Бугун аксарият мактаб битирувчилари хаёлида бир хил ўйлар: “олий таълим муассасасига кира олмасам, нима қиламан?” Билими зўрлар, омади келганлар ўқишга киради. Ҳунари борлар ишга чоғланади, меҳнат қилади. Қолганлари-чи?.. Аксарият йигит-қизлар ҳаёт чорраҳасининг ўртасида қай тарафга қадам босишни билмай тўхтаб қолишади.
Бундай вақтда уларга давлатдан, жамиятдан ва атрофдагилардан ёрдам, қўллов керак. Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ЎзХДП ташкилотлари қандай лойиҳаларни амалга оширмоқда? Бугун битирувчилар тақдирига қанчалик эътибордамиз?
Шуҳрат ЖАЛАЛОВ, ЎзХДП Косонсой туман кенгаши раиси:
– Шу кунларда мактаб битирувчиларининг аксарияти олий ўқув юртларига кириш учун тайёргарлик кўраётган бўлишса, баъзилари оила бюджетига ҳисса қўшиш мақсадида бирор касбни эгаллашга интилмоқда. Эҳтиёж ҳисобга олинган ҳолда, ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари ўрганиляпти. Халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан туманда мактаб битирувчилари ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласида ўрганиш олиб борилди.
Маълумотга кўра, бугун тумандаги ёшлар сони 39548 нафарни, улардан банд бўлмаганлар 4517 нафарни ташкил этган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида улардан 2157 нафари тадбиркорлик йўналиши, 316 нафари қишлоқ хўжалиги бўйича бандлиги таъминланган бўлса, бандлик жамғармаси орқали ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 79 нафар, меҳнат ярмаркалари орқали 430 нафар ҳамда бошқа йўналишлар бўйича 17 нафар ёшлар ишга жойлаштирилган. Ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш мақсадида халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашининг махсус қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, секторлар кесимида доимий равишда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар мониторингини ўтказиш, йил давомида уларни иш билан таъминлаш чора-тадбирларини кўриб бориш вазифалари белгиланиб, қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли доимий комиссиясига юклатилди.
Ёшлар тақдирига бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ёшлар тақдири, уларни ўйлантираётган муаммолар ҳар бир раҳбар, мутасаддининг доимий эътиборидаги масалага айланиши керак. Бу борада депутатлик назоратини ўрнатиш, долзарб масалаларни туман Кенгаши сессияларига олиб чиқиш доимий эътиборимизда бўлади.
Лазиз ДАМИНОВ, ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши бўлим бошлиғи:
– Меҳнат бозоридаги ёшлар аҳволини баҳолаш зарурати ҳамма вақтларда ҳам долзарб масалалардан бири бўлган. Ёшлар кўп жиҳатдан жамиятдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга таъсир кўрсатади.
Ўтган йили Сурхондарё вилоятида 38454 нафар йигит-қиз мактабни тамомлаган. Шулардан 26300 нафардан ортиқ битирувчининг бандлиги таъминланган. 6142 нафари халқаро ва миллий олий таълим муассасаларига, 2673 нафари касб-ҳунар техникумларига қабул қилинган ва 17535 нафари эса иш билан таъминланган. Битирувчиларнинг 31 фоизининг бандлиги таъминланмаган. Жорий йилда 37621 нафар ўқувчининг мактабларни битириши кутилмоқда.
Ёшлар бандлигини таъминлаш партиямизнинг муҳим дастурий вазифаларидан жой олган. Вилоят партия ташкилоти бу борада қатор ишларни амалга оширмоқда. Меҳнат ярмаркалари, амалий лойиҳалар давомида йигит-қизларнинг бандлиги таъминланмоқда.
Хусусан, жорий йил апрель ойида ЎзХДП Шўрчи туман кенгаши ҳамда депутатлик гуруҳлари томонидан «Депутат маҳаллада» лойиҳаси бўйича маҳаллаларда ёшлар бандлиги муаммолари ҳал этилди. Ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида “Ёшлар 1+1” лойиҳаси бўйича 35 нафар ёш туман Кенгаши депутатларига бириктирилди.
Тўғри, бугун ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга кўплаб имтиёзлар берилмоқда, имкониятлар яратилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш асосида ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу ўз навбатида ўта долзарб муаммо ҳисобланган аҳоли, авваламбор, ёшлар бандлигини таъминлаш имконини бермоқда. Аммо айрим ҳолларда иш ўринларининг барқарор эмаслиги, меҳнат қилаётган ёшларнинг бироз вақт ўтиб ишдан ҳайдалиш ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Шу каби муаммоларни ҳал этиш бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтиришимиз муҳим, деб ўйлайман.
Равшан ХОМИТОВ, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари:
– Ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар, жиноятларнинг кўпчилиги уларнинг бекорчилиги, бирон иш билан машғул бўлмаганлигига бориб тақалади. Шу боис уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, меҳнат фаолиятига кенг жалб қилиш, истиқболли ғоялар ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга ҳаракат қиламиз.
Мисол учун, Миробод туманидаги “Авлоний” маҳалласида ташкил этилган тадбирда Мадинахон Жўраева ишга жойлаштириш бўйича мурожаат қилди ва “Моно” ўқув марказига ўқиш учун бепул йўлланма берилди. Курсни тамомлагандан сўнг у иш фаолиятини бошлаши мумкин бўлади. Шунингдек, мазкур тумандаги “Оқ-уй” маҳалласида “Ёшлар дафтари” тизими орқали манзилли ёрдам кўрсатилиши ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар билан яқиндан танишиш ҳамда ёшларни бизнес лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатиш ва кредит олишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Оқ-уй” сайлов округи депутати Шаҳноз Пўлатова билан учрашув ташкил қилинди.
Учтепа туман кенгаши ҳамда туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда “Ёшларга кўмак” лойиҳаси доирасида "Темир дафтар"га киритилган ёшлар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. 4 нафар ёшга қайта касбга ўқитиш учун йўлланма берилди. Март ойида ЎзХДП Сергели туман кенгаши ҳамда туман бандлик ва меҳнат муносабатлари маркази билан ҳамкорликда “кам даромадли ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитиш” мавзусида ўтказилган тадбирда ҳам 5 нафар ёш доимий ишга, 10 нафари махсус бепул ўқув курсларига жойлаштирилди. Ҳамкорлик натижасида йил бошидан буён “темир дафтар”даги 20 нафар ёшга ишга жойлашишида ҳамда 6 нафар ногиронлиги бўлган йигит-қизга бепул ўқув курсларига жойлашишга кўмаклашилди.
Албатта, бу каби лойиҳаларимиз талайгина. Аммо гап ютуқларимиз ва фақатгина партиянинг ишлари ҳақида эмас. Муҳими, ҳеч бир ёш эътибордан қолмасин. Ҳеч бир йигит-қиз ишим йўқ, даромадим йўқ, деб ўксимасин.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 23.06.2021, №24