ЎзХДП: меҳнат муҳожирлари бизга “ўгай эмас”

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон манфаатларини ҳимоя қилишга, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга катта эътибор берилмоқда. Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат ҳимоясида экани Бош қомусимизда ўзининг мустаҳкам ифодасини топган. Аммо амалда-чи? Амалда ҳар доим ҳам айрим ташкилот ва идоралар инсон ҳуқуқлари масаласига панжа ортидан қараяпти. Айниқса, Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар масаласига давлат даражасида эътибор қилинаётганига қарамай, айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, Москвадаги кўп қаватли турар жой қурилишларидан бирида ишлаб келаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик муҳожирлар жорий йилнинг февраль ойидан бери маошларини ололмаёттганларидан норози бўлиб, Москва шаҳар прокуратураси олдида минтинг ўтказди. Youtube да тарқатилган видеода улар муаммосига Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси кўз юмиб келаётганлиги танқид қилинади.

Миграция табиий жараён. Дунёнинг бирор бир мамлакати айни бундан юз ўгиролмайди, миграция жараённи тўхтатишга ҳам қодир эмас. Бироқ мазкур жараённи тартибга солиши ва ўз фуқаролари учун ҳуқуқий ҳимоя механизмини яратиши мумкин. Ўзбекистон шу йўлда зарур ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Президентимизнинг “Хорижда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини янада кучайтириш тўғрисида”ги Фармони ҳам бунинг ёрқин исботи десак хато бўлмайди. Унда фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди. Мазкур ҳаётий ҳужжатда хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш ҳамда зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун меҳнат мигрантларига молиявий ёрдам кўрсатиш, улар учун миграцион ва меҳнат қонунчилиги бўйича қисқа муддатли ўқувларни ташкил этиш, муҳтож меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш каби масалалар қамраб олинган. Соддароқ қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур муҳим фармони хорижда меҳнат қилаётган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси эндиликда эътиборда, ҳимояда эканлигини англатади. Яъни мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси у қаерда, қандай шароитда меҳнат қилишидан қатъий назар уларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олиниши белгиланган.

Аммо Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги нега ҳаракатсизлик қилиб келаяпти? Ахир масалани чуқур ўрганиб чиқиб, ушбу ҳолат юзасидан тегишли чоралар кўрилишини ўз назоратига олиши керак эмасми? Бизнингча, меҳнат муҳожирлари бизга “ўгай эмас”. Улар ҳам шу юрт фарзандлари.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг электорати сифатида меҳнат мигрантлари муаммосини ижобий ҳал этиш бўйича мутасадди ташкилотларни, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини ҳамкорликда амалий ёрдам кўрсатишга чақиради. Масъул ташкилотларни ушбу жараён назоратга олинганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда расмий баёнот беришга чорлаб қоламиз. Бу билан меҳнат муҳожирларининг тегишли идораларга бўлган ишончини тиклаш, кучайтириш мумкин бўлади. Айни пайтда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ижтимоий муносабатларнинг барча жиҳатларини комплекс тарзда тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати, шунингдек, республика халқаро шартномаларида хориждаги вақтинчалик меҳнат фаолияти соҳасидаги меъёрлар мавжуд эмас. Юқоридаги маошларни ололмаслик билан боғлиқ нохуш ҳолатлар Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинган ҳужжатлардан келиб чиқадиган вазифалар ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, шунингдек, меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишни бугунги кун тақозо этмоқда.

 

ЎзХДП Матбуот хизмати

← Рўйхатга қайтиш