Мақсадлар ижроси муаммо йўқ дегани эмас

 

“Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик” Халқаро форуми доирасида Бухоро декларацияси қабул қилинди. У барқарор ривожланиш бўйича глобал кун тартибини янада инклюзив, очиқ ва шаффоф амалга оширишни таъминлашнинг қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли йўлларини назарда тутади. Ҳужжатда ёши, жинси, ногиронлиги, ирқи, миллати, келиб чиқиши, дини ва иқтисодий ва бошқа ҳолатидан қатъи назар, барча шахсларнинг сиёсий жараёнларда иштирокини таъминлаш назарда тутилади. Шунингдек, декларацияга мувофиқ парламентлар глобал пандемиянинг иқтисодий натижаларини ҳисобга олган ҳолда асосий устувор йўналишлар ва индикаторларга эга Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга доир дастурларни (режаларни, “йўл хариталари”ни) ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва тасдиқлашга жалб этилади.

Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлар гендер тенгликка эътибор қаратган ҳолда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тарғиб қилиш чораларини кўриши, ривожланаётган мамлакатларни ташқи самарали ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун парламентлараро ҳамкорлик йўлларидан фаол фойдаланиши, 2030 йилги кун тартибига эришишда барқарор ривожланиш муаммоларини енгиб ўтиш, самарали стратегик ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун энг яхши амалиёт ва тавсиялар алмашиши кераклиги белгилаб берилди. Шунингдек, барқарор ривожланиш соҳасидаги қонунчилик сиёсатини муҳокама қилиш ва тарғиб қилишда муҳим роль ўйнайдиган парламент фракциялари ва сиёсий партиялар гуруҳларининг салоҳиятини ошириш, шунингдек, умумий ғояларни тарғиб қилиш учун парламент аъзоларининг минтақавий ва глобал тармоқлари билан мулоқотни кенгайтириш кўзда тутилган. Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёнига фуқаролик жамияти, хусусан сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар, хайрия ташкилотлари, хусусий сектор, илмий муассасалар ва бошқа барча даражадаги манфаатдор томонлар ҳам фаол жалб этилади. Бухоро декларацияси Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича бошқа йўналишларини ҳам қамраб олгани билан аҳамиятли.

Барқарор ривожланиш мақсадлари 17 та мақсаддан иборат бўлиб, мамлакатимизда уларнинг ҳар бири бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда ва натижалар ҳам салмоқли. Масалан, 1-мақсад асосида аҳолининг кам таъминланганлик даражасини па­сайтиришга жиддий киришилиб, 2015 йилда 12,8 фоиз бўлган бу кўрсаткични 2019 йилга келиб 11 фоизга туширишга эришилди. Озиқ-овқат хавфсизлигини мус­таҳкамлаш эса 2-мақсад ҳисобланади. Бу борада амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон 2020 йилда Овқатланиш рационини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш глобал индексида 6,7 балл билан 107 давлат орасида 30-ўринда қайд этилди ва очлик даражаси паст бўлган мамлакатлар ­гуруҳига киритилди. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. БРМнинг бажарилиши борасида кўплаб далиллар келтиришимиз мумкин. Бироқ бу барча мақсадга эришиб бўлдик, дегани эмас, ҳали олдимизда қилиниши зарур бўлган кўплаб вазифалар турибди. Уларни амалга оширишда ҳам халқаро ҳамкорликка, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларига таянилади. Бу борада Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган халқаро форум айни муддао бўлди. Умуман олганда, нафақат Ўзбекистон тарихида, балки жаҳон миқёсида илк маротаба ўтган форум Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади.

 

Феруза Акиева,

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати, ЎзХДП аъзоси.

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш