Ташабусскор ёшлар эртамиз эгаларидир

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан 2008 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ёш сиёсатчи” кўрик-танлови ёш иқтидор эгаларини жамиятдаги ислоҳотларда фаол иштирок этишига замин яратмоқда.

Навбатдаги кўрик-танлов партиянинг Тошкент вилояти кенгаши ташаббуси билан, Олмалиқ, Чирчиқ шаҳарларида ҳамда Оҳангарон туманида 30 июнь Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтди. “Мен ватаним равнақига ҳисса қўшишни хоҳлайман” шиори остида ўтказилган танлов иштирокчиларнинг ёшларга доир қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида билим ва кўникмаларни янада бойитишга хизмат қилди.

Қайд этилганидек, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжат ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни янада кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Кўрик-танлов шартлари бўйича ўзаро беллашган 6 нафар иштирокчи орасида Оҳангарон туманидаги 13-умумтаълим ўрта мактабининг тарих фани ўқитувчиси Нигора Абдулаева 1-ўринни, "Баркамол авлод" болалар маркази масъул ходими Феруза Юлдашева 2-ўринни, Ёшлар ишлари агентлиги Оҳангарон туман бўлими мутахассиси Иззатилла Аҳмадхонов 3-ўринни эгаллади.

Партиянинг Олмалиқ шаҳар Кенгаши томонидан ўтказилган кўрик- танловнинг шаҳар босқичида 1-ўринни Ҳумойиддин Нормаматов, 2-ўринни Сарвиноз Турғунбоева, 3-ўринни Акмал Шайқулов эгаллади.

Беллашув ғолиблари ва иштирокчиларига махсус совғалар билан тақдирланди.

Кўрик-танлов якунида ёшлар Халқ демократик партияси фаолияти, партия дастурий мақсадлари ва фракцияда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди. Бу каби танловларнинг ўтказилиши ёшларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши ва ўз қобилиятларини намойиш этишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ташабусскор ёшлар эртамиз эгаларидир.

 

Н.Нурлибаев,

ЎзХДП Тошкент вилояти кенгаш раиси ўринбосари.

 

Теглар

Лойиҳаларимиз yoshlar-parlamenti
← Рўйхатга қайтиш