«Ўзбекистон овози» бонг уради: Пиёзнинг аччиқ савдоси

 

ТАҲРИРИЯТДАН:

Мамлакатда томорқадан самарали фойдаланиш бўйича изчил сиёсат юритилмоқда. Аҳоли орасида ерни бўш қўймаслик, албатта экин экиш бўйича фаол тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бориляпти. Мутахассисдан тортиб, раҳбарларгача деҳқоннинг бошида туряпти. Аммо ҳосил етилиб, маҳсулот тайёр бўлганида деҳқоннинг ёнида ҳеч ким қолмаяпти. Бу йил пиёз эккан юртдошларимиз бошига яна аччиқ савдо тушди. Давлат деҳқонни қандай ҳимоя қилади? Умуман, ҳимоя механизми, қандайдир стратегия борми ўзи, деган чуқур саволлар туғилади. Сиз ўқийдиган мақола шу ҳақида...

 

Бундан уч-тўрт йил аввал Сурхондарёда пиёзнинг нархи кескин тушиб кетганди. Маҳсулотини сотолмаган юзлаб тадбиркор ва минглаб томорқа ер эгалари меҳнатига куйиб, моддий зарар кўрганди.

Бу йил ҳам худди шундай бўлди. Пиёз кўп, харидор йўқ. Ҳосил увол бўлаётганидан одамлар норози.

— Кўп йиллардан буён деҳқончилик қиламан, — дейди шўрчилик тадбиркор Жаҳонгир Умбаров. — Она замин биздан ҳеч қачон саховатини аямаган. Озми-кўпми доим манфаат кўрганмиз. Шунинг учун ўтган йили 4 гектар майдонга эртапишар пиёз эккандик. Ижара ҳақи, ер ҳайдаш, минерал ўғит, уруғ сотиб олиш ва бошқа харажатлар учун 95-100 миллион сўм маблағ сарфланди. Ҳозирги кунда 85-90 тонна ҳосил тайёр. Аммо харидор йўқ. Айрим “ишбилармонлар” 200-250 сўмдан сўраб келяпти. Ахир бу уруғ учун сарфланган пулниям қопламайди-ку. Нима қилишни билмайман. Қандай йўл тутишга ҳайронман. Баъзилар аллақачон гектар-гектар майдонни “плуг” билан ағдариб ташлади. Уч-тўрт кун кутаман, агар сотолмасам, мен ҳам ҳайдатаман.

— Уч нафар фарзандимиз бор, — дейди Денов туманининг “Буюк ипак йўли” маҳалласида истиқомат қилувчи Илҳом Ҳамроев. — Ўн сотихли томорқамизнинг қарийб 2 сотихига уй-жой қурилган. Бир қисмига мевали дарахт экилган бўлса, қарийб 7 сотих ерга қулупнай экиларди. Кам меҳнат талаб қиладиган соҳадан йилига 4-5 миллион сўм даромад олинган.

Турмуш ўртоғимнинг таклифи билан ўтган йили пиёз экдик. Куз ойларида 7 сотих ерга бир қоп аммофос (250 минг сўм) сепиб, ер ағдариш учун тракторчига 100 минг сўм пул берилди. Иккита ёлланма ишчи 100 минг сўмга томорқани текислаб, эгат олди. Ёш ниҳолларни сотиб олиш ва экишга 350 минг сўм харж қилдик. Куз-қиш мавсумида икки қоп озот сепилган бўлса, ҳосил етилгунга қадар яна 4 қоп минерал ўғит солинди. Хуллас, 1 миллион 700 минг сўм маблағ сарфлабмиз.

Мўл ҳосил етилганидан ниҳоятда хурсанд эдик. Турмуш ўртоғим фарзандимизни уйлантириш тадоригини кўра бошлаган бўлса, мен замонавий автомашина сотиб олишни ният қилдим.

Аммо эрта қувонган эканмиз. Ҳар қанча кутмайлик, харидор келмади. Поёнида 30 қопга яқин пиёз қариндошларга бепул тарқатилган бўлса, қарийб 3 тоннага яқин маҳсулот ҳовлида турибди.

— Халқимизнинг асосий қисми қишлоқ жойларида истиқомат қилади, — дейди Узун туманининг “Тожикобод” маҳалласида яшовчи Боймурод Жўраев. — Шундай экан, кўпчилик деҳқончилик билан рўзғор тебратади. Аммо бу йил деҳқонга қийин бўлди. Бозорда бир литр газли сув – 2 минг, бир кило шакар – 10 минг, бир литр ўсимлик ёғи – 18-20 минг сўм сотилаётган бир пайтда, бир кило пиёз 200 сўм баҳолангани кулгули эмасми? Ҳисоблаб кўрсам, бир қоп ун олиш учун 1 тонна пиёз сотиш керак экан.

— Пиёздан гапирманг иним, — давом этади “Гулистон” маҳалласида яшовчи Носир Бердиев. — Дардимни кимга айтишни билмайман. Ўғлим уч йил Россияда ишлади, денг. 2019 йилда уй-жой қурган бўлсак, ўтган йили “Кобальт” олгандик. Қаршилик қилишимга қарамай, уйдагилар машинани сотиб, 6 гектарга пиёз экди. Бугунгача биров “Пиёзни қанчадан сотасиз?”, деб сўраб келгани йўқ. Ярим йиллик меҳнатимиз ҳавога учгани майли, аммо қарийб 100 миллион сўмлик машинадан ҳам айрилдик...

— Бир гектарга пиёз эккандим, — дейди ўзини таништиришни истамаган табиркорлардан бири. — Сирдарёда 700 сўмдан пиёз қабул қилинаётганини эшитиб, иккита юк машинасига 40 тонна юк ортдик. Икки кун йўл юрган бўлсак, уч кундан кейин навбатимиз келди. Маҳсулот айний бошлаганини кўрган харидорнинг ҳафсаласи пир бўлди. Пандемия даврида 50 миллион сўмлик зарар камлик қилгандек, ҳайдовчиларнинг 4 миллион сўмини ҳам таниш-билишлардан қарзга олиб бердим. Энди ҳеч қачон пиёз экмайман.

— Ҳудудда 76 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди Ўзбекистон ХДП Термиз туман Кенгаши раиси Тўра Зойиров. — Юртдошларимизнинг асосий даромади, туриш-турмуши томорқа, деҳқончилик ортидан. Ўтган йили ўнлаб ишбилармон ҳамда 30-35 фоиз аҳоли томорқаларида пиёз экилганди. Ҳозир бир неча ўн минг тонна маҳсулот тайёр, аммо харидор йўқ. Электоратимиз вакиллари ҳам меҳнатига куйди, ҳам моддий зарар кўряпти.

Хўш, ҳосил увол бўлмаслиги ва халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш учун нималарга эътибор бериш керак?

Маълумки, Сурхондарёда бир йилда тўрт мартагача ҳосил олиш мумкин. Бу борада она замин халқимиздан ўз саховатини аямаган. Шундай экан, мутасаддилар аллақачон хорижлик ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашлари керак эди. Нафақат қўшни давлатлар, балки жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари билан манфаатли шартномалар тузилса, ишончим комилки, пиёз исроф бўлмасди.

Иккинчидан, қайта ишлаш борасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар оз эмас. Бундан 15-20 йил аввал Олтинсой туманида «East west Surxon» қўшма корхонаси фаолият бошлаганди. Дастлабки даврда карам, сабзи, пиёз ва бошқа маҳсулотлар «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи билан хорижга экспорт қилина бошланганди. Аммо сўнгги йилларда у ҳам ўз фаолиятини тўхтатди. Бугунги кунда воҳада пиёзни қайта ишлайдиган бирорта ҳам корхона йўқлиги ачинарли эмасми?

Учинчидан, бундан 30-35 йил аввал Сурхондарёда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Украина, Белорусь ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинарди. Бунинг учун келишилган маблағ тўланган ёки ёғоч, шифер, цемент каби қурилиш маҳсулотлари айрибошланган. Балки, шу йўналишни қайта йўлга қўйиш керакдир.

Тўртинчидан, аниқ дастур ва махсус режа билан ишламаётганимиз панд бермоқда. Масалан, жорий йилда картошка ва пиёз кўп етиштирилди. Аксинча, қулупнай, малина, сабзи, саримсоқпиёз, помидор нархи ўтган йилга нисбатан бироз қиммат. Маҳаллий мутасаддилар, секторлар раҳбарлари, депутатлар, маҳаллалар фуқаролар йиғинлари раислари аҳоли эҳтиёжи ва бозор талабидан келиб чиққан ҳолда иш юритсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бешинчидан, жойларда ҳамон маҳсулот сақлайдиган омборхоналар етишмайди. Борлари ҳам талаб даражасида эмас ёки нархи қиммат. Бу эса пиёз ёки картошкасини сотолмаган деҳқонга ташвиш туғдириши, янаям тўғрироқ айтганда, ортиқча дахмаза эмасми?

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулот турини кўпайтириш ва халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш устувор вазифадир. Шундай экан, сурхондарёликларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган масалага ечим топиш давр талаби. Аксинча, вилоят деҳқонларининг косаси ҳеч қачон оқармайди.

— Бундан 30-35 йил илгари “Пахта бойлигимиз, ғўзапоя ойлигимиз”, деб гердайиб юрардик, — дейди Шеробод туманининг “Зарабоғ” маҳалласида истиқомат қилувчи Эркин Аминов. — Аслида, қорнимиз оч, устимиз юпун бўлган. Хайрият, у кунлар ортда қолди. Бугун халқимизнинг ерга, мулкка бўлган муносабати тубдан ўзгарган. Қишги карам, кўкат, қизил лавлаги етиштирган оилалар 100-150 миллион сўм даромад қилган бўлса, лимон, апельсин, мандарин билан шуғулланаётганлар ҳам кам бўлгани йўқ. Демак, соҳа вакиллари ҳудуд шароитидан келиб чиққан ҳолда иш юритишлари ҳамда ички ва ташқи бозорни ўрганиш масаласига жиддий эътибор қаратишлари лозим.

— Ҳар бир неъматни борида асраш керак, — дейди Олтинсой туманининг “Ҳайрондара” маҳалласида истиқомат қилувчи Собир Қайнаров. — Бугун томорқаларда, далаларда, ҳовлиларда, дарахтлар соясида уюм-уюм пиёзни кўриш мумкин. Айримлар уни чорва молларига бераётганидан ўкиндим. Қир-адир, дарё ва жарликларга ағдарилаётгани ғашимни келтирди.

 — Пиёз бугуннинг долзарб мавзусига айланган, — дейди Сариосиё туманининг “Меҳр-шафқат” маҳалласида яшовчи Мирзомурод Назаров. — Кимдир 10 гектар майдондаги маҳсулоти сотилмаганидан гапирса, бошқа биров 150 миллион сўм зарар кўрганидан куюнади. Яна бир суҳбатдошимиз эса боқиндаги 10 та новвосдан айрилганидан афсусда...

— Аждодларимиз эрамиздан аввалги 5-минг йилликдаёқ пиёздан фойдалана бошлаган, — дейди Музработ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, ЎзХДП фаоли Абдурашид Ғаниев. — Унда магний, калий, V6 витаминининг 10 фоизи, S витаминининг 20 фоизи ва бошқа талай фойдали элементлар мавжуд. Пиёз ўнга яқин хасталиклардан ҳимоя қилиш билан бир қаторда, тиш ва суяклар мустаҳкамлигини таъминлайди. Овқат ҳазм қилишда тенгсиз. Қондаги қанд миқдорини меъёрда сақлаб, иштаҳани очади. Ортиқча вазндан халос бўлишда ёрдам беради. Танадаги ортиқча холестериндан қутулиш учун 8 ҳафта пиёз билан парҳез қилиш тавсия қилинади. Помидор ва пиёз қайнатмаси эса саратон ҳамда юрак хасталикларининг олдини олади.

— Воҳанинг экспорт салоҳияти тобора яхшиланмоқда, — дейди халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Бахтиёр Аҳроров. — Бундан уч-тўрт йил аввал саноқли давлатлар билан ҳамкорлик қилинган бўлса, қисқа даврда Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия, Украина, Эстония, Сингапур каби 30 га яқин мамлакат билан ҳар томонлама мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Ўтган 2020 йилда хорижга 250 дан ортиқ корхона томонидан қарийб 300 турдаги маҳсулот экспорт қилинган бўлса, унинг асосий қисмини мева-сабзавот маҳсулотлари ташкил қилган. Бу қувонарли, албатта.

Аммо ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Жумладан, баҳорги картошка ва пиёзни ўз вақтида сотиш ҳамон оғриқли нуқталаримиздан бири бўлиб қолмоқда. Бунинг учун хорижлик ишбилармонларни жалб қилиш, қайта ишлашни йўлга қўйиш, қишлоқ жойларида кичик ишлаб чиқариш ускуналарини ўрнатиш керак, деб ўйлайман. Шундагина кўзланган мақсадга эришилади деҳқоннинг кўнгли синмайди, ҳафсаласи пир бўлмайди.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 23.06.2021, №24

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш