Шу ҳафта охирида муҳим байрам — Матбуот ва ОАВ ходимлари куни байрамини нишонлаймиз. Шу байрамда матбуот фидойиларини эслаб, уларнинг сабри, қаноати ва матонатидан ибрат олишни бурчимиз, деб биламиз. «Ўзбекистон овози»га 19 йил раҳбарлик қилган устозимиз Сафар Остонов ўргангулик, ўрнак олгулик инсонлардан эди.
Инсонлар бор, ёди абадий: хотирласанг, арзигулик меҳнати, қадрлашга муносиб хизматлари бор. Айниқса, уларнинг зулматни ёритган чақмоқдай порлоқ ҳаёт йўли дўстлари, шогирдлари, фарзандлари, авлодлари учун матонат ва ибрат мактаби, ёрқин из бўлиб қолади.
Устоз яшаб ўтган уйга қадам босар эканмиз, беихтиёр шу ўй хаёлимиздан ўтди. Бизни 52 йил давомида Сафар Остоновга ҳамнафас, елкадош бўлган, турмушнинг оғир юкини баробар кўтаришган аёл Жамила Остонова кутиб олди. Дуои фотиҳадан сўнг ая билан устознинг сўнгги кунлари, фарзандлари, набиралари билан муносабатлари ҳамда ўгитлари ҳақида суҳбатлашдик.
Жамила Остонова, умр йўлдоши:
– Анча вақт мазаси бўлмай юрди. Овқатга иштаҳаси йўқолди, кўп чарчайдиган бўлдилар. Лекин шунда ҳам ишлайвердилар. Эрталаб кетиб, кечки 10-11 ларда келардилар уйга. Тўртинчи қаватга зўрғагина кўтариларди. Уйга кириб анча вақт нафас ростларди. Даволанинг, деб кўп айтдим. Санаторийга боринг, дам олинг, дердим. Бизга соғлиғингиз керак, дадаси, дея такрорлашдан чарчамасдим. Йўқ, касал пайтларида ҳам ишни, газетани ўйладилар. Бироз муддат даволаниб келганларида ҳам ишга боравердилар. Китоб ёзишим керак, мақола ёзаман, деб ташвишланардилар. Кунларини ўқиш-изланиш билан ўтказдилар. Нима ҳам дейман, у киши бутун умрини, кучини, меҳрини ишга бағишлаган инсон эди.
Фарзандларига, невараларига меҳрибон эди. Уларнинг тарбиясига, ўқишига эътибор қаратарди. Бўш пайтларида болаларининг ўқишлари, орзу-мақсадлари билан қизиқарди, улар билан турли масалаларда суҳбатлашарди, баҳслашарди. Талабчан, кези келганда, қаттиққўл ҳам эдилар. Уларни ҳар бир масалада қўллаб-қувватларди. Ҳар бирига маслаҳат берарди, тўғри йўл кўрсатарди. Кўп ўқигин, илмли, билимли бўл, изланишдан тўхтама, деб уқтирарди уларга. Набираларини жуда яхши кўрарди. Ютуқларидан қувонарди, хурсандчиликларига шерик бўларди.
Сафар ака билан 52 йил бирга яшадик. Ҳаётимиз давомида турли қийинчиликлар, синовли кунлар бўлди. Бир-биримизга далда бўлдик, мен уларни, улар мени қўлладилар. Уч фарзандни тарбия қилдик. Битта нонни сувга ботириб еган пайтларимиз бўлган. 12 йил ижарада яшадик. Ўша пайтда ҳам эрталаб ишга кетардилар, ишдан сўнг кечки ўқишга борардилар. Мен болаларга қарардим. Улар бизни моддий таъминлаш, рўзғорни бут қилиш учун ҳам тинмай ишлардилар. Болаларим катта бўлгандан сўнг мен ҳам ишга кирдим. 25 йил тарбиячи бўлиб ишладим. Фарзандларим отаси билан фахрланишади, ғурурланишади. Меҳнатларини қадрлашади. Ҳаммасини олий маълумотли қилдик. Ҳаётда, жамиятда ўз ўринларини топишди.
Дастурхон атрофида, ҳар бир суҳбатимизда уларни эслаяпмиз. Ҳозиргача кеч кириши билан турмуш ўртоғимни кутишни бошлайман. Худди эшикни очиб, кириб келадигандек кўз тикаман. Ухлаб қолсам ҳам келиб қолдиларми, деб уйғониб кетаман. 48 йил ҳалол меҳнат қилди. Фарзандлари олдидаги бурчини ортиғи билан бажарди. Ҳаммамиз унинг ёди билан яшаймиз, хотирасини қалбимизда асраймиз.
Мадина Маҳкамова, суюкли набираси:
– Болалик, ёшлик хотиралари додам билан чамбарчас боғлиқ. Додам ҳам, бувим ҳам бутун умр ҳалол меҳнат қилиб ўтишди, мен уларнинг қўлида ўсдим. Додам мени яхши ўқишимни, кўп ўрганишимни хоҳлардилар. Инглиз тили курсларига, спорт машғулотларига ўзлари олиб борардилар. Ишга кетаётганларида мени дарсга ташлаб ўтардилар. Ўқишимни доим кузатиб борардилар. Синф раҳбарларим билан ҳам тез-тез боғланиб турарди. Мақтов ёрлиқлари, мукофот олсам, мендан ҳам кўпроқ қувонардилар. Бошқа набираларига ҳам шундай эътиборда бўлган. Яна бир набираси Амир Остонов «Пахтакор» футбол клубининг ёшлар жамоасида ўйнайди. Синглим Фарангиз Бакаева 2019 йил таэквандо бўйича шаҳар биринчилигини олган. Ҳаммамизга албатта китоб совға қилардилар. Катта қизим Паризодани тўгаракларга, ўқув курсларига олиб борардилар. Мактабнинг 1-синфини аъло баҳолар билан битирганида жуда севинганди. Ҳар биримизнинг ютуқларимиз, умуман, ҳаётимизда у кишининг ўрни юксак. Ўгитлари, насиҳатлари доимо биз билан бирга.
Устознинг ўзи каби камтаргина уйида сокинлик ҳукмрон... Жамила аянинг маҳзунлиги кичкинагина чевараларининг ҳам нигоҳига кўчган. Уй ичида катталардек босиқлик билан астагина юришибди. Боболари силаган юзчаларига ғамгинлик соя солган. Оиланинг каттаю-кичигига суянч ва қўрғон бўлган ота, устоз руҳи ҳамиша барҳаёт, унинг хотираси ҳар биримизнинг қалбимизда мангу яшайди.
ХИЗМАТ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРАЁТИБ…
…Ўн кунча аввал соғлиғини билиш учун телефонда боғланаман.
“Касалхонадаман. Энди анча тузукман. Лекин асорати ёмон бўларкан...”.
“Асорат” деяётгани овозидан сезилиб турарди...
Ҳол-аҳвол сўрашиш узоққа чўзилмайди.
“Янги лойиҳа бошладик, Рўзимбой. Хизмат вазифасини бажараётиб, ҳалок бўлган ички ишлар ходимлари ҳақида ўқишли, таъсирчан очерк, хотира-эссе жанрида ҳар вилоятдан бир нафар қаҳрамон тўғрисида ёзиш керак. Хоразмдан ёзасан...”
Бу ёғи кетди!..
* * *
Салкам қирқ йиллик журналистлик фаолиятимда кам эмас, 8 нафар бош муҳаррир билан турли вақтли нашрларда ишлабман. Айримлари фақат топшириқ бергани эсимда: “Фалон нарса ёз!”
33 йилки, акадўстим, устозим бўлмиш бу инсон эса ёзилажак мақола мавзуси, нималарга эътибор қаратиш керак, қайси жиҳатлари қамраб олинади... қисқаси, бўлажак мақоланинг бошламасию хотимасигача фикр айтарди. Ҳатто сарлавҳа ҳам топиб берарди.
Бошқа бундай бош муҳаррирни учратмадим.
* * *
...Мен террорчиларга қарши кураш жараёнида ҳалок бўлган тоғамнинг куёви ҳақида ёзажагимни, қаҳрамон менга яқинлиги, уни яхши билишимни айтаман.
Ниятим — гапни қисқароқ қилиш, тўшакда ётган беморни уринтирмаслик.
Қайда?
Телефондаги суҳбатимиз ярим соатча чўзилади. Ҳали ёзилмаган мақола деярли шаклланади.
Ўзимча маслаҳат бераман: “Ўзингизга қаранг, соғлиқни ўйланг, икки-уч кун ичида ёзиб, жўнатаман”.
“Почтага ташлаб қўй, менга болалар обкелади...”
* * *
Устоз топшириғи, яна бемор бандани уринтирмаслик учун барча ишларимни йиғиштириб, икки кунда 10 варақлик хотира-эссени қоралайман.
Яна телефонда боғланамиз.
“Соғлиғингиз яхшими?”
“Яхши. Мақола нима бўлди? Суратларини топдингми?”
“Топдим, топдим, Лазизага юбордим...”.
“Унда бундай қиламиз...”
Овозлари зўрға чиқаётганди. Озорланишларини истамай, баҳона топаман:
“Мен йўлда эдим, сал кейинроқ телефон қилсамчи”
“Яхши. Болалари билан гаплашдингми?”
“Гаплашдим, гаплашдим...”
* * *
5 июнь – шанба. Ўзи телефон қилиб қолди:
“Мақолангни ўқидим, сал-пал тузатдим. Якуни бўшроқ чиқибди. Фарзанди ҳам ота касбини давом эттираётган экан, бу яхши. Боласи билан боғлиқ бирор таъсирчан воқеа келтириб, мақолани якунлаш керак. Ўқиган одамнинг кўзидан ёш чиқсин-да!”
“Яхши. Бирор нарса ўйлайман. Сиз ўзингизга қаранг, уринманг, хайр!”
...Йўқ, хайрлашгиси келмайди, гурунгимиз яна йигирма минутча чўзилади...
* * *
Устоз бермиш ғоя остида “таъсирчан якун”ни қўшиб, тузатилган нусхани яна таҳририятга жўнатаман ва унга тайинлайман:
“Овозлари зўрға чиқаяпти. Устозни уринтирмаслик керакми... Ҳамма айтганларини қўшдим. Ўзлари таҳрир қилган нусха билан солиштириб, тузатинглар”.
* * *
Ярим соатлардан кейин яна қўнғироқ.
“Ўқидим. Буниси маъқул. Душанба куни газета “вёрстка”(саҳифалаш-таҳр.) бўлади. Ҳали яна қўлимда тўртта мақола турибди, уларни ҳам ўқиб, таҳрир қилишим керак. Кейин... туркум мақолаларни тўплаб, алоҳида китоб қиламиз. Пўлат Бобожонов (Ички ишлар вазири-таҳр.)“кириш сўзи” ёзиб берадилар. Гаплашганман. Мустақилликнинг ўттиз йиллиги арафасида чиқарамиз...”
Бу мулоқотимиз ҳам менга боғлиқ бўлмаган ҳолатда анча чўзилади.
* * *
9 июнь, чоршанба...
Тошкентга келувдим. Мақолам “Ўзбекистон овози” газетасида чоп қилинганидан хабар топаман – икки ҳамкасбим телефонда уни ўқигани, яхши ёзилганини айтади.
Тушдан кейин ўттиз йиллик қадрдон дўстим Норқобил Жалилнинг ишхонасига ўтаман. Қарасам, унинг столи устида менинг мақолам босилган газета, менга узатаётиб, қўшиб қўяди:
“Икки ойдан ошди касалхонага тушиб қолганига. Уйидайди бир муддат. Яна мазаси қочиб қолди. Шу аҳволда тағин газетада босилаётган мақолаларниям ўзи ўқиб, таҳрир қилиб ётибди. Неча марта айтдим, сизга соғлиқ керакмасми, деб. Одам боласи касбига бу қадар берилиши...”
...Орадан уч соат вақт ўтди. Бир маҳал Норқобил қўнғироқ қилиб, нохуш хабарни етказади. Овозидаги оғир хўрсиниқ, лабларини беихтиёр тишлагани ва айтмиш гапи миямга муҳрланиб қолади:
“Ўзбек матбуотининг сўнгги могиканларидан бири бизни ташлаб кетди, жўражон!”
* * *
Охират ОСТОНаси сари бошлаган САФАРингиз хайрли бўлсин, муҳтарам устоз!
Рўзимбой ҲАСАН,
журналист.
“Ўзбекистон овози”, 23.06.2021, №24