Қонунларга қачон риоя этишни ўрганамиз

 

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти, Балиқчи туманида чойхона қуриш мақсадида фуқаронинг уйи бузилаётгани айтилаётган видео тарқалди. Очиғини айтиш керак, бу бировнинг уйини бузиш билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Айтиш керакки, «снос»лар бўйича энг кўп ноқонуний қарорлар, жумладан, ер егасининг розилиги олинмаслиги ҳолатлари Андижон вилоятида қабул қилинган, дея маълум қилган эди, Бош прокуратура бошқарма прокурори Абдураҳим Муҳиддинов шу йилнинг февралида. Шундай қарорлар орасида ижарачи ёки уй эгаси билан келишилмаслик, тегишли халқ депутатлари кенгашларининг қарори ёки ҳукумат қарори чиқарилмаганлиги, Адлия органларининг ижобий хулосаси олинмаганлиги, келишувлар нотариал тасдиқланмаганлик ҳолатлари ҳам кузатилган.

Ижтимоий тармоқлардаги жанжалли воқеа сабаби ҳали ноаён. Аммо бу каби шов-шувли видео лавҳалар аҳолининг норозилига, ноўрин постлар қўйилишига, одамлар тинчини бузишга олиб келмоқда. Минг афсус, ҳамон маҳаллий кенгашлар депутатлари аҳолининг бу каби муаммоларини ечишда пассивлик қилмоқда. Маҳаллий ҳокимият органларига нисбатан «сен менга, мен сенга тегма» қабилида иш тутаётгани ачинарлидир. Ички ишлар органлари ходимлари эса тўғри ёки нотўғрилигидан қатъий назар, ҳокимликларнинг қарорларини ижро этиш билан банд.

Уйлар ёки объектларни бузиш билан боғлиқ масала узоқ йиллардан бери жамоатчилик орасида қизғин муҳокама этилаяпти. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу борадаги ҳодисаларга такрор йўл қўймаслик мақсадида Ҳукуматдан муаммони назоратга олишни сўрайди. Партиямиз қонун устуворлигига эришиш йўлида энг аввало қонунларга риоя этилиши зарур, деб ҳисоблайди.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш