«Темир дафтар»ни варақлаймиз...

 

Охирги пайтларда ҳар икки гапнинг бири камбағалликни қисқартириш ҳақида бўляпти, десак муболағага йўймассиз. Ушбу масала катта-катта давраларда ҳам, ўзаро суҳбатларда ҳам тез-тез тилга олиняпти. Бу борадаги асл ҳақиқатлар неча йиллар давомида “мана, бизда камчилик йўқ” қабилидаги сохта ҳисоботлар ортига яшириниб олди. Лекин мамлакатда камбағаллик даражаси пасайиб қолдими? Асло йўқ...

“Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, деган гап бор. Анча пайт ёпиқ мавзу бўлган камбағаллик секин-аста, айниқса, пандемия даврида сув юзасига қалқиб чиқа бошлади. Карантин чекловлари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш масаласи жиддий эканини амалда кўрсатди. Камбағаллик ҳолатига тушиб қолишдан кўра, ундан чиқиб кетиш қийинроқ экани янада ойдинлашди.

 

Эсингиздадир, давлат раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимиздаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилган эди. Бу 4-5 миллион аҳоли етарли даромад манбаига эга эмаслигини, ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини билдиради.

Тўғри, камбағаллик ҳар қайси замонда ҳам бўлган, ҳар бир мамлакатда бор. Буни инкор этиб бўлмайди. Асосий масала камбағаликка қарши қандай курашилиши, давлат ва жамиятнинг саъй-ҳаракатлари бирлашиши, аниқ мақсадга йўналтирилишида. Ҳамма гап масалага тўғри ёндашишда...

Шуларни инобатга олиб, камбағалликни қисқартириш масаласи кун тартибига чиқди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги камбағалликни қисқартириш жараёнларини тартибга солиш учун махсус ташкил этилди. Халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, 2030 йилгача Камбағалликни камайтириш стратегиясини ишлаб чиқишга қарор қилинди.

Жойлардаги давлат ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда «темир дафтар»лар ташкил этилиб, эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар қўллаб-қувватланмоқда. Ҳудудларда камбағаллик даражасини қисқартириш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, аҳолини касбга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда муҳтож қатламни манзилли қўллаб-қувватлаш умуммиллий ҳаракати сифатида белгиланди.

Одамларга ёппасига кредит бериш ёки пул тарқатиш билан камбағалликни енгиб бўлмаслигини исботлашга ҳожат йўқ, албатта. Аксарият камбағал оилаларда меҳнатга лаёқатли инсонларимиз бор. Улар ишга жойлашса, бу ўз-ўзидан оилалар даромади ошишига хизмат қилади. Шу тариқа оила камбағалчиликдан чиқади. Шундан келиб чиқиб, дастлабки вазифаси кам таъминланган аҳолини ишга жойлаштириш бўлган “Темир дафтар”лар ташкил этилди.

Айни пайтда “темир дафтар”лар оилаларни камбағалликдан чиқариш ишларини режали ташкил этишда, рўйхатдагиларга қараб кейинги ишларни мувофиқлаштиришда қўл келмоқда. Ёшлар ва аёллар дафтарлари ҳам касб-ҳунар ўргатиш, бандликни таъминлашда манзилли ёндашувни кучайтиришга хизмат қиляпти. Энг муҳими, бу ишларни самарали ташкил эта олсак, тушкун кайфиятда бўлган оилалар боқимандалик руҳиятидан чиқиши, бандлик даражаси ошиши йўлида муҳим қадамлар қўйилади.

Мулоҳазаларимизни ушбу дафтарга таърифу, тавсиф бериш билан давом эттирмоқчи эмасмиз. Бу қандай дафтар эканлиги, унда қандай фуқароларнинг исми-шарифи қайд этилишини кўпчилик яхши билади. Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар, уларнинг самарасига ҳам узоқ тўхталиш мумкин, аммо мақсадимиз бу эмас...

Биз ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга назар ташлаймиз. “Темир дафтар”лар жойларда қандай тузилиб, қандай варақланяпти ўзи? Аҳолида савол ёки фикрлар борми? “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг ҳаммаси ҳам аслида, муҳтожми?

Саволларимизга яқинда Жиззах вилоятида бўлиб, шу йўналишда ўрганишлар ўтказиб қайтган депутатларимиз жавоб беришди. Чунки улар айнан ушбу масалада вилоятда назорат-таҳлил ишларини олиб боришди.

 

Ер берилди, маҳсулот етиштирилди, сотишга келганда эса...

– Фориш тумани Боғдон мағалласидаги “Темир дафтар”га киритилган ва дафтардан чиқарилган хонадонларда бўлдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Мавжуда Ҳасанова. – Тўғри, эътиборга молик ишлар кўп. Масалан, туман маданият бўлимида бир хона ажратилиб, 10 та тикув машинаси қўйилган. Сарвиноз Раҳимовага шу маҳалладаги ишсиз аёлдан 10 нафари бириктирилиб, бугунги кунда юмшоқ ўйинчоқлар тикиш билан бирга машиналар ўриндиқлари учун қопламалар ҳам тикаётганлигини кўрдик. Шу маҳалладаги “Озодлик” кўчасида истиқомат қилувчи “Темир дафтар”дан чиқарилган Гулмира Рустамова билан суҳбатлашдик. Маълум бўлишича, у боқувчисини йўқотган 3 нафар вояга етмаган фарзандлари ҳамда бир нафар касалманд қайнисинглиси билан бирга яшайди. Бу оилага бугунги кунгача коммунал тўловлари тўлаб берилган ҳамда ҳомийлар томонидан доимий озиқ-овқат маҳсулотлари бериб борилган. Лекин уни иш билан таъминлаш ва фарзандларини боғча тўловсиз жойлаштириш чоралари кўрилмаган. Мақсад – фақат озиқ-овқат тарқатиш эмас, иш билан таъминлаш-ку. Бу масалада мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик. Гулмира опага тикув машинаси ажратилди, фарзандларини боғчага жойлаштириш чоралари кўрилди. Энди у бемалол касаначи сифатида фаолиятини давом эттиради.

Ҳудудларда бўлганимизда, бир нарсага кўп гувоҳ бўлдик. Тўғри, аҳолини иш билан таъминлаш бўйича чоралар кўриляпти. Одамларга ер, тикув машинаси бериляпти. Бу яхши, албатта. Лекин кейинчи? Бу билан ўзини ўнглаб кетолмаётган фуқаролар бор. Масалан, тикув машинаси олиб берилди, дейлик. У тиккан маҳсулотини қаерга, кимга сотади? Очиғи, бу масала ҳал этилгани йўқ. Гектарлаб ер бериляпти. Хўш, етиштирилган маҳсулотни сотишчи? Ер олиб, унга не-не умидлар билан уруғ қадаган қанчаданқанча юртдошларимиз маҳсулотини сота олмай сарсон-саргардон бўлиб юрибди. Демак, занжир фойдага, даромадга келганда узилиб қоляпти. Бу шунча саъй-ҳаракат ҳавога соврилди, дегани эмасми? Мутасадди вазирликларга шу масала юзасидан парламент сўрови билан чиқмоқчимиз...

 

“Темир дафтар”га “адашиб” кирганлар ҳам бор...

— Жойлардаги кўпчилик мутасаддилар ушбу тизимнинг мазмун-моҳияти ҳақида етарлича тушунча ва тасаввурга эга эмас. Шунинг учун ижтимоий-иқтисодий ҳолати ўзаро яқин бўлган оилаларни қўллаб-қувватлашда бир оилага бир турдаги кўмак кўрсатилган бўлса, худди шундай бошқа оила бир вақтнинг ўзида бир неча турдаги кўмак билан қўллаб-қувватланган ҳолатлар кўп кузатилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Мамажонова. — “Темир дафтар”га киритилган фуқароларнинг кўпчилиги 2020 йилда пандемия авж олган вақтда киритилган бўлиб, уларнинг аксарият қисми бугунги кунда дафтардан чиқарилган. Мисол учун, Жиззах вилоятининг Фориш туманида “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилалар сони 789 тани, шундан 1-сектор ҳудудида 242 тани ташкил этади. Ҳозирги кунга қадар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг 994 нафари (92.9 фоиз) оилавий тадбиркорлик, хунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, ўзини ўзи банд қилиш соҳаларида банд. Шунингдек, Зомин туманида “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилалар сони 2726 тани, шундан 4-сектор худида 803 тани ташкил этади.

Бугунги кунга қадар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг 1265 нафари ишга жойлашган. Мурожаатларнинг маълум қисми боқимандалик кайфиятига тушиб қолган фуқароларимиздан бўлиб, улар ҳаттоки, томорқасини тартибга келтириш, ўзи учун зарур бўлган экинларни экиш билан шуғулланиш ҳақида ҳам ўйлаб қўймайди. Айрим ҳудудларда сув билан боғлиқ муаммолар борлиги сабаб, томорқадан фойдаланиш имконияти йўқ. Мисол учун, Фориш туманидаги 1-секторга қарашли “Эргаш Камолов” м.ф.й. Саховат кўчаси 22-уйда яшовчи фуқаро Арипова Раъно онкологик касал билан оғриб, “Темир дафтар”га киритилган ва унга соғлигини тиклаши учун зарурий ёрдамлар кўрсатилган. Бугунги кунда аҳволи қониқарли бўлганлиги сабабли, “Темир дафтар”дан чиқарилган. Томорқадан фойдаланиш учун сув танқислиги натижасида эккан экинлари қуриб қолишини маълум қилди.

“Темир дафтар”га киритилган барча оилалар ҳам муҳтож, деб айта олмаймиз. Чунки “гуруч курмаксиз бўлмаганидек”, маҳалла фуқаролар йиғинларида таниш-билишлик, қариндош-уруғлик ҳолатлари бор. Ҳақиқатдан ёрдамга муҳтож фуқароларимизнинг яшаш хонадонларидаги ва бунга муҳтожлиги бўлмаган хонадонларни солиштиришнинг ўзи ҳам буни аниқ кўрсатиб беради.

Афсуски, айрим фуқаролар пандемия шароитида “Темир дафтар”га киритилган бўлса, бугунги кунда улар бепул озиқ-овқатлар, моддий ёрдамлар билан мунтазам таъминлаб турилишига ўрганиб қолишган.

Мисол учун, Боғдон маҳалла фуқаролар йиғини, Саховат кўчасида яшовчи Валиева Дилбар хонадонига борганимизда тадбиркорлик билан шуғулланишини, турмуш ўртоғи онкологик касал бўлганлиги сабабли “Темир дафтар”га киритилганини маълум қилди. Аммо хонадонни кўздан кечирар эканмиз яшаш шароити яхшилигини кўриб, шу оила “Темир дафтар”га киритилишига муҳтожмикан, деган савол туғилди.

 

Муаммо бор, мурожаат кўп, асосли таклифчи?

Депутатлар билан назорат-таҳлил натижалари ҳақида анча суҳбат қурдик. Тўғриси, уларнинг ён дафтари, тўлдирилган саволномани кўриб, жойларда муаммолар оз эмаслигига амин бўлдик. Улар даста-даста қоғозлардан олинган эмас, аксинча, жойлардаги ҳақиқий, реал вазиятни кўриб, қайд этилган. Муаммо ҳам, мурожаат ҳам ҳаққоний, сохта маълумот ҳам йўқ, ёлғон гаплар ҳам. Ён дафтарига ёзилган қайдлардан кейин депутатларимиз нима дейди? Қандай таклиф билдиради?

 

Мавжуда Ҳасанова:

— Тизимнинг юриб кетиши кўп жиҳатдан мутасадди ташкилотлар раҳбар ва ходимларига боғлиқ. Бунинг учун маҳалладан тортиб ҳокимликкача шаффофлик яратилиши керак, деб ўйлайман.

Барибир хоҳлаймизми, йўқми жойларда иш юриши қуйи тизимга бориб тақалади. Демак, маҳалла раислигига яхши кадрлар қўйилиши шарт, деб ўйлайман. “Темир дафтар”га киритишда битта маҳалла раиси фикри билан эмас, балки кўпчилик, яъни маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам саралашда иштирок этиши лозим.Туманларда 4 та сектор бўлса, улардан солиқ ва ички ишлардаги фаолиятни жонлантириш керак. Чунки бу тизимда айнан ижро этувчилар (ричак) йўқ.

Шунингдек, сектор фаолиятини сектор раҳбарлари доимий назорат ва таҳлил қилиб бориши керак.Таҳлилсиз натижа бўлиши мушкул. Халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам оилалар “Темир дафтар”дан чиқишидан олдин рўйхатни олиб яна қайтадан ўрганиб, ўз фикрларини бериб бориши лозим.

Маълумки, яқинда минимал истеъмол харажатлари ҳар бир жон учун 440 минг сўм, деб белгиланди. Шу мезондан келиб чиқиб, дафтарларни қайтадан хатловдан ўтказиш мақсадга мувофиқ, менимча.

 

Дилбар Мамажонова:

— “Темир дафтар”га киритилган кўплаб фуқароларимиз ўзини ўзи банд қилиши, яъни томорқасидан фойдаланиши ва қўшимча даромад олиши учун энг аввало сув билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш даркор. “Темир дафтар” ўз номи билан темир дафтар бўлиши учун унга киритишда аниқ мезонларга таяниш, оиланинг ҳақиқий муҳтожлиги аниқланиб, сўнг киритилиши зарур. Бир марталик ёрдам пули ёки соғлиғини тиклаш учун қилган мурожаат учун “Темир дафтар”га киритиш, қанчалик ҳақиқатга тўғри келади? Бундай ёрдамларни дафтарга киритмасдан ҳам ечим топиш мумкин.

Бунинг учун Соғлиқни сақлаш тизимида ногиронлиги бўлган шахсларга, оғир касаллик билан мурожаат қилган фуқароларимизга керакли ёрдамни бериш ва уларни махсус рўйхатга олиб, доимий назоратда ушлаб туришнинг ўзи етарли бўлади.

“Темир дафтар”га киритилган оилаларга тизимли ёрдам кўрсатилиши, яъни моддий ёрдамдан тортиб, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларигача етказиб берилади. Аммо энг муҳими, оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлаб, муҳтожликдан чиқариш лозим. Фуқаро қачонки доимий даромадга эга бўлсагина, уни “Темир дафтар”дан чиқариш чораларини кўриш зарур.

Шу билан бирга, секторлардаги ҳолатни ўрганиш натижаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳоким секторида барча ишлар, назорат тўғри йўлга қўйилган, чунки ажратиладиган маҳаллий бюджет маблағларининг асосий қисми ушбу секторга йўналтирилади. Бундан келиб чиқадики, сектор раҳбарларининг ўрнини доимий равишда алмаштириб туриш керак, назаримда.

 

Маълумот учун: 10 июнь куни Тошкентда парламент ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида камбағалликни қисқартириш масаласи муҳокама қилинган эди. Унда тизимли ишлар бажарилиб келинаётгани натижасида камбағаллик бугун 12,8 фоиздан 11,4 фоизга қисқаргани маълум қилинди.

Дастурларга назар ташласак, вазифалар кўлами кенглигига, қилинажак ишлар кўплигига ва ўз навбатида уларнинг самараси ҳам зўр бўлишига қаттиқ ишонади одам. Лекин ишонч билан иш битмайди. Ҳамма гап эзгу мақсадга жиддий кўз билан қараш, ишга масъулият билан, виждонан ёндашишда. Чунки, камбағалликни қисқартиришдаги ёлғонлар фуқароларни янада қийин вазиятга тушириб қўйиши мумкин.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 23.06.2021, №24

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш