“Боламнинг борлиги учун тирикман” – фарзанди учун яшаб келаётган аёл

Муҳаммадали Йўлдошев Ўрта Чирчиқ тумани «Айрон тепа» маҳалласида яшайди. У 1999 йилда ДЦП касаллиги билан дунёга келган. Табиатан очиқкўнгил, камтарин ва самимий бу йигитнинг ҳолати унинг ҳаётга бўлган қизиқиши, дўстлар орттириши ва ёқтирган машғулоти билан шуғулланишига тўсқинлик қилолмайди. “Ҳаётни севиш, ундан завқланиш, доимий янгиликка интилиш учун одамда энг аввало қалб бўлиш керак. Унинг қандай ҳолатда экани эса кейинги масала”, дейди у қатъият билан.

Ўзбекистон ХДП Нурафшон кенгаши раиси Наджие Каракаш ва Ўрта Чирчиқ тумани кенгаши раиси Феруза Бабашева боланинг холидан хабар олиш учун келганида, уни компьюетар олдида учратишди. Ҳамма замонавий ёшлар каби, Муҳаммадали ҳам ахборот технологияларидан самарали фойдланар экан. Ижтимоий тармоқлар, интернет саҳифаларини кузатиб борар экан. Юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлардан яхши хабардорлиги бизни бир ажаблантирса, партия фаоллари, депутатларни таниши яна бир хайрон қолдирди.

Мен сизни танийман, — деди у Ўрта Чирчиқ тумани кенгаши раиси Феруза Бабашевага қараб. — Сиз “Муносабат” кўрсатувида қатнашгансиз. Мен партиянгиз фаолиятини кузатиб бораман. “Фейсбук”да ва xdp.uz орқали янгиликлардан хабардор бўлиб бораман. Ҳаётдаги шиорим, ҳеч кимдан ҳеч нима кутмасдан фақат ўз кучинга ишониш. Чунки мен ҳаётга қандай қарасам, у ҳам менга шундай боқади, деб ҳисоблайман. Тўғри, бошқалар каби эмасман. Кўплаб тенгдошларим каби имкониятларим йўқ. Аммо бу улардан камман ёки ҳаёт тўхтаб қолди, дегани эмас.

Ўйлашга, ўқиб ўрганишга вақтим кўп бўлади. Айниқса, кундалик воқеаларни мунтазам билишга интиламан. Расм чизишни ёқтираман. Бекорчилик одамнинг душмани. Бекор ўтирган одамнинг ҳаёлини ҳар хил бўлмағур нарсалар кўпроқ банд қилади. Шунинг учун тенгдошларимга бекор ўтирманг ҳеч қачон, деган бўлардим. Сизда мендан кўра имконият кўп. Ҳаракат қилинг, ўзингизга ишонинг ва яратилган шароитлардан самарали фойдаланинг...

Ёш бўлишига қарамай, теран фикрга эга мақоламиз қаҳрамони гоҳ жим қолиб, гоҳ шошиб гаприди. Сўзларини ифодалашга, фикрини баён қилишга қийналса-да, чиройли гапиришга уринди. Унинг матонати онасига куч бераётган бўлса не ажаб.

Ўғлим билан ёлғиз яшаймиз, — дейди онаси. — Доимий иш жойига эга эмасман. Чунки Муҳаммадали парваришга муҳтож. Уни ёлғиз ташлаб кетолмайман. Болам учун нафақа пули оламиз. Мавсумий ишларга чиқаман. Томорқадан даромад олишга ҳаракат қиламан. Баъзида ёлғизликдан қийналиб, йиғлаган кезларимда шу болам менга юпанч бўлади. Унинг борлиги учун тириклигимни ҳис қиламан.

Шу куни партия фаоллари Муҳммадали билан дилдан суҳбатлашди. Унга ўз совға-саломларини топширди. Кўрсатилган эътибордаан хурсанд бўлган мақоламиз қаҳрамони уларга миннатдорчилигини билдирди.

Айтиш керакки, бир неча соат вақт сарфлаб, қилинган бу хайрли иш, Муҳаммадали учун катта аҳамиятга эга. Балким бу йўқлов, унинг ҳаётга бўлган қизқишини янада ошириб, янги фиркларга ундар.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш