Дунёда аҳолисининг 36 миллион нафари гиёҳванд ҳисобланади

 

Бугунги кунда дунё аҳолисининг 275 миллион нафари доимий равишда гиёҳвандлик моддалари қабул қилмоқда ва бу рақам 2010 йилга нисбатан 22 фоизга ортган. БМТга кўра, улардан қарийб 36 миллион нафари наркотик моддаларга қарам бўлиб қолган.

Ташкилотнинг 2021 йил бўйича ҳисоботида таъкидланишича, ўтган йили 15 дан 64 ёшгача бўлган сайёрамиз аҳолисининг 5,5 фоизи камида бир марта гиёҳвандлик моддасини татиб кўрган. 11 млн инсон эса инъекция йўли билан наркотиклар қабул қилишга одатланиб қолган ҳамда улардан ярмидан кўпи гепатит С хасталигидан азият чекмоқда.

Яна бир афсусланарли ҳолат шундаки, коронавирус пандемияси даврида дунё мамлакатларининг аксариятида каннабис истеъмоли 40 фоизга ошган. Шунинг билан бирга, нотиббиёт фармацевтик препаратларга бўлган талаб кескин ортган. Бундан ташқари, атиги ўн йил илгари пайдо бўлган онлайн наркобозор айланмаси шиддат билан ўсиб бормоқда. Айни пайтда йиллик айланмаси камида 315 млн доллар бўлган наркобозорда охирги тўрт йилда ўсиш ҳажми тўрт марта ортгани кузатилган.

БМТнинг шу каби ташвишли рақамлар келтирилган мазкур ҳисоботи 26 июн — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни арафасида эълон қилинди.

← Рўйхатга қайтиш