Бизнинг депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

 

Жамиятда сиёсий партияларга нисбатан айрим айбловларга қарамай, улар парламентда халқ ва электорат манфаатларини қаттиқ ҳимоя қилмоқда. Ҳар бир қонун лойиҳаси моддама-модда қизғин муҳокама этилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзолари “мудраётгани” ёки “қарсакбозлик” билан шуғулланаётгани йўқ. Керак бўлса, электорат манфаатларига зид бўлган қонун лойиҳалари ортга қайтарилмоқда. Масалан, Ҳукумат томонидан 2021 йил 21 майда киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон ХДП фракциясининг жорий йил 14 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда фракциямиз аъзолари қонун лойиҳасининг концепцияси ҳамда унда келтирилган моддалар бўйича эътирозлар билдиришди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қатор ўзгартишлар киритишни кўзда тутади. Хусусан, Жиноят кодекси 219-моддасининг биринчи кисми санкциясидаги жазо чоралари кучайтирилмоқда, яъни жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача оширилмоқда, шунингдек, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш жазо чораси киритилмоқда ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазоси бир йилдан уч йилгача кучайтирилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу модданинг иккинчи кисми санкциясидаги жазо чораларидан ахлоқ тузатиш ишлари жазо чораси чиқариб ташланиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чоралари эса тегишлича уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораларига алмаштирилган ҳолда жазо чораларини кучайтирилиши кўзда тутилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ички ишлар органлари ходимининг ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаганлик (194 ва 1941-моддалар), ички ишлар органлари ходимларининг ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатганлик (195 ва 1951-моддалар) ва ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик (198-модда) учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиш режалаштирилмоқда.

Аммо коронавирус пандемияси шароитида аҳолининг даромадлари камайиб кетган, даромадлари кундалик эҳтиёжларини қоплашга етмай турган бир пайтда жарималар миқдорининг оширилиши жамиятда ночор қатламнинг кўпайишига хизмат қилмайдими? Биз аҳоли орасида камбағалликни қисқартириш ўрнига уларни кўпайтириш йўлидан кетмаяпмизми?

Коммунал хизматлардан аҳолининг қарздорлиги ошиб кетган бир даврда жарималар миқдорини ошириш оддий халқни қийнаб қўядику, ахир. Шундай экан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ Демократик партияси фракцияси аъзолари таклиф этилаётган қонун лойиҳаси жиноятчиликни олдини олиш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш эмас, фақат жазо чораларини кучайтириш, жарималар миқдорини оширишга қаратилган, деб ҳисоблайди.

Келгусида ушбу қонун лойиҳаси билан белгиланаётган жарималарнинг кескин ошиши кенг жамоатчилик, айниқса, Ўзбекистон ХДП электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларининг эътирозига сабаб бўлади. Халқимиз қонун лойиҳасида кўзда тутилган жарималарнинг кескин оширилишига тайёр эмас.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012–ХII-сонли қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 219-моддасида Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Таклиф этилаётган ўзгартишга кўра, хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланаяпти. Ваҳоланки, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробари 10 миллиондан ошиб кетади. Ўзбекистонда ҳар ким ҳам 10 миллион атрофида маош олмаслигини, аҳолининг катта қисми 1,5-2 миллион атрофидаги моянага кун кечираётган бир пайтда, жарималарнинг оширилиши мантиққа тўғри келмайди.

Бошқа томондан, қонун лойиҳаси 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш буйича “Йўл харитаси”нинг 15-банди тўртинчи хатбошисига асосан ишлаб чиқилгани айтилади. Ваҳоланки, мазкур ҳужжатнинг 15-бандида жазо чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси эмас, Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифаси белгиланган.

Юқорида баён этилганларга кўра ҳамда белгиланаётган жарима миқдорларини қайта кўриб чиқиш лозимлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон ХДП фракцияси “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

“Ўзбекистон овози”, 16.06.2021, №23

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш