Узумзорлик аёлларнинг муаммолари депутат назоратига олинди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят ва Кармана туман кенгашлари ташаббуси билан “Малик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Узумзор қўрғонида «Аёлларга кўмак» лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.

Тадбир доирасида партия ходимлари ва туман ташкилотлари мутасаддилари хонадонма-хонадон юриб, фуқаролар билан суҳбатда бўлдилар, уларни қийнаётган муаммо ва масалаларни ўргандилар. 510 нафар аҳоли истиқомат қиладиган узумзорликларнинг 269 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Улардан 25 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган.

– Оилада уч киши эдик, яқинда набирали бўлдик, – дейди маҳалла аёлларидан бири Гулмеҳра Шодиева. – Рўзғорни тебратишга жуда қийналиб қолдик. Чунки оиламиздан ҳеч ким ишламайди. Ўғлим “Ёшлар дафтари”га киритилгани учун 3 ойлик ўқув курсида ўқияпти. Иш билан таъминланса, мушкулимиз осон бўларди. Томорқа қилиб кун кўрайлик десак, сув йўқ. Бир неча марта сув чиқариб беришлари бўйича мурожаат қилганмиз, лекин натижа бўлмаяпти. Маҳалламизда сув чиқариш иншооти қурилса, кўплаб оилаларнинг муаммолари ҳал бўларди.

Гулбиби Ражабова ҳам ўзларини қийнаётган муаммоларини баён этди:

– Беш нафар набирам ва икки нафар келиним билан шу хонадонда истиқомат қиляпмиз, – дейди Г. Ражабова. – Қарзларимиз кўпайиб кетди. Ўғилларим Россияга ишлаш учун кетишган. “Агробанк”нинг туман филиалидан олинган 15 миллион сўм кредит эвазига 500 туп дарахт кўчати олдим. Банкни талабига кўра, таъминотчи сув қурилмасини қуриб бериши лозим эди. Лекин таъминотчи ишни орқага ташлашдан бошқа ишга ярамайди. Қурилма неча марта ишдан чиқди, ўз ҳисобимдан таъмирлатиб, ишлатиб беришларини талаб қилдим. Кўчатлар қуриб кетяпти. Меҳнатимга, пулимга ачинаман. Шу масалага ечим топиш мақсадида 18 ойдан буён югуриб-еламан. Лекин фойда бўлмаяпти. Ушбу масалада судга ариза берганман. Ишим ҳали бир ёқли бўлгани йўқ.

Аҳоли билан бўлган мулоқотда Узумзор қўрғонида мавжуд бўлган бошқа бир қатор муаммолар ҳам кўтарилди. Уларнинг барчаси назоратга олиниб, мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови жўнатилди.

Шунингдек, 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ҳудуддаги уйда таълим олаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

 

Хуршида Нарзиева,

ЎзХДП Навоий вилоят сектор мудири.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш