Радарлар жарима ёзиш учун ишламаса керак

 

Халқ демократик партияси депутатлари нималарни аниқлади?

Шахсий автомашинангиз бор. Ишда, кундалик турмуш ташвишларида у яқин кўмакчингиз. Куннинг иссиғида ҳам, совуғида ҳам у жонимизга оро киради, узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилади.

Автоуловларнинг турмушимизда бори яхши, албатта. Аммо бунинг “лекин” томони ҳам йўқ эмас. Баъзида атайлаб, баъзида шошилиб қолибми, айрим ҳайдовчиларнинг тезликни ошириши кўплаб нохуш ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳар куни бу ҳақида нимадир эшитамиз, кўнглимиз хира тортади.

Таҳлилларга кўра, кўпинча ҳайдовчиларнинг тезликни белгиланган меъёрдан оширганлиги сабабли йўл транспорти ҳодисалари содир бўлмоқда. Ана шундай нохуш ва кишилар ҳаётини хавф остига қўяётган ҳолатларнинг олдини олишда махсус видеокамералар ўрнатилгани, улар ёрдамида қоидабузарликни аниқлаш тизими йўлга қўйилгани айни муддао. Қоидабузарликлар сони камайиши, автоуловлар қатновида тартиб юзага келишида бу катта аҳамиятга эга.

Лекин қоидабузарликларни қайд этишнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Радарларга тушаётган юртдошларимиз асоссиз равишда жарима тўлаётган бўлса-чи?..

 

Радарлар ўрнатилган айрим ҳудудларда қонунчиликка амал қилинмаётгани, зарур йўл белгилари ўрнатилмагани каби камчиликлар, асоссиз жарималарнинг қўлланилаётгани ҳайдовчиларнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг бир гуруҳ депутатлари ушбу масалани таҳлилий ўрганиш мақсадида жойларда назорат-таҳлил ишларини олиб бораётганидан ижтимоий тармоқлар орқали хабар топган бўлсангиз керак. Депутатларимизнинг таъкидлашича, вазият чиндан ҳам жиддий.

Фракциямиз аъзолари томонидан йўлларда белгиланган тезликка риоя этилишини радарлар, шунингдек, стационар ва кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда назорат қилинишини тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий база ўрганиб чиқилди.

 

Фирдавс Шарипов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Маълумотларга кўра, республика бўйича қоидабузарликларни аниқловчи камералар сони 2019 йилда 365 та, 2020 йилда эса 411 тани ташкил этган. Шунингдек, кузатув камералари 2018 йилда 1141 тани, 2019-2020 йилларда эса 1154 тани ташкил қилган. Демак, кўриниб турибдики, қоидабузарликларни аниқловчи камералар ва кузатув камераларининг сони йилдан-йилга ўсган.

Бундан ташқари, мавжуд онлайн режимда ишловчи фоторадарлар таҳлил қилинганда, республика бўйича 2018 йилда 57 та, 2019 йилда 111 та, 2020 йилда эса 192 та онлайн режимда ишловчи фоторадарлардан фойдаланиб келинмоқда. Ушбу кўрсаткич ҳам таҳлил қилининганда йилдан-йилга қарийб 2 бараварга ошган.

Жарималарга тўхталадиган бўлсак, 2020 йилда 1 763 691 та ҳолатда 724.6 млрд. сўмлик жарималар қўлланилган. Бу тўланган жарима миқдори 2018 йилга нисбатан 28,3 фоизга ошганини кўрсатади.

Эътибор беринг, такрор ва такрор радарга тушган ҳайдовчи жарималардан чўчиб, кейинги сафар қоидани бузмасликка ҳаракат қилади. Аммо ҳайдовчини чалғитиш мақсадида радар ва камера воситаларининг қонунга зид тарзда “пана-пастқам” жойларга ўрнатилиб, жарималар ёзилиши ҳайдовчиларни, юмшоқ айтганда, хафа қилмоқда.

Фракциямиз ҳуқуқбузарликларни радарлар орқали қайд этиш, жарималар қўллаш масалалари қонунда акс этиши, меъёрлар қатъий белгиланиши зарур, деб ҳисоблайди.

 

Шербек Бўронов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ўрганиш давомида Тошкент — Наманган (А-373) йўналишида тезликни оширмаслик бўйича 100 дан ортиқ “радар” белгилари ўрнатилган. Ўрганиш кунлари (2021 йил 18-19 май) 10 дан ортиқ стационар, кўчма ва мобил “радар”лардан фойдаланилаётгани маълум бўлди.

Тошкент — Самарқанд (М-34 ва М-39) йўналишида эса 120 дан ортиқ “радар” йўл белгилари, ўрганиш кунлари (2021 йил 20-21 май) 20 дан ортиқ “радар”лар фаолият кўрсатаётганига гувоҳ бўлдик.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори асосида белгиланган 5.43 (радар) йўл белгиси ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шарт.

Стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгиларини, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш кўзда тутилади, деб белгиланган. Аммо, амалда мазкур меъёрларга амал қилинмаяпти, дейиш учун асослар, фактлар етарли.

Яна бир масала. Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини махсус аудио ва видео қайд этиш қурилмалари билан жиҳозланган транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган экипировкада ошкора усулда амалга ошириши керак. Йўлларда хизматни яширин олиб бориш тақиқланади, дейилган.

Махсус мосламалар экипировка қилинмаган енгил автомобилларга ўрнатилган ҳолда яширин усулда хизмат ўтамоқда. Шунингдек, кўчма махсус мосламалар йўлларда яширин равишда ўрнатилган ҳолатлари кузатилди. Бу баҳсли ва аниқлаштирилиши зарур бўлган масала, деб ҳисоблаймиз.

Маълумот учун, тегишли низомнинг 30-бандида мазкур талабга риоя этилмаган ҳолда расмийлаштирилган баённомалар юридик кучга эга бўлмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди, деб мустаҳкамлаб қўйилган.

 

Шерзод Раҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ўзбекистон Республикаси Олий суди тақдим этган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ҳайдовчиларнинг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборгани учун расмийлаштирилган маъмурий қарорлардан норози бўлиб судга шикоят қилиш ҳолатлари кўпайган.

Эътиборли жиҳати, аксарият мурожаат қилганларнинг шикояти суд томонидан қаноатлантирилган. Хусусан, шу соҳа бўйича 2020 йил давомида судларда кўрилган 19134 та ишнинг 89,2 фоизи қаноатлантирилган бўлса, 5778 та иш бўйича ишни юритишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 2021 йилнинг биринчи чорагида жами 3481 та кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлардан 2 612 таси ёхуд 75 фоизида ҳайдовчилар ҳақ бўлиб чиққан.

Демак, бундан айён бўладики, йўлларда ўрнатилган фото ва видео мосламаларининг аксарияти қонунга ёки қоидаларга хилоф тарзда ишлатилаётган, натижада радарларга тушаётган минглаб, юз минглаб юртдошларимиз асоссиз равишда жарима тўлаётган бўлиши мумкин. Бу ҳолат ҳайдовчиларнинг ҳуқуқлари, даромади ва ижтимоий кайфиятига салбий таъсир кўрсатади, муаммоларнинг ортишига сабаб бўлади, деб ўйлаймиз.

Халқ демократик партияси фракцияси ноқонуний амалиётларга чек қўйиш зарур, деб ҳисоблайди. Қонунга зид равишда фуқароларни жаримага тортиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилиш республикамиз обрўсига тўғри келмайди. Юқоридаги факт ва рақамлар ҳам ҳар қандай кишини ташвишга солмай қўймайди. Бу хавотирли ҳолат, назаримизда.

Фракциямиз аъзолари томонидан ўрганилган ушбу масала, назорат-таҳлил натижалари депутатларимиз иштирокида атрофлича муҳокама этилди. Билдирилган таклифлар асосида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида масъул вазирлик ва идораларнинг эшитувини ташкил этиш белгиланди. Мунозаралар якуни бўйича қонунчиликка тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 23.06.2021, №24

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Сайлов-2019 Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш