Маблағлар мақсадли сарфланиши назоратга олинади

 

Юртимизда ободонлаштириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилаётган бунёдкорликлар натижасида энг олис, чекка ҳудудлардаги қишлоқ, овулларнинг қиёфаси тубдан ўзгарди, энг муҳими, бу ўзгаришлар аҳоли кайфиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда ва буни кўрмаслик, ҳис қилмаслик мумкин эмас.

Бу ишлар ўзи-ўзидан бўлиб қолмаётгани, кундай равшан. Бу мақсадлар учун катта миқдорда маблағлар сарфланмоқда. Бундай вазиятда айрим юртдошларимизда бюджетдан ажратилаётган маблағлар мақсадли сарфланяптими, қонунбузилишлар бўлмаяптими, деган саволлар туғилиши ҳам табиий ҳол. Баъзилар эса аниқ далил, маълумотларга эга бўлмасдан туриб, умумий тасаввурлар асосида ободонлаштириш мақсадлари учун ажратилган давлат маблағлари амалдорлар томонидан талон-тарож қилинаётгани ҳақида фикрлар билдирмоқда.

Жумладан, 21 июнь куни “facebook” ижтимоий тармоғидаги “Халқ назорати” гуруҳида блогер Эмине Караманова томонидан ижро ҳокимияти ва депутатлар фаолиятига доир танқидий видео материал жойлаштирилди. Унда Тошкент шаҳридаги 524 та маҳаллани обод қилишга ажратилаётган пул маблағлари маҳаллий ҳокимият ва бошқа мутасадди давлат органлари томонидан талон тарож қилинаётганлиги танқид қилинган.

Бундан ташқари, бугунги кунда жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси ва унинг етакчиси Хидирназар Аллоқуловнинг фаолияти юзасидан ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган турли маълумотлар халқни чалғитиш (бюджет маблағларини ўмариш) мақсадида атай ташкил этилганлиги таъкидланган ва ўнлаб ўқувчилар томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан салбий фикрлар билдирилган.

Аввало қайд этиш керак, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари учун ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши, бажарилган ишлар сифати халқ вакиллари – депутатлар томонидан доимий ўрганиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари Халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида муҳокама этиляпти. Албатта, бу борадаги ҳамма ишлар рисоладагидек, ҳалол-покиза бажариляпти, деган фикрдан йироқмиз. Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолатларга йўл қўйилаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Халқ демократик партияси бу борада назоратни янада кучайтиради ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига пойтахт маҳаллаларини ободонлаштиришга ажратилаётган пул маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан депутатлик сўрови юбориш масаласини кўриб чиқади.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 
← Рўйхатга қайтиш