари, таҳлилий-танқидий чиқишлари орқали барчамизга Ватан олдидаги энг олий бурчни адо этиш шарафини кўрсатиб кетди.
Журналистикада ўзига хос мактаб яратиш ҳам катта мартаба. Сафар Остонов шу мартабани ҳам забт этди. Шу нуқтаи назардан ҳам устоз беиз яшамади. Бугун у кишининг ўнлаб шогирдлари нуфузли нашрларда, давлат ва жамоат ишларида юртимиз равнақига ҳисса қўшмоқда.
Кейинги йилларда Олий Мажлис депутати сифатида ҳам самарали фаолият юритди. Депутат халқ дарди билан яшашга киришган қизғин бир даврда ислоҳотларга ҳуқуқий пойдевор яратишга ҳисса қўшиш бахти ҳам насиб этди. Ишончимиз комилки, бугун халқимиз манфаатларига хизмат қилаётган кўплаб ҳужжатларда Сафар Остоновнинг ҳам қўл излари бор.
Самимий инсон умрининг сўнгига қадар ҳаётга меҳр билан яшади. Жон бор жойда қазо бор, дейди халқимиз. Тақдир йўриғи шу.
Бугун устозни хотирлар эканмиз, хаёлимиздан шу бир гап ўтди: асл одам ҳеч ўлмас. Ҳа, Сафар Остонов бизнинг, замондошларининг, яқинларию шогирдларининг қалбида қайноқ меҳри, маъноли нигоҳи, матбуотда битилган дил сўзлари билан яшайверади.
Ҳақиқатнинг нотекис йўли
Шуҳрат ЖАББОРОВ, “Халқ сўзи” газетаси Бош муҳаррири ўринбосари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:
— Сафар Остонов ҳуқуқшунослик журналистикаси бўйича мактаб яратган эди. “Пахта иши”, турғунлик даврида адолатсизлик азобига гирифтор бўлган фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг шаънини оқлаш борасида тер тўкиб меҳнат қилди. Бу билан кўплаб юртдошларимиз тақдирида беқиёс роль ўйнаб, неча-неча оилаларга қувонч ҳадя этди.
Кечагидек эсимда, деновлик журналист ноҳақ ҳибсга олинганида то озодликка чиқмагунча Сафар ака тиним билмадилар. Адолат қарор топганда бу кимнинг хизмати эканлигини эслаб ўтиришмади.
Сафар ака қаерда ишламасин, Президент девонидами, газета муҳарририми, унинг қабулига гуруҳ-гуруҳ одамлар адолат истаб келишарди. Бирор ҳолда “Бу масала менга тааллуқли эмас”, деб жавоб қилмасди. Эсимда, устоз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлиги қўйилганида тажрибали ҳуқуқшунос Убайдулла Мингбоев: “Депутатлар корпусида сизга ўхшаган қонунни яхши тушунадиган мутахассислар бўлса, айни муддао”, деб кўпнинг фикрини ифода қилганди.
Якшанба кунлари биз, журналистлар андак тин оламиз. Лекин Сафар ака учун бу истисно. Агар у кишида муҳим гапимиз бўлса, дам олиш куни албатта ишхонадан топардик.
— Мен Сафар акадек ишга фидойи, жонкуяр одамни кўрмаганман, — дейди ўн саккиз йил ҳайдовчилик қилган Ўткир ака. — Қушда тиним бор, лекин Сафар акада тиним бўлмасди.
Ижод оламида ёш кадрларни эринмасдан ҳафсала билан тарбиялаш борасида устознинг алоҳида ўрни бор эди.
Матбуотда эл дилидаги сўзни мақбул шаклда тақдим этиш, ҳамиша адолат томон бўлиш, эзгу сўз билан одамлар қалбига йўл излаш борасида Сафар Остоновнинг намунаси кўп вақт бизга ибрат бўлиб қолади. Охиратингиз обод бўлсин, устоз!
Қалами синмаган журналист
Норқобил ЖАЛИЛОВ, “XXI аср” газетаси Бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:
— Бошқа таъриф тополмадим. Ростданам шундай тақдир насиб этди унга. Сўзи синмади. Қалами синмади унинг.
Бир кунгина одамдай оёқни узатиб, дўсту ёрлар, жигаргўшалари даврасида тинчгина ўтирганмикан, деган ғамгин савол ҳамон мени ўртайди. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, ўзимизга яраша ташвишимиз ва унинг ортида қувончимиз бисёр. Лекин Сафар Остонов деган ўзиданам юраги катта бўлмиш журналистни билганимга сал кам қирқ йил тўлган бўлса, бирор кун беғалва, беташвиш, тинч, хотиржамгина яшаганини шахсан мен бир укаси, шогирди сифатида, тўғриси, эслолмадим. Аввалига бир хонада, битта газетада қўл остида ишладим, кейин турли нашрлару нуфузли идораларда хизмат қилган бўлса-да, деярли кунора хабарлашиб турардик.
...2007 йил эди ўшанда. Мен телевидениеда ярим штатда қолиб, у кишига ўринбосарликка ўтдим. Ҳафтада уч марта чиқади “Ўзбекистон овози”. Тағин русча иловасиям бор. Сони кўпу сифати кам ходимларнинг чала-чулпа материалларини қиртишлаб, таҳрир қилиб ўтириш, тағин ортиқча мажлисларга бориш, яна денг ярим тунгача “вёрстка”(саҳифалаш жараёни)да тик оёқда юриш ва ниҳоят “ЎзА якуни”дан кейин ҳам уйига шошилмаётган устоз хонасига “энди кетмасак бўлмас”, дегандек секин мўралайман. Беш-олти киши ўқийвериб, бўялиб, тузатилиб, ҳатто катта навбатчи ва ўзи ҳам бош муҳаррир сифатида имзо чекиб, босмахонага тушиб кетаётган тайёр саҳифаларни яна қайта-қайта кўздан кечираётган Сафар ака зўрға бошини кўтариб, “қаёққа шошиласиз, борасиз-да шу уйга”, деб қўярди...
Эҳ-е, бу инсоннинг сабру бардоши, матонати, тўғрисўзлиги ва энг муҳими, қаламга содиқлиги ҳар бир журналистни, шогирду талабаларни ҳайратга соларди. Лекин бирор марта касбидан, бажариб турган ишидан нолиганини эслолмайман. Балки, бир дақиқа аввал кимдандир ўкингандир, ёхуд шу вақтгача охири кўринмайдиган ҳақ-ноҳақ шикоятчилару аканинг ортидан азбаройи вазифада ўтиргани учунгина пойи-патак бўлиб юрган кунда-шунда манфаатпарастлардан зада бўлгандир, қойил қолганим, буларнинг бирортасини ҳеч қачон сездирмасди. Ҳаммасига жимгина, жилмайиб жавоб қиларди. Аммо бирортаси алдаса, мунофиқлик қилса, анча вақтгача эзилиб юрар, кечиролмасди.
Шу йил апрелнинг ўртасида касалхонага тушди. Лекин қачон телефонда гаплашсак, суҳбатимиз мавзуси мамлакатдаги сиёсий-ижтимоий ҳаёт ва асосийси, ОАВлар, жумладан, босма нашрлар тақдири, журналистларга муносабат хусусида бўларди, десам янглишмайман.
Энг охирги қўнғироқ 5 июнь куни бўлди. Бу алоҳида мавзу. Қаламга суяниб, одамга суяниб жон берган устозимнинг охирати обод бўлмоғини Худойимдан куну тун сўрайман!
Самимият тимсоли
Нарзулла ЖЎРАЕВ, сиёсий фанлар доктори, профессор:
— Мутахассисларнинг хулосаларига кўра, мураккаблиги жиҳатидан журналистлик касби шахтёрлик касбидан кейинги иккинчи ўринда турар экан. Зотан, бир сўз ёки бир ҳарф устида ишлашдан тортиб, серқирра ҳаётнинг барча соҳаларининг туб моҳиятигача ўрганишга ҳамиша интилиб, ақлини, истеъдодини, ижодий руҳияти ва ҳаётий кайфиятини изланиш билан ўтказадиган кишининг касбий машаққатини фақат унинг ўзигина билади, холос. Бундай ички драматизмни, руҳий ва ижодий изтиробни, куюнчаклик, фидойилик фазилатлари билан қоришиб кетган ҳодисани Сафар ака Остонов қиёфасида, гапларида, юриш-туришларида яққол кўрардим.
Сафар ака ҳаётнинг зиддиятларини, қарама-қаршиликларини чуқур тушунган ҳолда, яхшилигу ёмонлик, эзгулигу ёвузлик тўқнашган нуқтада яшаб турган бир пайтида ҳаётдан фақат ҳикмат излар эди. Энг ёмон одам билан тўқнаш келганда, аввало ундан фазилат излар эди, яхши томонини кўришга интилар эди. Афсуски, ҳаётда бундай қарашдагилар камдан-кам учрайди.
Сафар акани қарийб 40 йилдан буён биламан. Ёнма-ён таҳририятларда ишладик, Президент девонида бирга хизмат қилдик. Бир нарсага иймон келтираманки, Сафар ака қаерда, қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар, ҳамма вақт, ҳар қандай шароитда ўзгармаган, бир хил ҳолатда юрган. Амал, унвон, даражалар, турли дахмазалар унга шунчаки ҳодиса эди. Ўзини ҳамиша жамиятнинг, фуқароси бўлган давлатнинг хизматкори, эл-улуснинг ишончли ва садоқатли фарзанди эканлигини чуқур ҳис қиларди. Унга хизмат вазифаси олий унвон, юксак ишонч имконияти эди.
Сафар Остонов кам учрайдиган жонкуяр, ҳар бир ишини чин юракдан уддалайдиган, ўртоқларига бир маромда самимият билан қарайдиган ва ҳамиша уларни қадрлайдиган инсон эди. Буни унинг ҳар бир хатти-ҳаракатида, жон куйдириб гапиришларида, ўтли-оловли мақолаларида кўриш мумкин. Сафар ака ҳар қандай тиғиз шароитда ҳам қўққисдан келиб қолган ўртоқлари, дўстлари ё шогирдлари билан бафуржа суҳбат қуришга вақт топар эди. Бир мавзуда мунозара бошланса, мавзунинг икир-чикиригача изоҳлаб берарди. Сўзининг охирида “Кўп гапираман-да” деб жилмайиб қўярди. Бундай қараганда ҳақиқатан ҳам кўп гапиргандай кўринарди. Чунки унинг ичи тўла гап, гап бўлганда ҳам, ибратли, ҳикматли, донишмандона гап бўларди. Шунинг учун уни тез-тез соғинардик, ҳузурига шошилардик. “Самимият нима? – деган савол туғилса, мен уни илмий-фалсафий жиҳатдан таърифлаб ўтирмасдим. Журналистлигимдан келиб чиқиб лўнда қилиб жавоб берардим: “Сафар Остонов!”.
Мен ажойиб дўст, садоқатли, фидойи ҳамкасб, тажрибали устоз Сафар Остонов билан бундан уч ойлар муқаддам ишхоналарида учрашган эдим. Узоқ суҳбатлашдик. Кўнглимизнинг ғуборини ёздик, ака-укалик меҳридан, муҳаббатидан қондик. Гап орасида “Мен, ҳали ёшман, ҳали биргаликда қиладиган яхши ишларимиз жуда кўп”, деган эди. Уни енгил чопқиллаб юришларига, ҳаракатчанлигига, фикрининг тезлиги ва тиниқлигига ҳавасим келарди. Ҳақиқатан ҳам, Сафар ака навқирон йигитларга ўхшар эди. Афсуски, уни бедаво дард орамиздан олиб кетди. Касал бўлганидан бехабар қолганим учун қайсидир даражада ўзимни айбдор, деб биламан.
Сафар Остонов Ўзбекистон миллий журналистикасида том маънода катта хизмат қилган – хизмат кўрсатган журналист, ҳамиша эл хизматида юрган, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида билимини, куч-ғайратини аямай сарфлаган халқ хизматкори – Олий Мажлис депутати эди. Бу ҳар икки унвон, ҳар икки шараф унга жуда муносиб эди.
Сафар Остонов – буюк мактаб. Биз унинг толибларимиз. Сафар Остонов – ҳикматли олам, биз бу оламнинг бироз армонли, бироқ бахтли, саодатли заррасимиз.
Жойлари жаннатдан бўлсин!
Ажойиб ҳамхона
Ҳайдар НОСИРОВ, фахрий журналист:
— Москвада сафарда бўлганимизда, икки ой у билан ҳамхона бўлганим ёдимга келаверади. Бирга яшамагунча бировни англаш қийин, деганлари бежиз эмас. Унинг соддалиги ва самимияти ҳар гапида ҳозир эди. у нималардандир кўнгли тўлмаганини ҳазиллашиб шундай баён қилганди:
– Агар бўй-бастим яна бир қарич юқори бўлганда, дунёни ағдар-тўнтар қилардим!
Ўшанда унинг ҳазилига мен ҳам ҳазил қилдим.
– Ахир Ленин пакана бўлса-да, бутун дунёни ағдар-тўнтар қилиб ташлаган. Сиз ундан бир ярим қаричча баландроқсиз!
– Гапингиз тўғри. Ҳамма нарса ниятга боғлиқ. Холислик эзгуликка йўғрилса бас.
– Ана бу бошқа гап. Порлоқ келажак сари собит турсангиз, кам бўлмайсиз.
Сафар билан 1979 йили халқаро спартакиадани ёритишда Москвада “Байкал” меҳмонхонасида бир ой ҳамхона бўлганмиз. 1980 йили Москва олимпиадасига бориш унинг учун қийинроқ кечди. Мен Роман Турпишев, Олег Якубов ва Темур Ниёзов билан “Россия” меҳмонхонасига жойлашиб, ташқарига чиқсам, Сафар келяпти, қўлидан чемоданини олиб, хонамга бошладим.
– Бўш келмадим, Ҳайдар ака, – деб гап бошлаган Сафар ўшанда. – Қарасам, шундай тарихий воқеани ўз кўзим билан кўришдан мосуво бўладиганман, таваккал қилиб марказқўм котиби Оқил Салимов ҳузурига бордим. “Оқил Умрзоқович! Мен олимпиадада ўзбек спортчиларининг иштироки ҳақида китоб ёзишга буюртма олганман, бормасам бўлмайди, – дедим. У киши оқиллик қилиб битта йўлланмани банд қилиб бердилар”.
Москвада бўлиб ўтган олимпиаданинг бетакрор экани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ўша даврда Москва – Тошкент соати 3 соатга фарқ қиларди. Шу боис тонг саҳар 6:00 да туриб, 9:00 да ишга келган стенографист қўнғироғини кутардик. Ёзишга вақт қаёқда, фақат диктовка қилиб, газеталарга қарийб бир саҳифалик туркум материаллар жўнатишда ҳамкор ва ҳамнафас бўлганмиз. Бир куни Москва ёғингарчиликларидан зерикиб: “Сафар, ана қуёш қизариб ботяпти, эртага ҳаво очиқ бўлади”, десам, шу гапларни у ўз китобига киритганини кейин билдим.
Саҳифалар аро сочилган умр
Аҳрор АҲМЕДОВ, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:
— Назаримда, ким-ким, Сафар ака ҳеч қачон касал бўлмайдиган, оғримайдиган, синиқмайдиган одам эди.... Ўлмайдиган ҳам...
Спортни яхши кўрарди. Муҳими, спортчасига соғлом турмуш тарзи, машқ, бадан тарбияни канда қилмасди. Илгари кўп вақтимиз мусобақаларда, “Пахтакор”да ўтарди. Яна бокс, кураш ҳам жони-дили эди. “Қачон бизнинг терма жамоамиз футбол бўйича жаҳон чемпионатига бораркин”, деб орзу қилардик. Анча йиллар олдин, 2018 йили Россиядаги жаҳон чемпионатига чиқса, албатта борамиз деб юрардик. Командамиз чиқолмади, биз ҳам боролмадик. Энди Қатар сари орзуланиб юрардик...
Умри ишда, ишхонада ўтди. Ҳамма жойда шанба-якшанба дам олинади. Лекин ака шанбада ишлар эди. Якшанба ҳам. Якшанбада кўпроқ ижодий ишлари билан банд бўларди. Анчагина қораламалари бор эди. Руфат Рисқиев ҳақида, “Пахтакор”чилар ҳақида, боксчиларимиз ҳақида, суд очерклари, воқеий қиссалар ва ҳоказо.
– Ака тезлатинг, зўр китоб қиламиз, – деб қистаб турардим. Руҳланиб кетарди. Энди ишга шўнғиганда, эшик очилиб, арзчими, шикоятчими кириб келарди. Ҳамма режалар барбод бўларди, ака қайси бир қишлоқдан келган дардманднинг дардига шўнғиб кетади. Ижод ҳам қолди, китоб ҳам. Эй дўст, бировнинг қабулига ким ўз хурсандчилиги, шодумонлиги билан келади. Аксинча, дардини тўккани, адолатсизлик, амалпарастларнинг юзсизлиги, порахўрлиги, беписандлиги, нафси ҳакалак отганидан шикоят қилиб келади. Адолат излаб келади. Гўё Сафар Остонов “Адолат” деган идоранинг маъсул ходими!.. Сирасини айтганда, одамларда мана шу фикрнинг пайдо бўлиши, уни таниши, ундан умид қилиши, илҳақлигининг ўзи катта гап. Адолатпарварлик, ҳақиқат тимсоли бўлиш – бу энди осмондан тушмайди. Унга меҳнат билан, ҳалоллик, жасорат, курашчанлик билан эришилади.
Ўқиб, қўл қўйилиши лозим бўлган газета саҳифалари ҳам қолиб кетади. Арзчининг арзи аканинг дарди. Ходимлар эшик олдида хуноб. Ахир газетани босмахонага топшириш керак, кечикса, жаримаси бор. Бу бир даромади гаплар, “портретга чизгилар” эмас. Бу Сафар аканинг ҳаёт тарзи, иш куни, иш услуби, юрак дарди. Балки, мана шу дардлар акани олиб кетди... Қарийб 50 йиллик газетачи. Саҳифалараро сочилган умр...
70-йиллар “Ёш ленинчи” газетасида жуда кучли, салоҳиятли жамоа йиғилганди. Мирзакарим Пирматов, Аҳмаджон Мелибоев, Жаббор Раззоқов, Зиёвуддин Ортиқхўжаев, Зайниддин Рихсиев ва албатта Сафар Остонов. Улар ортидан бизнинг авлод – Фарруҳ Раҳимов, Фозилжон Шодмоналиев, Қулман Очил, Сувонқул Рустам, Қурбон Эшмат, Рўзимбой Ҳасан, Норқобил Жалил... Газетанинг ютуғи мана шу икки авлоднинг ҳам услуб, ҳам ҳаётий қарашларидаги яқинлик, устозшогирдлик қадриятларининг бардавомлиги бўлди, халққа яқинлиги, унинг дарди билан яшаши, инсоний ва ижодий жасорати бўлди.
Сафар ака ана шу қаторда энг пешқадамлардан, энг жасоратлилардан, тенгқурларига садоқатли дўст, ёшларга беминнат, ҳалол устоз, ака эди. Бизнинг авлод мабодо ўз касбимизда озми-кўпми бир нимага эришган бўлсак, мана шу улуғ жамоа, улуғ қадрият, ҳалоллик ва ижодкорлик деган ўта оғир, ўта машаққатли, беҳаловат ва хоксор касбимиз, улкан мактаб, уддалай олган-олмаган шогирдлик, биродарлик, қаламкашлик заҳматлари аро эришдик.
Бу йўлда Сафар ака чин маънода ибрат эди. Ака менинг ўзимга ҳам устоз, дўст, маслаҳатгўй, сирдош-синоатдош эди.
Бундай одамни йўқотиш қийин, усиз энди янада қийин...
Сафар ака билан Каттақўрғонга сафар
Абдурауф ҚОРЖОВОВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:
— 2019 йилнинг ноябрь ойи. Кузакка хос кундузлари илимилиқ, тунлари анчайин совуқ кунлар. Лекин сайловолди тадбирлари туфайли жамиятда унинг ҳар бир дами қизғин баҳс-мунозарага, партиялар ўртасидаги ҳар бир ўрин учун курашга айланган. 63-Каттақўрғон округида ҳам ана шундай жараён. Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар билан ҳар бир учрашувда уларнинг ишончли вакиллари сайловолди дастурларидан келиб чиқиб, ўзиникини мақтайди, овоз беришга ундайди.
Халқ демократик партиясидан номзод Сафар Остоновга сўз берилиши билан учрашув қаерда ва қандай муҳитда ўтишига қарамай, одамларда қизиқиш ва жонланиш юз беради. Номзод телеэкран ва газета саҳифаларидан яхши таниш, қолаверса, пойтахтда катта бир рўзноманинг Бош муҳаррири эмасми, у кишидан ҳаётларини тубдан яхшилаб юборадиган, узоқ йиллик муаммолари ҳал бўлиб кетадиган фавқулодда сўзни, ваъдани кутишади.
Сафар ака ҳам одамлар руҳиятини, мақсад-ниятларини тушунган ҳолда, мамлакатда ва туманда кейинги пайтда рўй бераётган ўзгаришларни моҳирона тасвирлаб, уларнинг қалбида эртанги кунга катта ишонч, янгиланишлар эпкини ҳар бир хонадонга ризқ-рўз, рўшнолик олиб киришига умид уйғотади.
Учрашув тугагандан кейин унинг “асосий қисми” бошланади. Кимнинг маҳалласига ичимлик суви, газ етиб бормайди, олис қишлоқларга олиб борадиган йўллар абгор, чироқлар бир липиллаб қолса, кейин қачон ёнишини ҳеч ким аниқ айтолмайди. Кимнингдир фарзандига яхши шифокор, кимгадир рўзғорини бутлаш учун моддий ёрдам керак...
Ўйлайманки, Каттақўрғонда аввал бошланган кенг кўламли ишлар эл корига ярай бошлаганда, қутлуғ айём ва оддий тадбирларда эзгу амалларга ҳисса қўшганлар ҳаққига дуо қилинганда, забардаст ижодкор, азиз устоз Сафар Остоновни ҳам ёдга олишади. Демакки, у кишининг ҳам руҳлари шод бўлади. Бежиз отахонлар дуога қўл очганда, икки олам роҳатини кўринг, деб ният қилинмайди.
Дилкаш ҳамсуҳбат
Мавжуда ҲАСАНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Сафар акани 2016 йилдан буён яхши танийман. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати сифатида фаолият юритганимда ҳам, кейинчалик вилоят партия кенгашида ишлаганимда ҳам биз “Ўзбекистон овози” газетасига мақолалар бериш юзасидан тез-тез суҳбатлашардик. Партиямиз ижроқўм йиғилишларида ҳам кўп бора ҳамфикр бўлганман.
Олий Мажлисга келганимда эса у кишини янада яқинроқ билдим. Илк бор ўтказилган фракция йиғилишида шундай таклиф ва мулоҳазали гап айтганлари ҳали-ҳамон қулоғим олдида жаранглаб туради: “Доимо ён дафтарчаларингиз бўлсин, нима бўлса шу дафтарга туширинг. Топшириқ кўп, муаммолар кўп, ҳаммасини бирдан хотирада эслаб қолиш мушкул. Вақти келиб, шу дафтарни очганингизда ҳамма маълумотларни оласиз. Бундан асло эринманг. Ишонинг, бунинг сизга катта фойдаси тегади”.
Ҳақиқатда тўғри маслаҳат берган эканлар. Ҳар доим бирон иш қилдимми, дарҳол ёзаман. Ким қандай маълумот сўрамасин, дарҳол шу ён дафтаримни оламан ва керакли нарсани қийналмай топаман.
Сафар акани ўта билимли, ҳаётга реал кўз билан қарайдиган инсон сифатида ҳурмат қилардим.
Кеча 19 йил деганда биринчи марта “Ўзбекистон овози”ни Сафар Остоновнинг маслаҳатлари, ўгитларисиз саҳифалашга мажбур бўлдик. Жуда қийин ва мураккаб ҳолат. Жамоа аъзоларида аввал кузатилмаган руҳият: ҳеч ким бир хонада ўтиролмади, у хонадан бу хонага ўтамиз, ҳамма кимнидир қидиради, йўлакка чиқади, ичкарига киради. Бизга нима бўлди ўзи? Нега бу ҳолатга тушиб қолдик? Қаерда, қачон ҳаловатимизни йўқотдик?..
Қўш саҳифа материаллари тайёр бўла бошлагач, тушундикки, бу саҳифаларни Сафар акага олиб кира олмас эканмиз...
Устоз шифохонада эканида ҳам асосий асосий мақолаларни кўриб берар, биринчи муштарий ҳам ўзлари бўлардилар. Биз Сафар ака хаста деб ўйламабмиз, ҳар гаплашганимизда руҳлари тетиклигини сезиб, куч олиб турардик. Руҳият синиқлиги-оғир хасталик, Худога шукур, раҳбаримиз ҳеч қачон уни яқинига ҳам йўлатмади.
“Ўзбекистон овози” Сафар Остонов имзоси билан 2002 йил 5 февралдан буён чоп этилиб келди. 5700 дан ортиқ сон! Газета чиқарган, саҳифаларни ҳижжалаб ўқиган одамлар билади бу қанчалик заҳмат эканини...
Газета чиқариш бу инсоннинг бахти эди, шарафи эди. Шунинг учун ҳар бир саҳифага меҳрини берар, пешона терини тўкарди.
Ҳозир сиз ўқиётган саҳифаларга, яшириб нима қилдик, кўз ёшимизни ҳам тўкдик...
Яқинларга, яхшиларга раҳмат, Сафар акамиз ҳақида илиқ, тетик, меҳрли хотиралар билан бўлишишди. Сафар Остонов катта одам эди, баланд одам эди, шундай бўлиб қолади ҳам. Охирати обод бўлсин!
Таҳририят жамоаси
“Ўзбекистон овози”, 16.06.2021, №23