Ҳокимликлар ночорлар муаммосига панжа ортидан қарамаслиги керак

 

2021 йил 18 июнь куни телеграм ижтимоий тармоғидаги “Human.uz” расмий саҳифасида Андижон вилояти Андижон шаҳрида тўшакка михланган ногирон ўғли билан “омборхона”да истиқомат қилаётган Раъно Ботированинг ачинарли қисмати акс эттирилган видео тарқалди. Видеода келтирилишича, 59 ёшли Раъно Ботирова бугунги кунда Андижон вилояти Андижон шаҳрида тўшакка михланган ногирон ўғли билан “омборхона”да истиқомат қилиб келмоқда. Аниқланишича, бир неча йил аввал моддий қийинчилик сабаб у яшаб турган уйини сотишга мажбур бўлган, ёлғиз ўғли билан ижарага чиқиб кетган. 2019 йил 16 ноябрь куни Р.Ботированинг ўғли бахтсиз ҳодиса туфайли бўйин умуртқаси синиши оқибатида қўл-оёқлари ишламай қолган. Пулини тўлолмагани сабабли ижарадаги уйни ҳам тарк этишган. “Ҳозирда омборхонада яшашга мажбур бўлмоқдамиз” – дейди Раъно Ботирова.

Р.Ботирова 2020 йил ноябрь ойида Андижон шаҳар ҳокимиятига имтиёзли уй-жой ажратилиши юзасидан мурожаат қилган. Андижон шаҳар ҳокимиятида ташкил этилган ҳудудий комиссияга имтиёзли уй-жой олиш учун керакли ҳужжатларни топширган ва комиссия томонидан унга уй ажратиш бўйича ижобий хулоса берилган. Аммо жорий йилнинг 31 май куни ҳокимият томонидан фуқарога имтиёзли уй-жой ажратилиши рад этилганлиги, пенсионерлиги сабаб имтиёзли кредит берилмаслиги маълум қилинган.

Шубҳасиз, Ўзбекистон Халқ Демократик партияси пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори турмуш кечириш учун етарли бўлмаган пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, кўп болали оилалардаги аёллар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари давлат ва жамият томонидан ҳимояга олиниши зарур деб билади. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Андижон вилоят Кенгаши ва Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ушбу масалани назоратга олган. Зеро, электоратимизнинг манфаатлари ва ҳуқуқлари партиянинг доимий эътиборида.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзанд(лар)ини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга имтиёзли кредит асосида арзон уй-жойлар ажратиш тўғрисидаги Давлат дастурига мувофиқ, маҳаллий ижроия ҳокимияти мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда фуқаро Р. Ботировага тегишли тартибда ёрдам чораларини кўрсатиши мақсадга мувофиқ. Биз Андижон вилояти ва Андижон тумани мутасаддиларини фуқарога тегишли тартибда ёрдам кўрсатилгани борасида ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали хабар беришга чорлаб қоламиз.

 

Гулнора Исмоилова,

Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати,

ЎзХДП аъзоси.

← Рўйхатга қайтиш