“Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун кенг имкониятлар яратади

 

Бугунги кунда ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал этишда янгича ёндашувлар, халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда нодавлат ижтимоий ҳимоя сиёсати, яъни ижтимоий тадбиркорликни жорий этиш ва ривожлантириш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боисдан, соҳанинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида кун тартибидаги бир қатор масалалар қаторида мазкур қонун лойиҳаси ҳам депутатлар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Фракция аъзолари томонидан муҳокама қилинган мазкур қонун лойиҳасида ижтимоий тадбиркорликнинг асосий принциплари, фаолиятининг асосий йўналишлари, фаолият турлари, ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари каби тушунчалар ўрин олган.

Депутатлар таъкидлаганидек, “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, нафақат ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг яшаш, турмуш шароитлари яхшиланишига, балки уларнинг бандлигини таъминлаш, даромадини кўпайтириш учун ҳам кенг имкониятлар яратади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда маъқулланди.

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда фарзандликка олиш истагини билдирган 4 мингдан ортиқ фуқаро мавжуд. Шунинг билан бирга, фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка берилаётганларга нисбатан анча юқорилигича қолмоқда. Бундан ташқари, қонунчиликда фарзандликка олиш тартиб-таомиллари билан боғлиқ бўшлиқлар кузатилмоқда. Оқибатда ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олиш, шу жумладан, бола савдоси каби ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, 2017–2020 йилларда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жами 185 та жиноят аниқланган ва ушбу жиноятлар ишлари доирасида 286 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, мазкур масала ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Шу боисдан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 176-бандида фарзандликка олиш амалиётини ўрганиш ва бу бўйича ҳуқуқий асосларни қайта кўриб чиқиш белгиланди. Унга кўра, «Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Таъкидландики, қонун лойиҳасида Оила кодексининг фарзандликка олиши мумкин бўлган шахслар (152-моддаси) рўйхатида муқаддам қасддан жиноят содир этган шахслар томонидан фарзандликка олинишига тақиқ ўрнига қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги даражасига қараб шахсга фарзандликка олишни тақиқлаш қоидаси жорий этилмоқда (268 та жиноят туридан 165 таси бўйича тақиқ киритилмоқда
ёки 62 %).

Бундан ташқари, оғир (5 йилдан 10 йилгача) ва ўта оғир (10 йилдан ортиқ) турдаги жиноятларни содир этган, шунингдек, фарзандликка олиш вақтидан олдин 1 йил давомида доимий даромадга эга бўлмаган ёки ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлган даромад оладиган фуқароларга фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахсларга фарзандликка олиш тақиқланмоқда.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши бола ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши тўлақонли таъминланади ва болаларни қонунга зид равишда фарзандликка олиш, айниқса бола савдоси ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашади.

Фракция йиғилишида «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги каби қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Йиғилишда фракция аъзолари кун тартибига киритилган қонун лойиҳаларини партия позицияси ва электорат манфаатлари юзасидан кўриб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш