Фидойилик ва масъулият фаолиятимиз мезонига айланади

 

Муҳтарам Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи, шубҳасиз, андижонликлар ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Давлатимиз раҳбари вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларини белгилаб бериш билан бирга, амалга оширилиши кўзда тутилган йирик лойиҳалар билан жамоатчиликни таништирди.

Эътиборлиси, Президентимиз ташриф доирасида вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда халк депутатлари маҳаллий кенгашлар ва депутатлар фаолиятига алоҳида тўхталиб, бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Жумладан, маҳаллий кенгашлар мустақил бўлиши, ҳокимлар кенгашга раиси бўлмаслиги ҳакида фикр билдирдилар. Яъни, келгусида ҳокимлар халқ томонидан сайланишини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар мақсадли сарфланиши депутатлар назорати остида бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида вазирлар ва ижроия ҳокимият вакилларига халқ дарди ва ташвиши билан яшаш кераклигини, ҳар бир маҳаллага иқтисодиёт соҳаси вакилларини бириктириш орқали маҳалла фуқаролар йиғинларида тадбиркорликни ривожлантириш учун аҳолига кредитлар бериш ва ҳар бир хҳудуднинг "ўсиш нуқтаси"ни аниқлаш, шу орқали фуқароларнинг оилавий даромад топишини таъминлашга эришиш кераклиги ва бу ишга иқтисодиёт вакиллари маъсул бўлиши лозимлигини уқтириб ўтдилар. Шунингдек, вилоятдаги айрим маҳалла фуқаролар йиғинларининг рейтинг кўрсаткичида "қизил" ҳудуддан чиқариш масаласи алоҳида вазифа сифатида белгилаб берилди. Президентимизнинг хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга доир таклифлари йиғилиш иштирокчилари томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи доирасида эл-юртимиз манфаати йўлида белгилаб берган устувор вазифалар барчамизни чексиз руҳлантиргани баробарида, масъулиятимизни ҳам янада оширди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг халқ вакилларига, маҳаллий кенгашларга билдирган ишончи бизни янада фидойилик билан ишлашга, қонун ҳужжатларининг сўзсиз бажарилиши устидан самарали назорат олиб боришимизга ундагани шубҳасиз.

Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишдаги нутқида белгилаб берилган вазифалар биз партия вакиллари, депутатлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.


Отабек ҲАСАНОВ,

ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раисининг ўринбосари.

 
← Рўйхатга қайтиш