1 апрелдан юртимизда халқимиз саломатлиги йўлида яна бир босқич–коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Республикамиз ҳудудларда эмлаш жараёнлари қизғин кечмоқда. Аммо юртдошларимиз орасида вакцинанинг “ҳалокатли зарари”, ниқобнинг самарасиз эканлиги хусусида нотўғри, асоссиз гап-сўзлар пайдо бўлмоқда. Шифокорларимизнинг эмланишнинг фойдали томонлари ҳақида ОАВда қилган чиқишларига эътироз билдирилаётган ҳолатларга ҳам дуч келаяпмиз. Хусусан, шифокор Азизбек Болтаев мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталар экан, эмлаш тадбирлари кучайтирилмаса, яқин ойларда Ўзбекистонда биз ўтган йилнинг ёз фаслида бошдан ўтказган даҳшатли вазиятга дуч келишимиз мумкинлигини айтган. Ижтимоий тармоқлар фойдалувчилари мавжуд хавотирларини инкор этишган ҳолатлар ҳам бор.
Шифокор Ўзбекистонда коронавирус касаллигининг ўсиши қишга тўғри келишини тахмин қилганини, аммо бу айнан ёзга келиб кузатилаётганини айтади. “Сўнгги тадқиқотларга кўра, коронавирус билан оғриган кишида 7 ойгача бўлган муддатда иммунитет ҳосил бўлишини кўрсатди, шундан кейин қондаги антитана миқдори кескин камайиши ва такрорий инфекция хатари кўпайиб бориши фактини бунинг исботи ўлароқ изоҳлаш мумкин”, - деб ёзади шифокор ўзининг Телеграм каналида. Шунинг учун Азизбек Болтаев бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам аҳолини зудлик билан коронавирусдан эмлашга чақиради.
“Оқ ҳалатли” шифокорнинг фикрига нега қўшилмаслик керак. Дунёнинг ўнлаб мамлакатлари, хусусан, Ҳиндистон, Бразилия, АҚШ, Туркия ва бошқа мамлакатларнинг тажрибаси, шифокорлар тавсияларига амал қилмаслик, айшу-ишрат, базму жамшиддан тийилмаслик юз минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритмадими? Майли атрофдагиларни ўйламас эканмиз, ўзимизнинг соғлиғимизга, умримизга ҳам бефарқмиз? Коронавирус инфекциясига қарши курашиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, барқарор санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш, Covid-19’га қарши эмлаш жараёни ҳақида ОАВда муттасил ахборот бериб борилаяптику, ахир.
Бундай юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича энг самарали йўл – иммунизация тадбирлари, яъни соғлом инсонларни ушбу касалликка қарши эмлаш бирдан-бир тўғри йўл ҳисобланиишини унутмайлик. Яқинда Массачусетс Технология институти тадқиқотчилари одам йўталиши ва аксиришидан кейин аниқ нима бўлишини тасдиқлаш учун юқори тезликли камералар ва бошқа сенсорларни ишга солганлар.
Уларнинг аниқлашича, одам йўтал ё аксириқ билан нафас чиқарганда кичик ва тез ҳараката қилувчи газ булути пайдо бўлади ва бу булут турли ҳажмдаги суюқлик томчиларига эга бўлади. Бу томчиларнинг энг кичиги ўша булут ичида узоқ масофага сафар қилиши мумкин. Лаборатория шароитларида олиб борилган бу илмий иш йўтал суюқлиги 6 метргача, анча юқорироқ куч билан чиқадиган аксириқ суюқлиги эса 8 метргача отилиши мумкинлигини аниқлади. Мана нима учун юртимизда ҳам бошқа мамлакатларга ўхшаб касалликлар сони кўпайиб бормоқда.
Нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати 2021 йил охиригача мамлакат аҳолисининг асосий қисмини, биринчи навбатда хатар гуруҳига кирувчи фуқаролар – кексаларни, сурункали касалликларга эга кишиларни ҳамда аҳоли билан мунтазам алоқада бўладиган соҳа вакилларини (тиббий ходимлар, ўқитувчилар, ички ишлар органларининг ходимлари ва бошқаларни) эмлаш мақсадини қўйган. Нафақат коронавирусга қарши эмлашдан кейин, балки барча турдаги эмлашдан кейин ҳам ижтимоий масофани сақлаш, қўлни ювиб туриш, бет ва кўзга теккизмаслик, ниқобни ташламаслик ҳамда шахсий гигиенанинг бошқа қоидаларига амал қилиш лозим. Эл соғлиғи – юрт бойлиги.
Шундай экан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси юртдошларимизни эҳтиёт чораларини кўришга, жумладан, ижтимоий масофага риоя қилиш, ниқоб тақиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишга чақиради. Ўтган йилги вазиятга, яъни кучли карантин, эркин ҳаракатланишга оид чекловлар ўрнатилишига қайтмаслик ўзимизга боғлиқ.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати