Андижон янги тараққиёт сари қадам қўяди

 

Халқимиз давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга амалий ташриф билан чиқишини интизорлик билан кутади, сабаби ташриф давомида вилоятларда йиллар давомида ечимини топмаган муаммоларга ечим топилиб, кўплаб имкониятлар эшиги очилади. Шу билан бирга, Президентимизнинг халқ билан бевосита мулоқот қилиши натижасида инсонларнинг кайфияти кўтарилиб, янги-янги ғоялар, ташаббусларини илгари суришларига имкон яратилади.

Президентимизнинг Андижон вилоятига бу йилги ташрифи давомида ҳам андижонликлар учун кўплаб янги инвестицион лойиҳаларга старт берилди. Бунинг натижасида андижонлик фуқароларимиз учун 60 мингдан зиёд иш ўрни яратилиб, ушбу лойиҳаларга 100 минг доллар йўналтирилади.

Маълумки, Андижон вилоятида аҳоли зич, ер эса чекланган. Бугунги кунда 1 кв/м майдонга 630-650 кишига тўғри келади. Бир хонадонда бир неча келинларимиз қайнона-қайноталари билан яшайди. Ташриф давомида юртбошимиз ушбу муаммога ечим топиб, Андижон туманидаги адирликларда янги Ўзбекистоннинг Янги Андижон шаҳрига тамал тоши қўйди. 4 минг гектар майдоннинг 2 минг гектарига 130 мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилади, ушбу уйларда 450 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Қолган шунча қисмида эса яшил ҳудуд барпо этилади.

Янги Андижон лойиҳаси – аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш билан бирга, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш орқали, вилоятни ривожлантириш бўйича янги драйвер бўлади. 

Жумладан, қурилиш материаллари, электротехника, мебелсозлик, тўқимачилик, полиэстер ва сунъий тола ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларда кўплаб янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имконият яратилади. Андижон ва Янги Андижон шаҳарларини боғловчи метро қуриш масаласини ўрганиб чиқиш бўйича топшириқ берилди.

Андижон вилоятдаги йўлларни таъмирлаш учун 450 млрд сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек, Андижон вилояти автомобилсозлик саноатида етарли тажрибага эга. Энди шиддат билан илгарилаётган замон билан ҳамнафас равишда, Андижонда қуриладиган заводда халқимиз учун хавфсиз электромобиллар ишлаб чиқарилади. Вилоятда металлургия заводи қурилиши лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги топшириқ эса, андижонликлар учун кутилмаган янгилик бўлди.

Андижон вилоятида кўплаб ижтимоий объектлари таъмирланади. Хусусан, 30 та мактаб таъмирланиб, 4 та оилавий поликлиника ва 9 та оилавий шифокорлик пункти ташкил этилади.

Андижон вилояти ҳам юртимиздаги бошқа вилоятлар каби ривожланишда давом этади. Бугунги кунда янги инновацион иссиқхоналар, гулхоналарни кўриб кўзингиз қувнайди. Юқоридаги ишларни амалга оширилиши эса, Андижон вилоятини янада равнақ топишига хизмат қилади.


Дилбархон Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш